Вилгельм фон Гумбольдт таълимоти. «Германиянинг энг буюк шахсларидан бири» баҳосини олган (Хрестоматия 1936: 65) Вилгельм фон Ҳумбольдт – умумий тилшунослик фанининг асосчиси. Шунингдек, у қиёсий-тарихий ва типологик таҳлил методларининг назарий асосларини ҳам яратган олимдир.
Олим ўз ҳаёти жараёнида тилшунослик, адабиёт назарияси, фалсафа каби фан соҳалари бўйича илмий ишлар яратди, сиёсат ва дипломатия соҳаларида фаолият кўрсатди, Берлин университетига асос солди (ҳозирги кунда бу ўқув юрти унинг номи билан аталмоқда).
Ҳумбольдтнинг тилшуносликка оид билимлари доираси ниҳоятда кенг эди. У қатор Европа тилларидан ташқари, бошқа оилаларга кирувчи бирмунча тилларни ҳам (жумладан, баск, полинезия, Америка ҳиндуларининг тиллари) мукаммал билар эди. Бундай лисоний қобилият ва билим миқёси албатта буюк тадқиқотлар яратиш имконини беради. Натижада, Ҳумбольдт назарий тилшуносликка оид қатор муаммоларни муҳокамага қўйди, уларнинг ечимини излаш йўлларини кўрсатди ва шу йўсинда тилшунослик фанининг кейинги ривожига улкан ҳисса қўшди. Бу борада уни бутун бир тилшунослик мактаблари фаолиятига катта таъсир кўрсатган Бопп, Соссюр, Фортунатов, Бодуэн де Куртенэ каби фан дарғалари қаторига киритиш лозим бўлади.
Ҳумбольдт 1820 йилда Берлин университетида ўқиган «Тилларни турли даврлардаги ҳолатига нисбатан қиёсий ўрганиш» мавзусидаги маърузасида ўзининг лисоний тадқиқотларга оид дастурини эълон қилди ҳамда тил ҳақидаги фаннинг мазмуни, тадқиқот объектини чегаралаш масаласини алоҳида таъкидлади.
Кейинги йиллар давомида Ҳумбольдт «Ҳарфли ёзув ва унинг тил тузилиши билан боғлиқлиги» (1824), «Жуфт сон ҳақида» (1827), «Инсон лисони тузилишининг турлилиги» (1827-1829) илмий ишларини яратди. У умрининг охирги йилларида Ява оролидаги кави қабиласининг тили ҳақида уч томли рисола устида ишлади ва бу асар унинг ҳаётидан сўнг (1836-1839) нашрдан чиқди.
Афсуски, олим илмий меросининг катта қисмини ташкил қиладиган қўлёзмалар тўпламини тўлиғича ўрганиш тадқиқотчиларга насиб қилмаган экан. Бу эса Ҳумбольдт асарларининг академик нашрида ўз аксини топди ва XX аср бошларида чоп қилинган ўн етти томлик нашрда (W. Humboldt von/ Gesammelte Schriften. Berlin. 1903 – 1936. –Bd. 1-17) унинг қўлёзмалар архивидан тўлиқ фойдаланилмаган. Бунга сабаб биринчи жаҳон уруши бўлди, чунки қўлёзмалар турли жойларга тарқалиб кетди, катта бир қисми бутунлай йўқолди. Кейинги даврларда бу архив анча тикланди, илгари йўқолган баҳосиз қўлёзмаларнинг бир қисми топилди. Шунинг учун Ҳумбольдт илмий фаолиятини янада батафсилроқ ўрганиш масаласи долзарблашмоқда.
Бу борада, айниқса, Ҳумбольдт назариясининг исботи бўлиб хизмат қилган материалга эътибор қаратиш лозим. Ҳозиргача олимнинг аниқ тиллар материали таҳлилига асосланган илмий ишларига унчалик даражада эътибор берилгани йўқ. Ҳатто улар муаллиф асарлари академик тўпламига ҳам киритилмаган, баск тили ҳақидаги тадқиқотлардан фақатгина айрим парчалар берилган. Ҳумбольдт шахсий архивининг сақланган қисмида Америка ҳиндуларининг тиллари, Океания тиллари, санскрит, мўғул, хитой, япон ва бошқа тиллар грамматикаси ҳақидаги қарийб 50 га яқин қўлёзма сақланади. Бу, сўзсиз, олимнинг назарий ғоялари ниҳоятда катта миқдордаги тил материалини таҳлил қилиш, уларни қиёсий ўрганиш натижасида юзага келганлигидан далолат беради ва олимнинг илмий фаолиятини ўрганишда буни эътиборга олмасликнниг иложи йўқ.
