Баркамол авлодни тарбиялашда интернетнинг ўрни
Инсоният янги тамаддунга қадам қўйганини ҳар нафасда ҳис қилмоқдамиз. Бутун дунёда қадриятлар алмашиши, интеграциялашув, глобаллашув, агар таъбир жоиз бўлса, маданиятлар аралашуви, синтезлашуви жараёни кечаётган ҳозирги пайтда ўзга урф-одатларга, маънавий тамойилларга мойил бўлиши табиий ҳол. Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш ниҳоятда замонавий қиёфага кирди. Интернет тармоғининг жадал ривожланиши жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Одамлар иш кунини интернетдан бошлаб, у билан тугатадиган бўлиб қолди.
Кўплаб тадқиқотчилар истилоҳларида кишилар онгини программалаштириш, ахборот экспансияси, маданий гегемонлик, маданий империализм каби иборалар қўлланмоқда. Ушбу жараён нафақат катталарга, ҳатто болалар психологиясига ҳам таъсир қилади. Фарзандларимиз жажжи маънавий дунёсини эгаллаш борасида турли ахборот расталаридан ташқари яна мафкуравий бозорларда ҳам “савдо” кетмоқда. Болалар онгу шуурини эгаллаш қуролларидан бири компьютердаги интернет тармоғи ҳисобланиб, у бошқа воситаларга қараганда етакчилик қилмоқда. Бугун компьютер технологиялари ҳаётимизда мустаҳкам ўринга эга, компьютер саводхонлиги кўрсаткичи эса кўп ҳолларда инсоннинг юқори савиясини белгилаб берадиган омилга айланиб бормоқда. Эндиликда компьютерда ишлашни билмайдиган ходимни яхши мутахассис дейиш қийин. Агар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлган бўлса, ҳозирги пайтда эса компьютер ва интернет аввалги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди. Замонамиз ёшларининг 70 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганда спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компьютер технологиялари, интернетга бўлган қизиқишини биринчи ўринда тилга олади.
Масалан, 50 миллионлик аудиторияга эришиб оммалашиш учун радиога 38 йил, телевиденияга 13 йил, кабел телевиденияга 10 йил керак бўлган бўлса, бу босқични интернет 5 йил ичида босиб ўтди . “Nielsen Net Ratings” компанияси ўтказган сўнгги илмий текширув натижаларига кўра , бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошмоқда: биргина 2007 йили Европада ёш авлод вакилларининг учдан бир қисми онлайн тизимидан фойдалангани кузатилган. 2008 йили дунё ахборот тармоғидан 10 миллион бола фойдаланган бўлса, ҳозирда уларнинг сони аллақачон 13 миллиондан ошиб кетди.
Бу кўрсаткич кундан кунга кўпаймоқда.
Ўзбекистон халқаро глобал интернет тармоғига 1996 йил уланди ва мамлакатда 2008 йилга келиб интернетдан фойдаланувчилар сони 1 миллион 904 минг кишини ташкил этган бўлса , 2011 йилга келиб интернетдан фойдаланувчилар сони 5 миллиондан ортиқ абонентни ташкил қилди. 2013 йил республикада интернетдан фойланувчиларнинг сони сал кам 10 миллионга етди ва буларнинг асосини ёшлар ташкил этади.
Бугунги кунда виртуал таҳдид ниҳоятда оммалашиб бормоқда. Ўтказилган тадқиқотлар натижаларидан маълум бўлдики, ҳозирда мактаб ёшидаги болалар интернетдан тобора эрта фойдаланишга киришмоқда. Масалан, бошланғич синф ўқувчилари бемалол мактаб ён-атрофидаги кафе ёки клубга кириб, интернетдан фойдаланиши мумкин. Шу боис улар уйда ҳам интернетга уланиш имкони бўлишини хоҳлаши табиий. Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан «фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий, таҳлилий фикрлаш ва шу асосда маълумотларни фарқлаш, уларни ажрата билиш, бошқача айтганда, «филтрлай» олиш қобилиятига эга эмас. Шу сабабли интернетдан ёлғиз қолганда ҳам фойдаланиш эҳтимоли бўлган болани қаттиқ назорат остига олиш керак, унга ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни интернет орқали танишган одамларга айтмасликни ўргатиш зарур. Сўнгги пайтларда интернет орқали таҳдид этиш ёки илмий айтадиган бўлсак, грифинг ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар қатлами, хусусан, ўсмирлар ҳисобланади.
