2.2. Анъанавий қўйчиликдаги трансформация жараёнлари
Халқ турмуши ва маданиятини ўрганиш этнографик тадқиқот ишларида муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларидан бири бўлган Қашқадарё воҳаси аҳолисининг чорвачилиги анъана ва удумлари ҳозиргача илмий жиҳатдан жуда кам ўрганилган.
XIX асрнинг иккинчи ярми – XX асрнинг бошларида Қашқадарё воҳасининг ярим ўтроқ аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланишган, ва
шу билан биргаликда қорамол ҳам боқишган.
Улар деҳқончиликда ер ҳайдашда, ғалла экишда, сув тортишда ва бошқа юмушларни бажаришда чорва ҳайвонлари кучидан фойдаланишган. Умуман, турмуш, тирикчилик учун зарурий маҳсулотлар чорва молларидан олинган. Натижада аҳоли учун чорвачиликнинг аҳамияти тобора ортиб борган52.
Қуйи Қашқадарё воҳасининг табиий шароити яйлов учун кенг майдонларнинг мавжуд бўлиши чорвачиликни ривожлантириш учун имконият яратиб борган.
Қўйчилик Қуйи Қашқадарё воҳаси аҳолиси (ўзбеклар, туркманлар, араблар) чорвачилигида қўйчилик асосий ва сердаромад тармоқ ҳисобланган. Қўйчиликнинг ривожланиши орқали озиқ–овқат маҳсулотлари гўшт, сут, қимматбахо хом ашёлар тери ва жун олинган.
Қўйларнинг аксарият қисми бойлар қўлида тўпланган. Лекин айрим кишиларнинг рўзғорини зўрға тебратиб, ўзини таъминлайдиган уч–тўртта қўйи бўлган. Кўпчиликнинг эса умуман қўйи бўлмай, бой ва қўйи кўпроқ қариндошлариникида хизмат қилиб кун кечиришган.
Ўзбеклар бурун қоракўл тери ва ёғ – гўшт маҳсулотлари берадиган турли зотли қуйлар етиштиришган. Қоракўл қўйлари Қашқадарёнинг Қарши, Ғузор, қисман Чироқчи бекликларида боқилган. Ярим кўчманчи қарлўқ, найман, сарой, қатағон, месит, манғит, ёбу (жобу), хитой, уз, уч уруғ ва бошқа ўзбек уруғлари қоракўл қўйларини боқишган. Қоракўлчилик билан қуйи Қашқадарё ҳавзаси (Помиғ, Чандир, Сариқ) туркманлари, Бухоро вилоятининг ҳозирги Олот, Қоракўл ўзбеклари, Марказий Осиё араблари (хусусан қуйи Қашқадарёдаги Жейнов, Косон, Пулати араблари) шуғулланишган.
Қоракўлчилик Қашқадарё ва қуйи Зарафшон ҳавзасида ўтроқ яшовчи ўзбек бойлари хўжалигида энг муҳим ўринда турган. Бу бойлар ўзбек ёки араблардан тажрибали чўпонлар ёллаб қўй боқтиришган.
Марказий Осиё ҳудудида думбали қўйлар ҳам қадимдан кўп тарқалган. Ўзбеклар уларнинг бир нечта зотларини гўшт – ёғ учун етиштиришган. Бу қўйларнинг қоғоқи, ҳисори ва жайдари зотларини боқишган. Жайдари ва қозоқи қўйларни юқори Қашқадарё (Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи бекликларида), уруғлари боқишган. Бу ҳисори зотли қўйлар гўштли жайдари қўй ҳам гўштли, ҳам жундор бўлган. Қора тери берадиган қўйларни араби ёки дусвойи, кўк тери берадиганни шерози, сариқ–малла тери берадиганни олтин, кумуш тусдаги тери берадиган қўй зоти сур, бундан ҳам тиниғи олтин, кумуш рангли тери берадиган қўйларни антик дейишган.
Чўпонларнинг пири “Чўпонота” ҳисобланган, “Чўпонота қўлласин” “Чўпонота мадад берсин” каби ибораларни чўпонлар кўп ишлатишган. Чўпон сўзи – “Чўп сақловчи” , “Чўп қўриқловчи” деган маъноларни ифодалайди. “Чўпон боқадиган қўйлар тўдаси “сурув”, ёки “отар” дейилган. Ҳар бир сурувда тоғ олди жойларда 500 – 600 тагача қўй боқилган, чўл зоналарда 600 –1000 тагача қўй боқилган. Айрим кишиларнинг 5–6 тадан зиёд қўй ва эчкилари бўлса, баҳор, ёз ва куз ойларида бир отарга бирлашиб махсус чўпон “чаганабоқар” ёлланган.