Бундан ташқари, Ҳумбольдтнинг архивида катта миқдордаги хатлар, шахсий ёзишмалар нусхалари ҳам мавжуд. Бу мерос ҳам ҳозирча нашр қилинган эмас ва кенг жамоатчилик учун нотаниш бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, шахсий номаларнинг тилшунослик учун илмий манба бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Бу турдаги номалар XIX асрда ҳозирги пайтда илмий журналлар, конференциялар зиммасига тушадиган вазифани бажарганлиги сир эмас. Айнан хатлар илмий ахборот алмашинув воситаси бўлган.
Ҳумбольдт Европа, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларида ижод қилаётган кўплаб ҳамкасблари билан ёзма мулоқотда бўлган. Бу эса унинг ўша давр илмий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаганидан далолат беради. Шу сабабли ҳозирги замон тилшунослиги учун Ҳумбольдт архивининг илмий ўрганилиши ва нашрга тайёрланиши ниҳоятда муҳимдир. Қўлёзмалар таҳлили асосида олимнинг лингвистик тафаккури тараққиёти босқичлари, унинг илмий ғояларининг шаклланиш жараёни ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш ҳамда унинг тилшунослик фани тараққиётига қўшган ҳиссасига одилона баҳо бериш имконияти пайдо бўлади.
Ҳумбольдт эпистоляр меросининг илмий қиймати қанчалик юқори эканлигига оддий бир мисол тариқасида унинг фаранг хитойшуноси, биринчи хитой тили грамматикасининг муаллифи (1822) М.Абель - Ремюзега йўллаган хатини кўриш мумкин. Ушбу хатни 1979 йилда нашрга тайёрлаган олмон таржимони ва ношири К. Харбемайер (Қаранг: Humboldt W. Von 1979) ушбу нома тилшуносликнинг умумназарий муаммолари нуқтаи назаридан муҳим манба эканлигини қайд этади, аммо унинг мазмуни фақатгина мутахассислар учун тушунарлидир.
Ушбу номанинг мазмуни қуйидагилардан иборат: европалик мутахассислар хитой тили билан илк бор танишганларидаёқ (XVII асрда), унинг тузилиши ҳақидаги маълумотлардан тилшуносликнинг умумназарий хулосалари шаклланишида фойдалана бошлашди. Маълум даврда ҳатто ушбу тилни умумбашарий (универсал) тил яратиш лойиҳасига асос қилиб олиш режаси ҳам тарқалди. Бу борада, айниқса, Г.В. Лейбниц анчагина жонбозлик кўрсатди.
Ҳумбольдт хитой тили билан айнан фаранг тилшуноси М.Абель- Ремюзе маслаҳати билан шуғуллана бошлаган. Хитой тилини ўрганган Ҳумбольдт ушбу тилни билиш умумий тилшунослик учун муҳим эканлигини доимо таъкидлаб келган. Бундан ташқари, олим хитой тилини ҳинд- европа тиллари билан (масалан, юнон тили) қиёсий ўрганишни маъқул кўради. Тўғри, бир тилга хос категорияларни ўзга тил қурилишига мослаштиришнинг (бу тилшуносликда «эгоцентризм ҳодисаси» номини олган) жуда хавфли услуб эканлиги маълум. Аммо, Ҳумбольдтнинг фикрича, тафаккур категориялари айнан юнон тили қурилишида ўз аксини аниқроқ топади. Ҳумбольдт юнон тилига хос грамматик категорияларнинг «изи»ни хитой тили тизимида бўлмаса ҳам хитой тафаккуридан излашга ҳаракат қилади: «Сўзларда грамматик категориялар ҳақида бирор бир тасаввурга эга бўлмасликнинг иложи йўқ» (Ҳумбольдт 1979: 15).
