1.4.Курснинг объекти, предмети ва вазифалари
Объект лотинча «objectum» cўзидан олинган бўлиб ўзбекча нарса, буюм мазмунини билдиради. Фалсафада эса объект сўзи биздан ташқарида ва бизнинг онгимизга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган борлиқ, воқелик, моддий дунё, мавжудот мазмунида ҳамда киши фаолияти, диққат-эътибори қаратилган ҳодиса, предмет ёки шахс маъносида ҳам ишлатилади.
Оддий ҳаётда объект корхона, ташкилот, муассаса ёки бирон бир фаолият ўтказиладиган жой маъносида тушунилади.
Ҳар қандай фаннинг ўрганадиган, унинг мақсади қаратилган объекти мавжуд.
Корхона иқтисодиёти фанининг объекти иқтисодчи олимлар томонидан ҳар хил таърифланади ва улар бир-биридан мазмунан фарқ қилади. В.Я.Хрипач, Г.З.Суша, Г.К.Оноприенко ва бошқалар корхона иқтисодиёти фанини объектини «корхона»1 деб ҳисоблайди. К.А.Раицкий корхона иқтисодиёти фанининг объектига қуйидагича тариф беради: «алоҳида хўжалик субъектларида рўй бераётган барча жараёнлар ва улардан келиб чиқадиганлар»2.
Немис олимлари Ф.К.Беа, Э.Дихтла, М.Швайтцералар3 маданият корхона иқтисодиётининг объекти деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича доимий ўзгариб турувчи иқтисодий реаллик ҳақиқатда олганда бошқа ҳодисалар (диний, ҳуқуқий, бадиий, техникавий, тиббий характердаги) билан тиғиз боғлиқ бўлиб, улар мажмуаси (йиғиндиси) корхона иқтисодини тажрибавий асосини ташкил қилади. Бу асосини улар миллий маданият деб ҳисоблаш мумкин дейдилар. Немис олимларининг фикрича иқтисодий муаммолар ва иқтисодий хатти-ҳаракатлар маданият соҳаси билан тўла интеграциялашади. «Саноат, корхонаси, ҳунармандлик корхонаси, савдо корхонаси, банк, суғурта ташкилоти, давлат органи, театр, олий мактаб, музей ёки мачитми фарқи йўқ. Буларнинг ҳаммаси корхона иқтисодининг объекти бўлиб ҳисобланади ва улар билан боғлиқ бўлган иқтисодий масалалар тадқиқот предмети бўлиши мумкин» деб таъкидлайдилар.
Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети олимлари Э.Х.Махмудов, Ш.М.Юлдошев, С.Г.Каландаревалар корхона иқтисодиёти фанининг объекти деб барча мулк шаклларига мансуб «Корхона тўғрисидаги» қонун асосида фаолият юритаётган кичик, ўрта ва йирик корхоналар тушунилади деб таъкидлашади.
Юқорида келтирилган корхона иқтисодиёти фанининг объектига берилган таърифларга чуқур назар солсак уларнинг ҳар бири биз келтирган «Объект» сўзини мазмунига қандайдир яқинлиги бор. Лекин корхона иқтисодиёти фанининг объектига тариф берганда бир фикрга келиш учун, корхона (кичик, ўрта, йирик) деганда биз кўз олдимизга нимани келтирамиз, маданият дегандачи, хўжалик субъектидаги рўй бераётган жараёнлар ва улардан келиб чиқадиганларга нималар киради деган саволларни ечимини топиш зарур.
Корхона, фирма, муассаса деганда қандайдир фаолият билан шугулланадиган жой, бино кўз олдимизга келади. Бинони жойлаштирилиши, қурилиши, архитектураси ва бошқа жиҳатларини объект сифатида ўрганадиган фанлар мавжуд. Корхона иқтисодиёти фанининг методологияси, унинг мақсади, диққат-эътибори корхона ичида унинг фаолиятида содир бўлаётган иқтисодий реалликга қаратилади.
Маданият - ижтимоий-тарихий амалиётда инсон томонидан ижод этилган ёки яратилган (яратилаётган) моддий ва маънавий бойликлар мажмуаси бўлиб, уларни ҳар хил жиҳатларини ўрганадиган, унга мос фанлар мавжуд (фалсафа, маданиятшунослик, эстетика, архитектура ва ҳоказолар).
Немис олимлари айтган иқтисодий муаммолар, иқтисодий ҳатти-ҳаракатлар маданият соҳаси билан интеграциялашганини инкор қилиб бўлмайди. Лекин бу ҳол маданият - корхона иқтисодиёти фанининг объекти деб таъкидлашга ҳам асос бўла олмайди.
Корхона иқтисодиёти фани саноат корхонасида маҳсулот ишлаб чиқаришни технологик жараёнини ёки театрдаги пъесани, кинотеатрдаги фильмни жиҳатларини ўрганмайди, аксинча, у корхона фаолиятини иқтисодий жиҳатларини, ишлаб чиқариш ҳажми, таннарх, даромад, фойда, ишчилар сони, иш ҳақи, харажатлари ва ҳоказоларни ўрганади ва булар корхона иқтисоди фанининг предметидан жой олади.
Бу хулосалар К.А.Раицкий берган таърифга ҳам тааллуқли, чунки у берган таъриф («...алоҳида хўжалик субъектларида рўй бераётган барча жараёнлар...») бўйича корхона фани объектига барча жараёнлар киритилаяпти.
Ҳақиқатдан олганда корхона иқтисоди тажрибага асосланган амалий фанлар таркибига кириб, у ҳар кунлик корхона фаолиятида рўй бераётган иқтисодиётга оид маконий ва замоний далилларни, ҳодисаларни ва муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш, режалаштириш ва бошқариш масалаларини ўрганади.
Корхона иқтисоди ўрганадиган иқтисодий реаллик инсон ва унинг фаолиятига боғлиқ бўлиб, у инсон тамонидан вужудга келтирилади ва такомиллаштирилади. Шу сабабли иқтисодий реаллик ўз табиати бўйича доимий ўзгарувчидир.
Шундай қилиб корхона иқтисоди фанининг объекти шундоқ-шунақа кўринишдаги корхона, корхонада рўй бераётган жараён ва маданият билан чегараланиб, ёки ўз чегарасидан чиқиб кетмаслиги зарур. Бизнинг фикримизча унинг объекти - корхона фаолиятида рўй бераётган иқтисодий реалликдир.
Бу ерда корхона мулк шаклидан, тармоқ ва соҳаларидан, катта кичиклигидан қатъий назар кўрилмоқда. Корхонада иқтисодий реалликдан ташқари техник-техналогик, илмий-техник, ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ва маърифий жараёнлар, ҳодисалар ҳам рўй беради. Корхона иқтисодиёти фани уларни корхонани иқтисодий фаолиятига таъсир қилувчи омил сифатида ўрганади.
Лекин улар корхона иқтисодиёти фанининг тўғридан-тўғри предметига кирмайди. Бу ҳодисалар ва жараёнлар бошқа фанларни предметига киради.
-
Do'stlaringiz bilan baham: |