ИККИНЧИ БЎЛИМ
--------------Ш е ъ р л а р------------
ЖОНИ ПАХТАГА ПАЙВАНД
“Колхозчи” деб камситма уни,
Қўйма ундан ўзингни баланд.
Олтинга тенг унинг ҳар куни,
Унинг жони пахтага пайванд.
Сен олифта кийиниб олиб
Кўча-кўйда кезганинг маҳал,
У фидойи далада қолиб
Реза-реза тер тўкар ҳар гал.
Бугун дўстинг қаршилаб олди,
Сен бўлганда парвойи фалак.
Унинг қўли муаллақ қолди,
Кимлигингдан сен бердинг дарак.
Қилмишингни кўрган одамлар
Дейишдилар: “Кеккайган бироз”.
Минг афсуски, яна пахтакор
Қилмишингдан уялди бироз.
ВИЖДОН НИМА?
Эгриликдан тойсак мабодо-
Виждонимиз қўймади, деймиз.
Яхшиликни кўрганда раво
Виждонимиз буюрди, деймиз.
Виждон, дўстлар, нимадир ўзи,
Нега унга бош эгар инсон?
Нега ўтмас инсоннинг сўзи,
Инсондан ҳам кучлими виждон?
Ҳа, у шундай бир кучки, дўстим,
Удир ҳаё, удир муҳаббат.
У мен учун чин маслаҳатчим,
У мен учун ишонч ва қудрат.
Шундай экан, виждон амрига
Дўстлар, қулоқ тутингиз ҳар дам.
Доғ туширмай инсон шаънига,
Ғурур билан яшанг чинакам.
МАДАД
Неча йилки қийналди она жони,
Неча йилки, она кутди нигорон.
Сабр қила тўлди она паймони.
Паҳлавонни кўрсам, дейди соғ-омон.
Бўлмоқ учун она қалбига дармон,
Келса байрам гулдасталар тутдилар.
Таъзим қилди унга Қуёш, Ой, осмон,
Қаҳрамонлар шаънига шеър битдилар.
Онаизор кўтарди сал қаддини,
Деди: “Сиздан миннатдорман одамлар!”.
Кўргандайин у ёлғиз фарзандини,
Вужудидан айро тушди аламлар.
СОҒИНДИМ
Онажон, соғиндим юзларингизни,
Дур-гавҳардан азиз сўзларингизни,
Меҳр-шафқат тўла кўзларингизни,
Мунис, меҳрибоним, азизим онам,
Дунёда борлигим, бахтим, кошонам.
Тинмадингиз саҳарлаб то шомга қадар,
Бизларга бўлдингиз она ҳам падар,
Биз учун фидойи, азиз нақадар,
Фарзандин авайлаб, асраган инсон,
Мунис, меҳрибоним, жоним онажон.
Ўнг қўли кўпларча ҳунарли онам,
Иши баракали, унарли онам,
Сабр-қаноатли, кўнарли онам,
Ҳар ишда устозим, шоним онажон,
Мунис, меҳрибоним, жоним онажон.
Бева- бечоранинг бошин силаган,
Барчага эзгулик, иқбол тилаган,
Кибру хусуматни сира билмаган,
Камтарин, жафокаш, жоним онажон,
Дуогўй, художўй иймоним онажон.
Ортингиздан йиғлар ўғил-қизингиз,
Хотирага айланди афсус сўзингиз,
Кошки оқлай олсак берган тузингиз,
Суянган тоғимиз – жоним онажон,
Ишонган боғимиз, шоним онажон!
Дардингизга малҳам бўла олмадим,
Истаган чоғингиз қола олмадим,
Фарзандлик бурчимни оқлай олмадим,
Бағримга бир босиб ўпай, онажон,
Энди Сизни қайдан топай, онажон?!
Сўз ожиз топмасман ҳеч қиёсингизни,
Кўзимга суртаман хоки пойингиз.
Онажон, жаннатдан бўлсин жойингиз,
Сиз – фахрим, иқболим, шоним онажон,
Сиз борим, иймоним, жоним онажон.
Сизни қўмсаяпман, мунис онажон,
Сизсиз ғарибдекман, беҳол вужудим.
Тор бўлиб кўринур кўзимга жаҳон,
Сиз менинг ҳаётим, умид юлдузим.
Мен Сизга боғланиб қолибман чоғи,
Кўзим ўнгида ҳам, тушимда ҳам Сиз.
Сиз менга бердингиз ҳаёт сабоғин,
Ҳаётим йўлини ёритган юлдуз.
Ҳаётга етказган мени авайлаб,
Буюклик, суюклик меҳрга ташна.
Табиат шу қадар меҳрни жойлаб
Мени волидамга этмагин ташна...
Do'stlaringiz bilan baham: |