Ф.Маттсон Ҳумбольдтнинг тўртта хати қўлёзмасини нашрга тайёрлаб, уларга изоҳлар берган. Ноширнинг қайдича, Ҳумбольдт славян тиллари билан бир қаторда, жанубий Америка тилларини ва баск, лўлилар тилини тадқиқ қилишнинг илмий жиҳатдан муҳимлигини айтади. Шу ернинг ўзида Ҳумбольдт қиёсий грамматикани яратиш учун болтиқ тилларига ҳам мурожаат қилиш кераклигини уқтириб ўтади (Mattson 1975).
Нашр қилинган хатларида Ҳумбольдт чех олими Йозеф Добровскийнинг (Dobrovsky 1753-1829) қўлланмаси асосида чех тилини ўрганганлигини эслатиб ўтади ва Добровскийнинг асарини Якоб Гриммнинг «Немис тили грамматикаси» билан қиёслайди.
Ҳумбольдт илмий ғояларининг негизида ўша давр учун етакчи бўлган фалсафий методологик қарашлар туришини унутмаслик лозим. Ҳумбольдтнинг етук олим бўлиб шаклланишига энг кўп таъсир кўрсатган фалсафий асарлар И. Кантнинг «ғоя танқиди»га оид тадқиқотларидир. Булар қаторига файласуфнинг билиш назарияси ва амалиёти, этика, эстетика ва табиат ривожига бағишланган асарлари киради.
Ҳумбольдт талқинича, тиллар халқлар ва алоҳида шахсларнинг ижод маҳсули, чунки тил нутқий фаолият жараёнида юзага келади. Тиллар – шаклан миллий. Олим лисоний анъана ҳодисасининг муҳимлигига эътиборни қаратади. Чунки, тил–авлоддан авлодга мерос. У тил ва унинг соҳиби бўлган жамоа муносабатини билиш зарурлигини таъкидлайди, зеро, тил тизимидаги умумийлик ва хусусийлик белгилари айнан жамоа ва шахс муносабатларига бориб тақалади. Бу муносабатлар асосида, ўз навбатида, тил тизимининг ижтимоий ва индивидуал хусусиятлари қарама-қаршилиги (антиномияси) шаклланади.
Ҳумбольдт томонидан ажратилиши таклиф қилинган навбатдаги антиномиялар тил ва нутқ қарама–қаршилиги (тил бир бутун ҳодиса сифатида нутқий фаолиятдан фарқ қилади) ҳамда нутқ ва тушуниш (қобилияти) қарама-қаршилигидир (ягона бир тил бирлигини сўзловчи ва тингловчи бир хилда тушунишмайди). Нутқий мулоқот жараёнидаги бир-бирини англашга эса аниқлаштирувчи (конкретлаштирувчи) маъно бирликлари воситасида эришилади. Тил ва тафаккурнинг ўзаро боғлиқлигини Ҳумбольдт улар бажарадиган вазифалар ҳамоҳанглигида кўради, зеро, тил ҳам худди тафаккур сингари ижодий жараёндир.
Умуман, И.Кант таълимоти, «соф ақл» зиддиятлари ҳақида таълимот сифатида фанлар методологияси мазмунига катта таъсир ўтказган. Кантнинг қайдича, оламнинг яхлитлиги нимадан иборат қабилидаги саволга мантиқан жавоб излаш, сўзсиз, бири–иккинчисини инкор этувчи турли жавоблар пайдо бўлишига олиб келади. Худди шу ҳолат Ҳумбольдтнинг антиномиялар (лисоний зиддиятлар) ҳақидаги таълимотида ҳам мавжудлигини пайқаш мумкин.
Ҳумбольдт назарий ғояларининг шаклланишида яна бир олмон файласуфи Ф.Шеллингнинг ҳам таъсири кучлидир. Натурфалсафа (табиат фалсафаси) оқими вакилларидан бири Ф.Шеллинг таълимотининг негизида руҳ ва табиатнинг айни бир нарса эканлиги ҳақидаги ғоя ҳамда онгнинг абсолютлиги ҳақидаги тушунча ётади. Олим материянинг ўзи руҳан мавжуд деб ҳисоблайди. Мутлақ (абсолют) онгда субъект ва объект чамбарчас боғлиқ, натижада, субъект ва объект ажралмас яхлитликни ташкил қилади, уларни бир-биридан ажратишнинг имкони йўқ. Шеллинг натурфалсафаси ўргатишича, онгдан холи бўлган табиат олдиндан мавжуддир, онг – иккиламчи. Онгнинг пайдо бўлиши эса тараққиёт жараёнининг маълум босқичларида юзага келган ҳодиса.
