Бадиий нутқ
. Адабий образ сўз қобиғидан ташқарида мавжуд бўла
олмайди. Тасвирланган оламнинг барча тафсиллари фақат сўз шаклидагина
бадиий борлиққа айланади. Сўз, тил бадиий адабиётни юзага келтирувчи
асосий моя, ундаги образлиликнинг моддий ташувчисидир. “Бадиий нутқ”
атамасига жиддийроқ эътибор қаратиш керак. Одатда, бу тушунча ўқув ва
методик адабиётларда “бадиий тил” ёки “поэтик тил” шаклида қўлланилади.
Бизнингча, тушунчани бундай аташ унчалик тўғри эмас. Негаки, бадиий
адабиёт ўзининг тилини яратмайди, у бундай тилга эга ҳам эмас, балки
мавжуд миллий тилдан фойдаланади, уни ишлатади, холос. Шу боис бадиий
тил дейиш ўринли бўлмайди. “Поэтик тил” дейилганда ҳам тил билан
нутқнинг фарқи ҳисобга олинмайди.
Тилшунослик илмида луғат бойлиги бўлмиш лексиканинг бир қанча
қатлами борлиги қайд этилади, бадиий адабиётда эса луғатнинг
ўртача,
пасайтирилган
ва
юксалтирилган
каби уч услубий кесими мавжуд. Кейинги
икки гуруҳга мувофиқ сўз қўллаш бадиий асарга ё кўтаринки-патетик ёки
ерлашган-маиший оҳанг бахш этади. Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид
Олимжон, Усмон Носир сингари шоирларнинг кўплаб шеърларида
кўтаринки-патетик нутқ устуворлик қилса, А. Қаҳҳорнинг “Бемор”, “Ўғри”
ҳикоялари, Ш. Бўтаевнинг “Советдан қолган одамлар” қиссаси, С. Ўнарнинг
“Чамбилбелнинг ой даласи” асарларида ерлашган-маиший нутқ етакчилик
қилади.
Кўтаринки сўзлар киноя маъносида қўлланилган ҳолатларда ёхуд
патетик нутқ айни вазиятга терс ишлатилган шароитда унинг ёрдамида
тескари натижа – комик самарага ҳам эришиш мумкин бўлади. Агар
140
кўтаринки ёхуд ерлашган сўз персонаж нутқида қўлланилса, унинг нутқи ўз
шахслик табиатининг муҳим белгисига айланади.
Текширилаётган асардаги эскирган сўзлар (архаизм), тарихий сўзлар
(историзм) ва янги сўзлар (неологизм) сингари лексик қатламларни
белгилаб олиш ҳам бадиий таҳлил учун жиддий аҳамият касб этади.
Ифодалаган тушунчаси тарихан йўқолиб кетгани учун умумистеъмолдан
чиқиб кетган “мингбоши”, “қушбеги”, “лўкидон”, “қул”, “зиндон”, “ясовул”
ва бқ. сўзлар тарихий сўзлар ҳисобланади. Тилимизга кейин кириб келган
“чап”, “халқ”, “дунё”, “ватан” каби синонимлари томонидан ҳозирги жонли
тилдан сиқиб чиқарилган “сўл”, “будун”, “очун”, “отамакон”,
“отаюрт”сингари сўзлар эскирган сўзлар саналади. Тарихий ва эскирган
сўзлар тасвирланаётган даврнинг колоритини бериш, ўқирманни тарихий
шароитга яқинлаштириш мақсадида персонажлар тилидан қўлланилади.
Тарихий ва архаик сўзлар Ойбекнинг “Навоий”, О. Ёқубовнинг
“Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат”
асарларидаги каби персонаж нутқига кўтаринкилик бағишлаш учун
қўлланилади. Баъзан эса тасвирланаётган даврнинг тарихий колоритини акс
эттириш мақсадида ҳам ишлатилади. Янги сўзлар нисбатан кейинги даврда
пайдо бўлган ёки ясалган, истеъмол даражаси жуда ҳам фаол бўлмаган
сўзларни ўз ичига олади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, баъзан ёзувчи
томонидан қўлланилган “синчи”, “билгич”, “ўқирман” сингари тарихий ёки
архаик бўлиб қолган сўзлар вақтлар ўтиши билан қайтадан неологизмлик
хусусиятини касб этиб, янги лексик қатлам сифатида халқнинг жонли
сўзлашув тилига кириб кетиши ҳодисаси ҳам юз беради.
Бадиий таҳлилда қўйилган илмий мақсадга эришишда умумтил учун
янги ҳисобланган сўзлар билан асар муаллифи учун неологизм бўлган
сўзларни фарқлаш жуда муҳимдир. Умумтилдаги янги сўзлар ҳаётда янги
тушунча ва ҳодисалар пайдо бўлгани учун уларнинг тилдаги ифодасини
бериш эҳтиёжи натижасида юзага келади. Муаллиф неологизми эса
ижодкор томонидан эски-янгилигидан қатъи назар, бирор нарса ёки
ҳодисага аниқ ва таъсирли ифода топиш истаги туфайли дунёга келади.
Араб, форс, рус тилларидан кирган сўзлар ҳисобига ғоят булғанган
ўзбек тили учун миллий асосга қурилган ҳар икки неологизмдан
фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунинг учун ҳам таҳлил асносида
умумтилдаги янги сўзларни муаллиф нутқидаги неологизмларга қарши
қўйишдан кўра уларнинг умумлексика ривожига кўрсатадиган ижобий
таъсирига тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Бадиий неологизмнинг бу икки
кўриниши бир ҳодисанинг икки объектда намоён бўлиши экани ва бу
миллий тилнинг ифода имкониятларини бойитиши мумкинлигига эътибор
қаратиш керак бўлади.