Интернетда грифингдан ташқари ўсмир ёшлар учун яна бир қанча хавфлар ҳам бор. Яъни болалар ва интернет муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бир пайтда, экстремистик характердаги секта ва уюшмалар сайтларининг фойдаланишга очиқлиги, виртуал фирибгарликка кенг йўл қўйилганини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Болаларнинг қизиқувчан табиати уларни юқорида тилга олинган турдаги сайтларга етаклаши, бу веб-саҳифаларда уларнинг руҳий ёки жисмоний соғлигига ҳавф солувчи маълумотларни кўришига олиб келиши табиий. Электрон почта манзиллари орқали олинган хабарлар кучли руҳий таъсир ўтказиб, болаларни интернет доирасида ва ундан ташқарида ҳам жиноятга ундаши ҳеч гап эмас.
Ҳозирда интернетда мавжуд салбий ва зарарли сайтлар, яъни ўз-ўзини ўлдириш – худкушликнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи сайтлар қарийб 10 мингга яқинлашганлиги, шундан зиёд террорчилик ва экстремистик сайтлар, бир қанча тарбияга зид сайтлар кўпайганлигини кўришимиз мумкин.
Бугун мафкуравий хуружлар глобал интернет ва ОАВ орқали турли кўриниши ва йўналишларида намоён бўлмоқда. АҚШнинг собиқ Президенти Ж.Картер: “Тарғиботлар сарфланган 1 доллор қуролланишга сарфланган 10 доллордан самаралироқ”, – деб бежиз таъкидламаган. Ахборот урушида инсон онги, миллат руҳияти нишонга айланади. Бу урушда бинолар зарар кўрмасада одамлар ўлдирилмасада, моддий бўйликларга шикаст етмасада, унинг мафкуравий, маънавий, руҳий зарари беқиёсдир.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов сўзи билан айтганда, “агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шу аччиқ ҳақиқатни юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар қайси ота-она, энг муҳими, ҳар қайси йигит-қиз чуқур англаб олишини истардим”.
Кучли мафкуравий таъсир воситаларига айланган интернет тизими бугун кўпгина ёшларни ўз домига тортмоқда. Глобал тармоқ афзалликларини инкор этмаган ҳолда, унинг ёшлар маънавиятига мафкуравий таъсири, хавф-хатарлари тўғрисида ҳам сўз юритишга тўғри келади. Маълумотларга кўра, бугунги ёшларнинг 90 фоизи асосий ахборот манбаи сифатида интернетга мурожаат қилишади.
Интернетнинг қуйидаги салбий таъсирларини ажратиб кўрсатиш мумкин:
ёт, бузғунчи ғояларнинг кириб келиши (диний экстремизм, миллатчилик, ирқчилик мисолида);
ғарб яшаш тарзига хос, лекин ўзбек минталитетига зид ғоялар, қарашларнинг ёшларга таъсири (кийиниш, чекиш, татуировкалар ва хоказо);
порнографик ахборотлар ва текширилмаган ахборотлар (фитна, уйдирма, бўҳтонлар)нинг тарқалаётганлиги вояга етаётган ёш авлоднинг тарбиясига, хулқ-одобига зарар етказиши табиий.
Кўз ўнгимизда фарзандларимиз кутубхонага эмас, балки, интернет кафеларга бормоқдалар, бир четда чанг босиб ётган мумтоз куй-қўшиқлар ёзилган граммапластинкани эмас, кичкина уяли алоқа телефонидан махсус мослама орқали замонавий эстрада ва яллаларни тингламоқда. Уяли алоқа компанияларининг арзон бонуслари сабабли эндиликда ўсмирлар қўл телефонлари орқали интернет сайтларига кирмоқдалар. Бугун нафақат кичкина фарзандларимизнинг, балки ўсмирларнинг ҳам тарбия жараёни мураккаб бир ҳолатдадир. Интернет сайтларидаги маҳсулотларни танқид қилиш осон. Уларга муқобил миллий, болалар ва ўсмирларга мос, уларнинг қизиқиш оламларига хос маҳсулотларни биз ҳам ишлаб чиқарсак бўлади. Бугун агар фарзандингиз китоб ўқимаса, расмли китоб келтирсангиз ва тушунтирсангизки, шу расмдаги воқеани китобга ёзган, десангиз, у албатта ўқийди. Худди шу нарсани компьютер оламига кўчирсангиз, у шубҳасиз бошқа чалғитувчи сайтларга кирмайди. Чунки, одатда бирор нимани тақиқлашдан аввал унга муқобил бошқа яхши нарса таклиф қилинади.