Чўпоннинг ёрдамчиси чўлик, яна бир ёрдамчиси эса обкаш дейилиб, сурувни суғоришда ёрдамлашган, нон ёпган ва овқат тайёрлаган. Тул даврида чўпоннинг ёрдамчилари яна 2–3 кишига кўпайган. Бойларнинг 2–3 ва ундан ҳам кўпроқ сурувлари бўлган. Бу сурувлар устидан довонбеги умумий назорат қилган. Ҳар бир отарнинг ўз қудуқлари бўлиб, бу қудуқлардан сурув суғорилган. Қишлоқларда эса жамоа қудуқлари бўлиб, чорва ва қишлоқ аҳолиси сув ичишган. Қудуқ бўлмаган яйловларда кок ва сардобалардан қўйлар суғорилган. Сардобалар асосан қўйи Қашқадарёнинг чўл ҳудудларида қўрилган, махсус сув сақлайдиган иншоат ҳисобланган. Улар асосан қор ва ёмғир сувлари билан тўлдирилган.
Чироқчилик кекса чорвадор Файзулла бобонинг таькидлашича: қўзи ва қўйлар ёшига қараб турлича номланган. Бир ёшгача қўзи, бир ёшдан бир ярим ёшгача – тухли, бир ярим ёшдан икки ярим ёшгача – шишак, уч ёшдаги – новчари, тўрт ёшдагиси – чори, беш ёшдагиси – панжи, олти ёшдагиси – манги, етти ёшдагиси – чанг деб номланган. Қўй туғиб қўзиси ўстиришга қолдирилса қўзили қўй, боласи нобуд бўлса ёки тери учун сўйилса сувой ёки буйдоқ, қўй дейилади.
Соғиладиган қўйлар “марри қуй” , соғилмайдигани “шанги”, қисир қўйлар “касал қўйлар”, “қирриқ қўйлар”, туғмаган қўйни “тусоғ қўй” ҳам дейилади53.
Баҳор – чорвадор чўпон –чўлиқларнинг тумушида энг муҳим ва асосий мавсум ҳисобланади. Чунки йилнинг жуда қийин фасли қишдан омон қолган қўйларни тағин ўлдирмасдан сақлаб қолиш ва молларни кўпайтиришнинг тақдири шу фаслда ҳал бўлади. Баҳор фаслининг бошланиши эски Шарқ халқлари йил тақвумига кўра ҳут ойига тўғри келган. Бундан ташқари қадимги Шарқ халқларида йилнинг боши Баҳор фаслига тўғри келганлиги сабали бу фаслнинг серёғин ёки қирғоқчил келиши чорва молларининг бир йиллик тақдирини белгилаб берган. Агар баҳор кам ёғинли ва қирғоқчил келса, бу чорвадорлардан қўшимча меҳнат ва машаққатни талаб қилар эди албатта. Шунинг учун чорвадорларнинг бутун диққат эътибори чорва туёғини кўпайтиришда бўлган, чўпон – чўлиқларнинг масъулияти эса янада ортган.
Қўйчивонлар сурувни ваҳорги яйловга ҳайдаш олдидан маълум расм–русумларни бажаришган. Масалан, чўпон қўйларни офатдан сақлаш учун машъала билан қўтон ичига кириб айланган. Қўйларни қўтондан чиқишдан аввал исириқ тутатилган. Отар эгаси ёки бой баҳорги яйловга кўчиш олдидан қишлоқлардаги обрўли кишилар ва кексалар, чўпонларни чақириб, қўй сўйиб зиёфат берган. Мулла чўпонлар пири Чўпонотага бағишлаб дуо ўқиган. Баҳордаги ва ёзги яйловлардан қишги қўтонга қайтишда ҳам қўйларни турли бало – қазолардан асрасин деб қўтон олдига олов ёқишган, исириқ тутатилган. Қўй сўйиб зиёфат берган, Чўпонота ҳаққига дуо қилинган.
Февралъ ойи охири, март ойи бошларида тул олина бошлайди. Бу давр чўпонлар учун жуда муҳим синов даври ҳисобланади. Тул даврида сурув махсус яйловда боқилган. Чўпонларнинг энг оғир ва машаққатли меҳнат даври мана шу вақтга тўғри келади.
