Геологияда тарихий усул. Табиат ва жамиятни ўрганишда тарихий усул диалектиканинг энг асосий жараёнларидан ҳисобланади. Бу усулда ҳар қандай воқеа ва ҳодиса тарихий ривожланиш шароити асосида, ўрганилади. Геологияда тарихий усул геологик тушунчалар пайдо бўлгандан кейин, айниқса илмий геология пайдо бўлиши муносабати билан қўлланила бошлади. Бу тарихий марксистик илмий кузатиш усули совет геологиясида кенг ривож топди.
Ер шарининг қазилма бойликлари бўшлиқда тасодифан жойлашган эмас, балки улар Ер шаридаги кимёвий моддаларнинг физик-кимёвий жараёни натижасида пайдо бўлган. Минерал ва тоғ жинсларининг ҳосил бўлишида геологик жараёнлар катта рол ўйнаган. Шунинг учун ҳам ҳар бир геологик маҳсулотни тарихий геологик воқеалар билан боғлаб текширилса, унинг асл моҳияти очиб берилади.
Геологияда актуализм усулининг роли. Геолог Ернинг тузилишини ўрганганда, аввало Ер пўсти билан тўқнашади. Маълумки, Ер пўсти турли геологик жараёнлар натижасида ҳосил бўлган минераллар ва тоғ жинсларидан таркиб топган. Лекин бу жараёнлар қачонлардир ўтиб кетган. Тоғ жинслари эса ҳозир ҳам ҳосил бўлмоқда. Уларнинг пайдо бўлиш жараёнларини синчиклаб ўрганиш, кўл, денгиз ва дарё ётқизиқларини ва фойдали қазилмаларнинг вужудга келиш қонуниятларини текшириш қадимги геологик даврлардаги геологик жараёнларни ва минерал хом ашёларининг пайдо бўлишини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу текшириш усули геологияда актуализм усули (актуализм жараёни) деб юритилади.
Шундай қилиб, актуализм геологияда тарихий усулнинг бир формасидир. Асtuаl - инглизча ҳозирги замон демакдир: актуализм “Ҳозирги замон ўтган даврнинг калитидир” деган таъбирдан келиб чиқади. Бинобарин, актуализм, яъни, ҳозирги даврда Ер шарида юз берадиган физик, кимёвий, геологик жараёнларни ўрганиш қадимги геологик даврдаги табиий-географик жараёнларни ўрганишга ёрдам беради.
Актуализм усулининг қўлланиши ҳозирги замон геологиясининг асосий қисми бўлган динамик геологиянинг вужудга келишига сабаб бўлди.
Азиз диёримиз - улуғ турон Ери ҳамма замонларда ва ҳамиша ҳам катта талант сохибларига - улуғ сиймоларга бой макон бўлиб келган. Бу юртда Хўжа Ахмад Яссавий, Абу Райхон Беруний, Ал - Фарғоний, Ал - Хоразмий, Улуғбек каби буюк фан давлат, маданият арбоблари туғилиб ўсганлар, ижод қилганлар.
Геология фанининг ривожланишида ҳам Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган олимларнинг ўрни жуда катта. Ўрта асрда яшаб ўтган Абу Али Ибн Сино (973-1048) “китоб ул – шифо” асарида турли табиий илмларга оид кўп маълумотларни келтирди. Китобнинг бир “табиат” деган бўлими Ер юзининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши, зилзилалар натижасида Ер пўсти кўтарилиб бориши, тоғ ва водийларни пайдо бўлиш шароитлари, тоғ жинслари ва минералларни пайдо бўлиш йўллари ҳақидаги назарияси, ҳайвон ва ўсимликларни тошга айланиши ҳақида ўз фикрларини баён этган. Булардан ташқари Ибн Сино XVIII асрга қадар фойдаланиб келинган минералларнинг таснифини ишлаб чиқди.
Абу Райхон Беруний (978-1048), бир қатор асарларида, геологик жараёнлар, минерал рудалар, Ернинг тузилиши ҳақида, ўзининг ажойиб фикрларини баён этди. Унинг астрономик схематик картаси эски дунёни яхши билганлигидан, ғарб олимларидан олдин турганлигини кўрсатади. Беруний ўзининг “минералогия” асарида минераллар ҳақида чуқур ва аниқ илмий маълумотлар берган. Минералларни аниқлаш ва классификацияга ажратишда фақат уларнинг ранги ва тиниқлиги эмас, балки қаттиқлиги ва солиштирма оғирлигидан ҳам фойдаланган. Абу Райхон Беруний Ер юзасининг ҳар бир қисми ўзининг узоқ тарихий тараққиётга эга эканлиги, денгиз қуруқликка, қуруқлик денгизга айланади деган, тоғларни пайдо бўлиши ва йўқ бўлиб кетиши табиий омиллар асосида юз беришини талқин этувчи назаряларни яратди.
XX асрда яшаб ижод қилган ўзбек халқининг йирик Ершунос ва маъданшунос олимларидан бири Х.М. Абдуллаев (1912-1962) эди. Унинг изланишлари натижасида давлат аҳамиятига молик йирик – йирик конлар топилди. Унинг “Ўрта Осиё металлогенияси”, “Рудаларни интрузивлар билан генетик боғлиқлиги” каби монографиялар Россия ва чет эл олимлари томонодан юксак баҳоланди. Х.М. Абдуллаев Франция геология ва Буюк Британия минералогия жамиятларининг ҳақиқий аъзоси эди.
Мавлонов Ғ.О. Гидрогеология ва инжинерлик геологияси. ҳамда Сейсмалогия институтларини ташкил қилган, биринчи бўлиб Тошкент зилзиласининг тенг кучларга эга бўлган (изосейста) харитасини тузди. Мавлонов Ғ.О. зилзилани олдиндан айтиб бериш масаласида ер пўстининг тектоник ҳаракатларига инженер–геолог ва гидрогеология омилларини таъсирини ўрганиш лозимлигини аниқлади. Бу омилларни ўрганиш тектоник зилзилаларда Ер ости сувларининг кимёвий ва газ таркибини ўрганиш зарурлигини кўрсатди.
Марказий Осиёда металлагения ва петрография фанларининг ривожлантирилишида И.М. Исамуҳамедов, И.Х. Ҳамробоев, Х.Н. Боймуҳамедов, Т.Н. Долимов, И.М. Мирхожаев, “Гидрогеология ва инжинирлик геологияси” соҳасида А.Н. Султонхўжаев, нефть ва газ геологияси соҳасида А.Р. Хаджаев, З.С. Ибрагимов, П.К. Азимов Геотектоника соҳасида Ахмеджонов, О.М. Борисовлар катта хисса қўшганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |