Роман Якобсон таълимоти. Р.Якобсоннинг (1896-1982) тилшуносликнинг турли соҳаларига оид ғоялари билан тадқиқотчилар яхши таниш. Олим тилшунос ва адабиётчи сифатида машҳур. Россия тилшунослиги анъаналарининг давомчиси бўлган Р.Якобсон таълимоти ўзига хослиги, назарий фикрларнинг асослилиги, янгилиги билан доимо ажаралиб турган ва бу фикрлардан турли йўналишлар вакиллари унумли фойдаланиб келишмоқда.
Р.Якобсон таълимотининг умумий тавсифини бериш учун дастлаб олимнинг тилнинг бошқа ижтимоий ҳодисалар қаторида тутган ўрни ҳақидаги фикрини билмоқ керак.
Тил тизимлашган, нисбатан мустақил (автоном) ҳодиса бўлиб, у, бир томондан, ўз-ўзидан ва ўзи учун мавжуд, иккинчи томондан, лисоний қобилият ва хусусиятларнинг умумий доираси (миқёси)га киради. Нисбатан мустақиллик тамойили фанлараро муносабатни тақоза этиш билан биргаликда, лисоний ҳодисалар тадқиқида редукционизмни, яъни уларни ажаратиб, фақатгина психология ёки тилшунослик «қарамоғи»га ўтказишни инкор қилади. Лисоний ҳодисаларни турли фан соҳаларидаги тадқиқида яқинлик бўлса-да, лекин улар қоришиб кетмаслиги, айнан бир-бирин такрорламаслиги лозим. Нисбатан автономлик тамойили тил тизимининг барча сатҳлари учун хосдир. Фонология, морфология, синтаксис ва луғат тизими бирликларини таркибий қисмларга ажратишда турли услубларга мурожаат қилиш лозим бўлади. Тил тизими қарам-қаршиликлар қаторидан иборатдир (ҳаракатчанлик-турғунлик, диахрония-синхрония, эллипсис – тўлиқлик, архаизм-неологизм, мафора-метонимия, изчиллик-рақобат ва ҳ.к). Ушбу жуфтликлар аъзолари ҳам нисбатан мустақиллик хусусиятига эгадирлар.
Якобсон таълимотида шахслараро ва шахснинг ўз-ўзи билан мулоқот шакллари фарқланиб, бу мулоқот турларининг ижроси тилнинг асосий вазифалари эканлиги қайд этилган. Тил бирликлари доимий равишда маълум бир мақсадга йўналтирилган, шунингдек, тил тизимидаги ўзгаришлар ҳам бирор-бир мақсадни кўзлайди ҳамда тадқиқотчи ушбу мақсадни аниқлаши лозим. Масалан, бундай мақсадлар қаторига тизимдаги мувозанатни сақлашга йўналтирилган ҳаракатлар ҳам киради. Маълумки, тил доимо ўз вазифасини ижро қилади, аммо унинг айрим қисмлари, кичик тизимларининг фаоллиги унчалик маҳсулдор бўлмаслиги мумкин. Масалан, тежамкорликнинг баъзан таъминланмай қолиш ҳоллари ҳам учрайди. Бир гуруҳ ёки сатҳ доирасидаги тежамкорлик бошқа жойда бузилиши, таъминланмаслиги мумкин. Тил тизими тараққиётида тизимлараро мувозанатнинг сақланиши ўта муҳимдир.
Якобсон тил тизими тараққиётини турғунлик ва ҳаракатчанлик нуқтаи назаридан таҳлил қилади. Бу хусусиятлар диахрония ва синхронияда бир хил қудратга эга. Лисоний ўзгаришлар структуранинг бузилиши ва қайта ташкил топиши натижасидир, бу эса бошланғич ва натижавий (охирги) тизимларни қиёслаш ҳамда ўзгаришлар юзага келаётган сатҳларни аниқлашни тақозо этади. Албатта, тил тизими ўзгариб туради ва юзага келаётган ўзгаришлар, мавжуд ҳодисалардан қайси бири маҳсулдор эканлиги, «келажаги борлиги»га ишорадир. Ижодкорлик, яратувчанлик (creativity) руҳи тилнинг энг асосий ички хусусияти, заҳираси. Тилнинг яна бир ички хусусияти бўлган вақт, замон ўлчови (меъёри) унинг макондаги вариантлашуви (муқобиллашуви) билан чамбарчас боғлиқдир.
Якобсон лисоннинг номоддий хусусиятини алоҳида қайд этади – нафақат тилнинг умумий тизими, балки унинг қисмлари ҳам моддий кўринишга эга эмас. Демак, хабар ва унинг коди муносабати олдиндан мақсадли равишда шаклланган. Хабар ёки ахборот нутқий фаолиятнинг ягона, такрорланмас мақсадидир, код эса – ахборотни узатишни таъминловчи тизим. Код доимо нисбатан мустақил бўлган субкодлардан иборат бўлади. «Код / хабар» қарама-қаршилиги Фердинанд де Соссюр ажратган «ижтимоийлик / индивидуаллик» қарама-қаршилигига мос келмайди. Ҳар бир шахс ўз субкодига эга, хабарда эса ижтимоийликнинг турли босқичлари акс топади. Код ва хабар муносабати тўрт кўринишга эга: 1) хабар ҳақидаги хабар (баён, изоҳ, ишора); 2) коднинг коди (атоқли отлар); 3) код ҳақидаги хабар (тилнинг металингвистик вазифаси); 4) бевосита хабар мазмуни билан боғлиқ код (илк хабарни билмасдан туриб, код мазмунини тушунмаслик ҳолати). Бу турдаги кодлар қаторига шифтерлар ва дейктик белгилар киради. Шифтерлар (ўтказувчи, кўчирувчи лисоний белгилар) тил тизимини нутқий фаолиятнинг асосий бўлаклари бўлган сўзловчи, адресат, контекст, хабар, алоқа ва код кабиларни тавсифлаш учун муҳимдир. Нутқий ҳаракатнинг ушбу бўлакларига нисбатан тилнинг асосий олти вазифаси ҳам белгиланади.
Ф. де Соссюр ғоялари таъсирида бўлган Р. Якобсон нутқ жараёнида товушларнинг турлича талаффуз этилиши масаласи билан қизиққан ва бу ҳодисанинг тилнинг коммуникатив вазифасига боғлиқ эканлигини қайд қилди. Бинобарин, унинг фикрича, фонеманинг асосий моҳияти маъно фарқлаш вазифаси билан боғлиқдир. Олимнинг таъкидлашича, сўзловчи шахс лисоний қобилиятининг асосини она тили фонологик тизимини, ушбу тил фонемалари мажмуасини билиш ташкил қилади. Тил тизимининг ўзгариши, биринчи навбатда, фонемалар таркибининг ўзгаришидир (Ф.де Соссюр эса лисоний ўзгаришни нутқ ҳодисаси деб ҳисоблайди).
Якобсоннинг фонетик бирликларни уларнинг маъно ва вазифавий хусусиятларини ҳисобга олмасдан туриб таҳлил қилиш мумкин эмас, - деган фикрига тўлиқ қўшилмоқ керак.
Худди шу қабилдаги фикр «маъно» тушунчасига нисбатан ҳам билдирилади. Маъно (Р.Якобсон «сигникатум» атамасини ишлатади) бирор – бир моддий бирлик билан алоқадор эмас. Шу сабабли «сигникатум» ва «денотат» тушунчаларини қиёслаб бўлмайди.
Тил тизимида маъно ва товуш бирор бир алоҳида, индивидуал хусусиятга эга эмас, уларнинг хусусияти генерик (генус- синф), яъни маълум бир синфга оидлиги билан белгиланади. Ҳар қандай лисоний белги ўз мазмунининг воқеланишига нисбатан маълум синф, гуруҳларга хос бўлган умумий маънони ифодалаш қобилиятига эга. Демак, фонема – муқобил вариантлар синфи. Синф ёки гуруҳнинг кейинги босқичлардаги таснифий бўлиниши контекстга боғлиқ ҳолда кечади. Бундай хусусият сўзларнинг барча туркумларига хосдир, шу жумладан, шифтер ва атоқли отларга ҳам. Маълум синфга кирувчи бирликларнинг таснифи уларнинг қўлланиши жараёнида юзага келади ва «танлов / бирикув» ёки «ўхшашлик / яқинлик» қарама-қаршиликларига асосланади. Лисоний белгилар бирикуви асосида матн ҳосил бўлади. Бирликларнинг танлов ва бирикув асосида алоқага киришув қоидалари тилнинг поэтик вазифасининг намоён бўлишидир.
Тил тузилиши хусусиятларининг таҳлили жараёнида лисоний белги тушунчасига таянилади. Белгининг тавсифида ифодаловчи ва ифодаланмиш (сигнатум - сигнанс) нинг алоқаси мустаҳкамлиги тамойилига эътибор қилиш керак.
Лисоний белги тил тузилиши элементидир ва унинг тавсифида «муносабат» тушунчаси муҳимдир. Лисоний муносабатлар мажмуаси асосида тил бирликлари ажратилади, лекин аксинча эмас. Муносабатлар тушунчаси қарама-қаршиликлар қаторларида воқеланади; бу қаторларга кирувчи элементлар бир-бирларини тақозо этадилар, уларнинг биридан иккинчиси ҳосил бўлади. Боз устига, бу элементлар доимо жуфтлилик тамойилига амал қиладилар ҳамда улар маълум шаклий кўрсаткичлар асосида ўзаро фарқ қиладилар. Р.Якобсон Ф.де Соссюрдан фарқли ҳолда лисоний белгиларнинг ихтиёрийлиги чегараланган деб ҳисоблайди. Белгининг ихтиёрийлиги, бир томондан, ономатопия ва бошқа фономорфологик ҳодисалар таъсирида чегараланса, иккинчи томондан, белгининг ифода ва мазмун хусусиятлари ўзаро муносабатда бўлишини ҳам унутмаслик лозим. Булар эса, ўз навбатида, лисоний белгининг тасвирий (иконик) кўриниш олишига сабаб бўлади.
Р.Якобсон тилнинг тизимли характерини ёритишда холизм тамойилига асосланади, яъни тил бирликлари яхлит бир бутунлик сифатида бўлакларни ўз ичига олади ҳамда кейинги босқичларда бошқа бутунликлар таркибига кириб, пировард натижада тил тизимининг элемент қисмига айланади. Яхлитлик бўлакларнинг оддий йиғиндиси эмас, яхлит ва бўлак бир-бири билан босқичли муносабатга эга ва тизимнинг умумий қонуниятларига бўйсунади. Холизм ғояси инвариантнинг нисбийлиги тамойилига амал қилади, яъни ҳар бир тил бирлиги ҳар қандай қўлланиш муҳитида ўз асосий белгиларини сақлайди.
Якобсон назариясида фарқловчи белгилар масаласи алоҳида ўрин эгаллайди. Шу мақсадда кўрсаткичли ва кўрсаткичсиз бирликлар қаторлари ажратилади. Кўрсаткичли бирликлар кўрсаткичсизларга нисбатан иккиламчидир. Бунинг исботини ҳатто болалар нутқи тараққиётида ҳам кузатиш мумкин: шаклий кўрсаткичли категориялар гўдаклар нутқининг илк босқичларидаёқ шаклланади.
Маълумки, Р.Якобсон умрининг охирги йилларида АҚШда яшаб ижод қилди ва олимнинг Америка тилшунослиги тараққиётидаги хизмати алоҳидадир. Айниқса, унинг фарқловчи белгилар, вазифавий қарама-қаршилик, фонологик тизимларнинг макон ўлчови ва тил тизими тузилишининг босқичли сатҳлари ҳақидаги фикрлари Америка тилшунослигида кенг миқёсда тарқалди. Жумладан, олим таклиф қилган фонологик бирликларни фарқловчи белгилар асосида таҳлил қилиш услуби АҚШ фонологларида катта қизиқиш уйғотди. Р.Якобсон ғоялари баъзи ҳолларда Америка тилшунослигида революцион ўзгаришларга сабаб бўлди. Масалан, Якобсоннинг фонологияси Л.Блумфильд издошлари тарғиб этаётган фонемика йўналишига катта талафот етказди. Этнология, морфология ва бошқа соҳаларга оид тадқиқотлар семантикани ўрганиш мўлжалини ола бошладилар. Бунда Якобсоннинг семасиология ва фонологик тадқиқ услублари намуна бўлиб хизмат қилди. Олимнинг назарий ғоялари ва тадқиқ усуллари Америка ҳиндулари тили, фольклор матнларини ўрганишда, антропологик тадқиқотлар ўтказишда амалий кўрсатма хизматини ўтади. Шунинг билан биргаликда, Якобсоннинг болалар нутқи, афазия ва бошқа соҳаларга оид ишларининг аҳамиятини ҳам қайд этмоқ зарур.
Якобсоннинг таъсири генератив тилшунослик тараққиётида ҳам сезиларлидир. Бу таъсир баъзан бевосита намоён бўлса, бошқаларида билвосита. Бу, айниқса, акустика, психолингвис-тика, нутқ патологиясига оид ҳодисалар таҳлилида аниқроқ кўринади.
Якобсоннинг ботиний шакллар ҳақидаги фикри генератив фонология намояндаларига унчалик маъқул келмади, чунки улар ботиний шакл ҳодисасини фақатгина мавҳум тушунча сифатида талқин қилиш тарафдоридирлар. Кейинчалик, 1960 йилларга келиб, генератив-фонологларнинг бир қисмида ўта мавҳумликка нисбатан шубҳа туғила бошлади. Ҳақиқатдан ҳам, мавҳум ботиний шакллар (deep structures) қоидаларининг психологик жиҳатдан воқеликка унчалик мос келмаслиги охирги йиллар давомида аниқ бўлди.
Фонемаларнинг фарқловчи белгилари ҳақидаги Р.О. Якобсон билдирган ғоя ҳам генератив фонологияда ўз аксини топмади.
Роман Осипович Якобсон ўтган асрнинг 30-йиллари бошида Ленинград шаҳрида ташкил топган «Поэтик тил бўлими» (ОПОЯЗ – отдел поэтического языка) нинг фаол қатнашчилари-дан бўлганини ҳамда «поэтика ва лингвистикани якқалам қилган» (И. Мирзаев) олимлардан бири эканлигини унутмаслик керак. Якобсон таълимотида лингвопоэтикага оид ғоялар салмоқли ўрин эгаллайди. Олим тилшуносликни поэтикага хизмат қилувчи фан деган ақидага бутунлай қарши чиқади. Дарҳақиқат, тилшунос агарда нутқ бирликларининг тор доиралари билан чегараланиб қолса, тўлиқ матнлар, дискурсив бутунликларнинг таркибий ва мазмуний қурилишини тўлалигича тадқиқ қилиш имконига эга бўлмайди. Аслида, лисоний фаолият билан қизиқаётган тадқиқотчи Lingvistici ninil a nic alienum puto «лингвистикага доир бирор нарса ҳам менга бегона эмас» мақолига амал қилиши талаб қилинади. Шу сабабли дискурсни ўрганиш лингвопоэтика-нинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади (Қаранг: Р.Якобсон. Поэтика масалалари. Т., 2005. И.Мирзаев таржимаси).
8.
Do'stlaringiz bilan baham: |