Ҳумбольдт илмий таълимотининг шаклланишида Гегель фалсафаси ҳам ўз таъсирини ўтказган. Маълумки, ушбу фалсафа руҳнинг субъективлиги (антропология, психология) ва объективлиги (ҳуқуқ, маънавият, давлат) ҳамда абсолютлиги (санъат, дин, фалсафа) ҳақидаги ғояларини тарғиб қилади.
Гегель материя ва онгнинг ҳар иккиси ҳам бирламчи эмаслигини таъкидлайди. Тафаккур барча мавжуд ҳодисалар манбаи сифатида инсон идрокидан холи ҳолдаги объектив ҳодисадир. Дунёнинг моддий асосини ташкил қилувчи илк умумийлик - борлиқ ва тафаккур умумийлигидан бошқа ҳеч нарса эмас. Лекин бу умумийлик бошиданоқ объективлик ва субъективлик ўртасидаги фарқни ҳам инкор этмайди.
Тафаккур бир босқичдан иккинчисига томон узлуксиз тараққий этиб борувчи билиш жараёнидир. Тафаккурнинг энг юқори тараққиёт босқичи («абсолют ғоя») руҳнинг мутлақлигидир. Бу «ғоя» бутун инсоният тарихи жараёнида «ўзликни англаш» сифатида тараққий этади.
Ҳумбольдт инсоният тарихи ҳақидаги «гегелча қарашлар»ни ёқлайди ва улардан турли халқлар маънавий бойлигининг ўзига хослиги, тилларнинг турли-туманлиги, тил ва тафаккур муносабати каби муҳим масалалар талқинида фойдаланади. Унинг фикрича, тил материянинг «изи», «тамғаси» тушган «руҳ фаолиятидир». Тил ҳам, нутқ ҳам бирламчи эмас. Ҳумбольдт таълимотида «руҳ» тушунчаси етакчи категория, аммо унга бирор бир аниқ тавсиф берилмаган. Масалан, «халқ руҳи» тушунчасининг, тил табиатини инсон умумий фаолиятининг шакли «намунаси» тарзида талқин қилиниши бунинг мисолидир. Инсон руҳининг умумий ғояси аниқ ҳолатларда халқ руҳи шаклида намоён бўлади ва бу ҳолатларни бевосита идрок қилиш, билиш имкони мавжуд. Халқ руҳини ифодаловчи восита эса миллий тилдир.
Ҳумбольдт даври фалсафасида «халқ руҳи» тушунчаси доирасига халқнинг бутун маънавий, маданий ва интеллектуал мероси, тафаккур бойлиги киради. Бу қатордаги қадриятларни Ҳумбольдт жамиятнинг аслдан эга бўлган интеллектуал маънавий, таркибий элементлари сифатида қарайди ҳамда ана шу қадриятлар мажмуаси миллат маданиятининг негизини ташкил қилади деб ҳисоблайди. Халқ (миллийлик) тушунчаси тарихий воқеалардан ажратилган ҳолда қаралиши мумкин, худди шунингдек, тил тушунчаси ҳам мавҳум мазмунда талқин қилинади. «Тил, - деб ёзади Ҳумбольдт - бутун таркибий тузилиши билан миллий руҳнинг ижодий маҳсулидир». Бир оз кейинроқ «Руҳнинг миллийлиги ва тил қурилиши бир-бири билан шунчалик даражада чамбарчаски, уларнинг бири мавжуд бўлганда, иккинчисининг бўлиши муқаррар». Тил миллат руҳининг ташқи қиёфасидир, «миллат тили унинг руҳи ва миллат руҳи унинг тилидир – бундан ортиқроқ бир-бирини такрорловчи ҳодисаларни тасаввур қилиш қийин» деб қайд қилади (Қаранг: Звегинцев 1960, 1-қисм: 71).
Do'stlaringiz bilan baham: |