Марҳум Президентимиз сўзлари билан айтганда, “Бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргохдарида, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Нега деганда, биз юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифасини ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз”.
Ёшларнинг келажакдаги тақдири ва истиқболи ҳақида ўйлар эканмиз, интернетнинг моҳияти унинг тараққиёти, инсоният хаётига таъсир ўтказиш омилларини, ахборот хавфсизлиги муаммоларини чуқурроқ ўрганишни, нохолис ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришни тақазо этади. Бу ўринда ёшлар маънавиятига интернетнинг мафкуравий таъсирини камайтириш учун қуйидаги амалий таклифларни бериш ўринли:
Ёшларни зарарли ахборот оқимларидан ҳимоялаш учун, улар онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш лозим;
Ёшларда ахборот истеъмоли маданиятини шаллантириш ва интернет тармоғида маънавий-маърифий, мафкуравий тарғиботни кучайтириш зарур;
Ёшлар назоратини амалга ошириш учун оила, таълим муассасалари ва маҳалла ҳамкорлигини янада кенг йўлга қўйиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда ёшларнинг истак ва хоҳишларини инобатга олиш, унда ҳар қандай зўрлик ва мажбурловлардан воз кечиш, ёшларнинг асосий қизиқиши ва фаолият доирасини ташкил этаётган турли хил соҳаларни тарбия жараёнида тўлиқ қамраб олиш. Бунда, ахборотли технологиялар (оммавий ахборот воситалари – газета, журнал, радио, телевидения ва интернет) хизматидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирадиган интернет сайтлари, мултимедиа ва роликларни кўпайтириш. Ёшлар онгига ижобий таъсир этувчи мусиқа ва кино санъатининг тарбиявий имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим.
ХХ асрнинг охири ва асримиз бошига келиб ҳаётимизда «ахборот асри», «ахборотлашган жамият», «ахборот хуружи» каби тушунчалар пайдо бўлди. Бу эса бугунги кунда ахборот тушунчасининг аҳамияти ошганлигидан, қамрови кенгайганлигидан, мақсад-муддаоси ўзгараётганлигидан дарак беради. Ахборот эндиликда бирор жараён, воқелик ёки ҳодиса ҳақида хабар бериш маъносидан аллақачон четга чиқиб, инсонлар онги ва руҳига таъсир этишнинг, айрим гуруҳ ва жамоаларнинг манфаатларига хизмат қилувчи ўзига хос янги талқинларни юзага чиқаришнинг, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, диний ва бошқа бир қанча қарашларнинг тарғиботчисига айланиб улгурди. Бунинг натижасида ахборотнинг омма онгига таъсири ва унинг салбий оқибатлари жамиятнинг жиддий муаммоларидан бирига айланиб бормоқда. Энди ахборот аталмиш қурол воситасида инсон тафаккури ва интеллектини эгаллаш билан боғлиқ «уруш»нинг замонавий кўринишлари пайдо бўлди.
Психология нуқтаи назаридан олиб қаралганда, ахборот олишга бўлган эҳтиёж ёшларда катталарга нисбатан бир неча марта ортиқ. Чунки ёшларнинг билишга қизиқувчанлиги, ахборотга эҳтиёжининг ҳали қондирилмаганлиги фаолликка сабаб бўлади. Ахборотга бўлган эҳтиёжнинг қондирилиши ижобий ҳолат. Аммо ғаразли мақсаддаги ахборотларга ёшларнинг алданиб қолаётганлиги ташвишланарлидир. Давлатларнинг сиёсий қарашларини нотўғри талқин қилувчи, турли экстремистик ва террористик ғояларни, инсониятга қарши қурол кўтаришга ундовчи, ўз-ўзини ўлдиришга чақирувчи, гиёҳвандлик ва одам савдоси билан боғлиқ мақсадларни кўзловчи, «оммавий маданият»ни тарғиб қилувчи ахборотлар ўзига хос таъсир этиш имкониятларига эгаки, бу «алдамчи жилваланишлар»га, кўп ҳолларда, ақлий ва маънавий жиҳатдан ҳали тўла шаклланиб улгурмаган ёшлар «мафтун» бўлиб қолмоқда. Ҳатто, бундай ғаразли мақсадлар ўз табиати билан эзгуликка хизмат қилиши керак бўлган санъат асарлари (кино, анимацион фильмлар, мусиқа, қўшиқ, рақс ва б.) замирига ҳам сингдириб юборилмоқдаки, бу каби «коса тагидаги нимкоса»ларни англаш учун инсонлардан теран ақл-заковат ва бир қараганда кўриш мумкин бўлмаган, аммо ҳаётда реал мавжуд бўлган хуружларни сезиш учун ахборот маданияти шаклланган бўлиши лозим.
Хўш, биз яшаб турган оламда «алдамчи жилвалари» билан ўзига ром этувчи; матн, товуш ёки тасвир ортида бир қарашда англаш мумкин бўлмаган, аммо айрим гуруҳ ва жамоаларнинг ғаразли мақсадларини тарғиб этувчи пинҳона ахборот хуружлари мавжуд экан, жамиятимизни бу каби салбий таъсирлардан иҳоталаш, хусусан, бу иллатнинг ёшлар онги ва дунёқарашига таъсирини камайтириш учун нималар қилишимиз лозим? Бу борада таълим муассасаларининг, маҳаллаларнинг ва оилада ота-оналарнинг роли қандай бўлиши керак?
Аввало, давлатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик базаси шакллантирилмоқда, бу борада оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда, халқимизнинг, хусусан, ёшларнинг фикри ва қарашларини ўзгартиришга, ғаразли мақсадларни тарғиб қилишга қаратилган интернет сайтларига чекловлар ўрнатилган. Аммо «ахборот хуружи» ва унинг салбий оқибатларига қарши курашиш учун амалга оширилаётган бу чора-тадбирлар етарли эмас. Бу борада қонунчилик базаси қанчалик мустаҳкам бўлмасин, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмасин, агар ёшлар билан бевосита ишлайдиган ташкилотлар ўз фаолиятларида ваколатлари доирасида бу масалага жиддий қарамаса, айниқса, ота-оналар ўз фарзандлари тарбиясида бу жиҳатга алоҳида эътибор бермаса, кутилган натижага эришиш қийин бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўз болангни ўзинг асра» деган ҳаётий фикр илгари сурилди. Бунинг замирида ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти назарда тутилган. Ўзбек миллатида фарзанд тарбияси масаласи ўзининг чуқур илдизига ва бой анъаналарига эга. Аммо тарбия масаласи ижтимоий ҳодиса сифатида доимо янгиланишни, ҳаётга, жараёнларга мослашишни тақозо этади. Мафкуравий полигонлар ўз сарҳадларини кенгайтираётган, инсон онги ва тафаккурини эгаллаш учун ҳар қандай усул ва воситалар ишга солинаётган ҳозирги даврда тарбия масаласида ҳам шунга мос ислоҳотлар, янгиланишлар бўлишини давр тақозо қилмоқда. Бу каби таҳдидларни англамоқ учун эса ота-оналардан етарли даражада сиёсий, диний саводхонлик, жараёнларни таҳлил қила олиш малакаси талаб этилади.
Умуман, жамиятимизни ахборот хуружларидан ҳимоялаш, ёшларда ахборот қабул қилиш маданиятини шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш учун қуйидагиларни таклиф қилмоқчиман:
1) ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш, хусусан, алоҳида қонун ҳужжати қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш;
2) миллий ахборот маконимизни аҳолининг қизиқишини инобатга олган ҳолда жараёнларни объектив ва позитив ёритувчи маҳаллий ва хорижий ахборотлар билан мунтазам тўлдириб бориш;
3) халқимизнинг, хусусан, ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ўстириш, ундаги ҳар қандай ахборотни тафаккур ва таҳлил қилиб, сўнг хулоса чиқаришга ўргатиш;
4) мамлакатимиз тўғрисида нотўғри, бир тарафлама ахборот тарқатувчи ҳар қандай хорижий ахборот воситалари фаолиятига қонун доирасида чек қўйиш, бу каби ахборотлари учун уларнинг жавобгарлигини ошириш ва тарқатилган ахборотларнинг бир тарафлама ёки нотўғри эканлигини мутахассислар иштирокида халқимизга ўз вақтида етказиш;
5) ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими, шунингдек, олий таълим муассасаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, ахборот хуружлари, унинг шакл ва кўринишлари, мақсади ва салбий оқибатлари борасида махсус курслар ўтилишини таъминлаш;
6) маҳаллаларда, таълим муассасаларида ота-оналар учун ахборот хуружи, унинг намоён бўлиш шакллари ва оқибатлари бўйича мутахассислар иштирокида ахборот соатлари ташкил қилиш;
7) миллий ғоя, мафкура, маънавият, ватанпарварлик каби тушунчалар тарғиботи борасида амалга оширилаётган ишларни изчиллик билан давом эттириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |