КЎНГЛИНГ СОВИМАДИМУ?
(Юртимизга таъна тошини отганлар шаънига)
Фарзандларин этиб қатағон,
Оналарин бағрин этиб қон,
Авлодлари чекдилар фиғон,
Кўнглинг яна совимадиму?
Ташиб кетдинг тиллоларини,
Қатл этдинг муллаларини,
Бузиб хату имлоларини,
Кўнглинг яна совимадиму?
Бойлигимиз сенга луқма, ош,
Халқи мўмин, меҳнаткаш, ювош,
Етар унда зулмга бардош,
Кўнглинг яна совимадиму?
Етмагандек шунча қилмишинг,
Тўқиб чиқдинг “ўзбеклар иши”н,
Зулм қилмоқ бўлди кечмишинг,
Кўнглинг яна совимадиму?
Боғларида қуриди ниҳол,
Оналари заиф, хастаҳол,
Йигитлари нимжон, бемажол,
Кўнглинг яна совимадиму?
Бизга таъна тошлар отасан,
Газетангда сўзлар қотасан,
Нега ёмон отлиқ этасан,
Кўнглинг яна совимадиму?
Энди бизга сен писанд эмас,
Халқим энди сени ҳеч демас,
Сен нонкўрсан, яхшилик билмас,
Кўнглинг яна совимадиму?
МАҲАЛЛАМ
Яхши-ёмон кунларимда,
Суянгувчи тоғимсан.
Ҳаётимга зеб, завқ берган
Яшагувчи боғимсан.
Боринг билан омон бўлгин
Гўзал, обод маҳаллам.
Кулолону Хушартисан,
Майта, Баланд Ғардиён.
Фарзандларинг қучоғингда
Камол топиб, топди шон.
Гўзал файзу тароватда
Яшар ҳар бир хонадон,
Бахтимизга омон бўлгин,
Гўзал, обод маҳаллам.
Бир-бирига елкадош,
Бир-бирига қадрдон
Кўчаларинг чирой очар,
Хонадонлар чароғон.
Сен – отамсан, сен – онамсан,
Сен барчадан қадрдон.
Ватан ичра ватанимсан
Гўзал, обод маҳаллам!
ЭЛ ДАРДИГА МАЛҲАМ БЎЛИБ
(Каттақўрғондаги очлик билан даволаш
“Эргаш ота” хусусий шифохонаси шифокори
Бердиқул Жўрақуловичга бағишланган)
Ибн Сино руҳларини шодлар этган,
Табобатнинг китобларин ёдлар этган,
Эл дардига малҳам бўлиб, шодлар этган
Саховатли, саодатли Бердиқулбой,
Ҳамиятли, шафоатли Бердиқулбой.
Малҳамидан ўтар сўзининг малҳами,
Оллоҳ берган салобати ҳам салдами,
Балки бордир унда сеҳрнинг олами,
Саховатли, саодатли Бердиқулбой,
Ҳамиятли, шафоатли Бердиқулбой.
Минг бир гиёҳ таркибларин ўрганиб,
Тиббиётнинг ҳар бандларин ўрганиб,
Илми билан чиқди ғанимлардан ғолиб,
Матонатли, саодатли Бердиқулбой,
Муҳаббатли, садоқатли Бердиқулбой.
Шифо истаб келган Европа, Гермондан,
Излаб келар тожик, қирғиз ҳам Армандан,
Қозоғистон, Қорақалпоқ, Доғистондан,
Қардошларга қондош бўлган Бердиқулбой,
Жигарлардек жондош бўлган Бердиқулбой.
Самарқанднинг довруғини достон қилган,
Каттақўрғон маконини бўстон қилган,
Беморларнинг мушкулини осон қилган,
Дардимизга дармон бўлган Бердиқулбой,
Довруғлари достон бўлган Бердиқулбой.
Эй табибим! Шифо истаб келдик сиздан,
Кечиб келдик қозон кабоб, жизу биздан,
Ушбу шеърим туҳфа бўлсин мухлисиздан,
Узоқ умр кўриб юринг Бердиқулбой,
Давру даврон суриб юринг Бердиқулбой!
Do'stlaringiz bilan baham: |