Муаллиф томонидан топилган янги сўз тилга ўрнашиб, умумтил янги
лексикасига, кейинчалик миллий тилдан муқим жой олиб бетараф лексик
бирликка айланиши ҳам мумкин. Ўзбек адабиётида Қодирий, Чўлпон, Ғ.
Ғулом, Ойбек, Қаҳҳор томонидан яратилган неологизмларнинг вақтлар
ўтиши билан умумўзбек тилининг бойлигига айланиб кетганлиги
141
кузатилган. Ш. Холмирзаев, Тоғай Мурод, А. Суюн, С. Ўнар, Л. Бўрихон
каби замонавий санъаткорлар ҳам ўз асарларида анчагина янги сўзларни
қўллаб, умумтил бойлигига қўшганликлари аён ҳақиқатдир.
Бадиий адабиётда фойдаланиладиган тил воситалари орасида шева
сўзлари, касбий сўзлар, жаргонизмлар ҳам эътиборга лойиқдир. Ушбу
сўзлар асосан персонажлар тилида қўлланилиб, уларнинг нутқий
индивидуаллигини кўрсатишда қўл келади. Шева сўзлари аҳён-аҳёнда
маҳаллий колоритни ёрқинроқ бериш ниятида муаллиф баёнида ҳам
қўлланилиши мумкин. Ўзбек адабиётида шева унсурларининг ўрни ва
бадиий тасвирдаги аҳамиятига рус ёхуд Ботиш адабиётидаги каби
муносабатда бўлиш мумкин эмас. Негаки, ёбончиларда адабий тил йиллар
давомида шаклланиб, қатъий кўриниш олиб улгурган, асосий тушунчалар
адабий тилда ифода этилади. Шу боис шевадан кирган сўзнинг
“бегона”лиги билиниб, колорит беришгагина ярайди. Ўзбек тилида эса, узоқ
йиллар давомида шева сўзлари йўлига ўтиб бўлмас тўсиқлар қўйиб
келингани сабабли адабий тил қашшоқлашиб, араб, форс ва рус сўзлари
сунъий равишда кўпайтириб юборилган.
Арабизм ва форсизм унсурлари билан тўйинтирилган тил кўп ҳолларда
миллат руҳиятининг ифодачиси эмас, балки шунчаки лингвистик белги
бўлиб қолди. Яъни ўзбек тилида бирор сўз айтилиши билан сўзни ишлатган
одамда ҳам, тингловчида ҳам мантиқий ассоциация уйғонмайдиган
даражага келди. Ҳолбуки, тилдаги чинакам миллий сўз ишлатилиши
биланоқ сўзловчида ҳам, тингловчи ва ўқирманда ҳам “кўклам”, “синчи”
сўзлари сингари маълум ассоциация уйғотади. Шунинг учун ҳам ўзбек
бадиий адабиётига турли йўллар билан шева сўзларининг кўплаб кириб
келишини қўлламоқ керак. Зора, шева сўзлари бадиий адабиёт орқали
адабий тил бойлигини оширишга хизмат қилса. Демак, таҳлил кечимида ҳам
шу ҳол кўзда тутилиши зарур.
Айни вақтда миллат деган ижтимоий-этник тушунча биргина тил
атрофида бирлашиши мумкинлигидан келиб чиқиб, миллатнинг битта
адабий тили бўлиши кераклиги ва миллат аҳли ана шу расмий-миллий-
адабий тилда сўзлашишга одатланмоғи кераклиги ҳам ёдда тутилиши
лозим. Битта адабий тилда сўзлашишга ўтмаган миллат ягона миллий этнос
даражасига кўтарилмаган бўлади. Эҳтимол, бундай этник бирлик миллатдан
бошқачароқ қандайдир босқичда бўлиши мумкиндир. Лекин тўла маънода
миллат бўлиб бирлашиш учун бирлаштирадиган асосий ижтимоий омил –
ягона адабий тилга эга бўлиш лозим. Демак, бадиий адабиётда
қўлланиладиган шева сўзлари ҳам асосан миллий адабий тилни ўз
сўзларимиз билан бойитиш воситаси экани ёдда тутилиши зарур.
Бадиий нутқда сўзларни ўз маъносида эмас, балки кўчма маънода
ишлатиш орқали тасвирий самарага эришиладиган
кўчим
санъати ҳам
муҳим ўрин тутади. Кўчим адабий бутунликда бир нарса ёки ҳодисага хос
хусусиятни бошқасига кўчириш орқали мажозий образлилик яратишга
хизмат қилади. Қизиғи шундаки, хусусияти биридан бошқасига
кўчирилаётган нарса-ҳодисалар бир-биридан қанчалик узоқ бўлсалар, кўчим
142
шунчалар кучли ва таъсирчан чиқади. “Тошбағир”, “ўтюрак”, “олтин куз”,
“олов қалб” кўчимларини ташкил қилган сўзларнинг бирортасида ҳам
ташқи ўхшашлик йўқ. Вазифадошликка таянган маъно кўчиши бу
бирикмаларга салмоқли ва тамомила янгича бадиий маъно юклаган. Кўчим
бирор нарса-ҳодисанинг яширин моҳиятини, унда мавжуд поэтик мазмун
икониятини юзага чиқаришга хизмат қилиши билан диққатга лойиқдир.
Бадиий асарнинг илмий таҳлилида умумтилда ҳамма томонидан
фойдаланиладиган
Do'stlaringiz bilan baham: |