ИЧМАНГ, ДАДАСИ
( Юракзада аёлнинг ароқхўр эрига илтижоси)
Ичманг дадаси, илтимос,
Бу не юриш, бу нега хос?
Инсон бўлинг, инсонга хос,
Ичманг дадаси, илтимос!
Рўзғоримиз афтодаҳол,
Ёш умрингиз бўлди увол,
Қадду бастингиз мисли дол,
Ичманг дадаси, илтимос!
Ит ётишу мирза туриш,
Ҳовлимизда кунда уруш,
Бу не ҳол, бу не турмуш?
Ичманг дадаси, илтимос!
Боласидан бўлиб безор
Онангиз ҳам чекди озор,
Отангиз –чи қақшайди зор,
Ичманг дадаси, илтимос!
Ўзим зиндон, қафасдаман,
Тўлиб кетди жон қасддаман,
На орзу, на ҳавасдаман,
Ичманг дадаси, илтимос!
Элнинг назаридан қолиб,
Ўлтирасиз ўйга толиб,
Ғанимлар ҳам келди ғолиб,
Ичманг дадаси, илтимос!
АЛЛА
Тилаб олган кўзмунчоғим,
Силаб олган овунчоғим,
Болам, бўлгин овунчоғим,
Болажоним, алла,
Лолажоним , алла.
Сен юртимиз посбони бўл,
Қўрқмас, ботир, полвони бўл,
Эл ичра шоҳжаҳони бўл,
Шоҳжаҳоним, алла,
Меҳрибоним, алла.
Асл юртнинг фарзанди бўл,
Ота-онанг дилбанди бўл,
Бувинг асал-қанди бўл,
Ширинтойим алла,
Меҳрибоним алла.
БОЛАЛАРГА БЕРИНГ
КИТОБНИ
Болаларга китобни беринг,
Ғайрат, шиддат, шитобни беринг.
Ёшлигидан севсин китобни,
Ёритгувчи офтобни беринг.
Болаларга китобни беринг,
Раҳму шафқат, одобни беринг.
Ўқиганда завқланиш туйсин,
Адолатни–хитобни беринг!
Болаларга китобни беринг,
Меҳр беринг, муҳаббат беринг.
Елкангизни тутинг уларга,
Фурсат беринг, шафоат беринг.
Китоб ўқиб етсин камолга,
Совурмангиз умрин шамолга.
Ҳар фурсатни ғанимат билинг,
Афсус чекиб, қолманг уволга!
АТИРГУЛ, НЕ УЧУН КЎЗ ЁШ?
Атиргул, не учун кўзларингда ёш,
Сен маъюс турибсан кўтаролмай бош,
Титрайсан чарақлаб турганда қуёш,
Атиргул, не учун кўзларингда ёш?
Гўзалсан, ҳуснингни қилсанг-чи кўз-кўз,
Ошиқлар сен билан айтишар дил сўз,
Сенинг ҳуснинг кўриб қувонади кўз,
Атиргул, не учун кўзларингда ёш?
Атиргул кўтариб секин бошини,
Сўйлади кўзидан артиб ёшини,
Топгандайин гўё меҳрдошини,
Эшитгил, мен сенга дардим айлай фош:
Ҳар баҳорда умид-ла ўйғонаман мен,
Ишқимга етолмай тўлғонаман мен,
Ҳижронда мажнуни девонаман мен,
Азизим шунинг-чун кўзимизда ёш.
Қани менинг ранго ранг капалакларим,
Қани ўша югурик жон ҳалакларим?
Покизам, фариштам пок тилакларим,
Азизим шунинг-чун кўзларимда ёш.
Ҳа, сенинг ғамингда ғамдош ўзим ҳам,
Ҳайратдан лол қолур икки кўзим ҳам,
Аламдан кулдир қалбим, ўзим ҳам,
Азизим, бизнинг ҳам кўзимизда ёш.
Do'stlaringiz bilan baham: |