Қўйчувонлар тул тушиши олдидан қўзилатишни яхши ўтказиш учун қўйларга махсус жойлар белгилашади. Чўпонлар бу вақтда яйловларга катта эътибор беришган. Чўпон–чўлиқлар бундай пайтда совлиқларни қорда ёки музлаган ерда қолдирмаган, қўйларга қудуқдан эндигина тортиб олинган илиқ сув беришган.
Чўпонлар бу даврда туғадиган қўйларни узоқ ерга ҳайдаб чарчатиб қўйиш ва қўрқитиш катта зиён ертказади, деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун ҳам мумкин қадар эҳтиёткорлик билан боқишган, акс ҳолда чўпонлар бўғоз қўйлар бола ташлаши мумкинлигини тажрибаларидан билишган.
Қўйчивонлар ота–боболари тажриба ва анъаналарига қатъий риоя қилишиб қўйларни меъёрида озиқлантиришган. Мабодо қишки яйловлар яхши бўлмай, баҳорда ўсимликлар кечикиб чиқса совлиқларга қўшимча ем–ҳашак берилган.
Баҳорда ўт–ўланлар эндигина кўкара бошлаган ёки совуқ таъсирида ўсиш кечикканда қийинчилик туғдиради. Кўкка оғзи теккан қўйларнинг қорни ўтга туймайди, қуруқ ўтни емай, оч қолади ва жуда ориқлай бошлайди. Ана шундай пайтларда қўйларни тўқ тутиш чўпондан катта маҳорат талаб қилади. Қоракўлчилик фермаларида ҳозир ҳам бу пайт энг масъулиятли давр ҳисобланади.
Чўпонлар бу қийинчиликларни енгишда қадимги тажрибалардан фойдаланишган. Бу пайтда чўпон қўйларни кечаси боққан. Нам тушиб хасни юмшатади, қўйлар кўк ўтнинг ҳиди билан қуруқ ҳашакларни ҳам истеъмол қилаверади. Натижада қўйлар семиради ва турли касалликларга чалинмайди. Айрим чўпонлар бунга бефарқ қараб, қўйларни нобуд қилиб қўйишади дейди, Нишон туманида яшовчи кекса чўпон Ҳамро бобо54.
Касби туманида яшовчи Бўри бобо Абдиев 40 йилдан зиёд Бухоро ва Қарши чўлларида чўпонлик қилган. У ўзининг тажрибаларига асосланиб, бўғоз қўйларни бир жойда ётқизавериш ҳам зарар, чунки уларнинг боласи яхши ривожланмайди. Шунинг учун қўйларни тез–тез ўрнидан турғазиб қўзғаб туришда ҳам гап кўп, дейди55.
Муборак туманида яшовчи тажрибали чўпон Алиқул бобо Иброҳимов ҳашак еб юрган қўйларни бирдан кўк ўтга қўйиш хавфли деб ҳисоблайди, чунки қўйлар кўк ўтни бир мартта тўйиб еб қўйса кўкичак касаллигига чалинади. Бу касаллик эса қўйнинг офати ҳисобланади. Бундан ташқари бунинг яна бир ёмон томони борки, агар бўғоз қоракўл қўйлари туллаши олдидан кўк ўтни ҳаддан зиёд кўп еса, қорнидаги қўзичоқнинг жуни ўсиб кетади, бу эса қоркул тери сифатини пасайтиради56.
Ёрдамчи чўпон–чўлиқлар туғилган қўзиларни озиқланишига ёрдамлашишлари лозим эди. Агар она қўй туққан заҳотиёқ ўз боласига қарамай қўйса, у ҳолда қўй ва қўзилар махсус чуқурларга –“ўрага” ёки совуқда бўлса ертулага солиб қўйилган. Бундан мақсад она қўйни боласига меҳр қўйдириш бўлган. 2–3 кунлик қўзиларни эса алоҳида–алоҳида гуруҳларга ажратишган. Айрим еркак қўзилар тери олиш учун сўйилган, қўзиси сифатлилари эса насл қолдириш учун боқилган. Қўй эгиз туғса, энг каттаси қолирилган, кичиги эса сўйилган.
Баҳорда (март– апрелъ) эрталаб шудринг тушишидан бошлаб кечгача сурув яйловда бўлган. Пешинга яқин қўйларга сув берилган, об–ҳаво илиқ бўлса, кечқурун ҳам сурув яйловда боқилган. Қўйларга қуруқ ем берилиб, кейин икки – уч соат яйловга ҳайдалган, қайтгач яна қуруқ ҳашак ва ем берилиб боқилган. Айрим қўйчивонлар кўкламда об–ҳаво тез–тез ўзгариб турганидан ўз қўйларини қўтондан узоққа ҳайдамаганлар.
Эрта кўкламда – февралдан то мартнинг ўрталаригача қора қилтинг бўлиб, бу эса серташвиш давр бўлган. 40 кун давом этадиган бу қилтинг тул даврига тўғри келиб чорвадорлар учун синов ҳам ҳисобланган. Бу даврда қўйлар бутун кечаси давомида, баъзан эса эрталабгача ўтлатилган. Йирик отарларда бир кеча кундузда 100, ҳатто ундан ортиқ ҳам қўй қўзилаган. Бу пайтда чўпонлар эҳтиёткорлик билан иш тутганлар. Қўзилар, қўйлар, қўй эгалари турган жойдан узоқда ўтлатилмаган. Қўзилатиш даври тугаши билан чўпонлар қўй ва қўзиларни парваришлашга катта эътибор берганлар. Қўзиларнинг ўсишига қараб улар боқиладиган чегара масофаси ҳам кенгайтирилиб борилган.
Чўпонлар кўкламдан бошлаб она қўйлар учун яқинроқдаги яйловлар, қўзиси бўлмаган–сувой (бўйдоқ) қўйларга эса узоқдаги яйловлар ажратилган.
Совлиқлар қўзилай бошлаши биланоқ қисир қўйлар ажратиб олиниб, алоҳида боқилади.
Кўкламда қўйлар икки гуруҳга ажратиб боқилган: қўзили қўйлар эрталаб яйловга ҳайдалади ва пешингача боқилади, кейин эса суғоришга, “сувлат”га келади.
Қисир қўйлар бир сурув қилиниб эрталаб яйловга ҳайдалади. Баъзи чўпонлар ўз қўйларини уч гуруҳга бўлишган: биринчиси тери учун ёки бошқа сабабларга кўра сўйилмаган марри қўйлар, иккинчиси совлиқ қўй, бўғоз қўйлар, учинчиси қисир қўйлар. Қўзиси сўйилган марри қўйлар билан қисир қўйлар эрталаб яйловга ҳайдалиб қўтонга келтирилмайди. Ҳар куни соат 11 ларда суғорилиб озгина дам олишган, яна яйловга ҳайдалган ва тўйгунча ўтлатилган. Май ойига келиб кўклам мавсуми ниҳоясига етади. Қўйлар узоқ-узоқларга олиб бориб боқилади. 400 дан 600 бошгача қўйи бўлган кишилар ўз қўйларини алоҳида боқиб, махсус чўпонлар сақлаган.
Ҳар бир қишлоқ чорвасининг алоҳида – алоҳида ўз яйлови бўлган. Ёзда чорвадорлар марри ва қўзили қўйларни ва қўчқорларни алоҳида – алоҳида сурув қилиб боқишган. Бундан мақсад қўйларни туйиб ўтлашига, ва чўлда яйраб юришига эришишдир. Қўчқорлар учун алоҳида, она қўйлар учун алоҳида чўпон тайин қилинган. Чўпонлар ўртасида сурувлар ажратилгандан кейин, белгиланган яйловларда қўйларни боқа бошлаганлар.
Ёз ойларида қоракўл қўйларни яйловда боқиш режими ҳам кўкламдагидан фарқ қилади. Чўпон қўйларни эрталаб соат бешдан 9 гача яйловда боққан. Соат 9 –10 лар ўртасида қўйлар суғориш учун сувлатга ҳайдалган. Соат 10 дан 12 гача ёки бироз кечроқ икки соат яйловда боқилган. Буни чўпонлар гарм деб атаганлар. Қўйлар соат 12 дан 15 гача қора ётоқ қилингач 15 –16 гача яна суғорилган. Кечки қора ётоқ 20 –23 гача бўлиб, соат 24 дан то эрталабгача яна ўтлатилган. Баъзан кечаси 2 дан 5 гача дам берилган, тартиб ҳар куни шундай такрорланиб борган.
Ўтмишда қўйларни даволаш учун махсус дорилар бўлмаган. Дори–дармонларни чўпонларнинг ўзлари турли хил гиёҳлардан тайёрлашган.
Тўлдан кейин сурув ёзги яйловга ҳайдалган, бу яйловлар қишлоқдан анча олисда бўлган. Чўпонлар ёзги яйловга секин кўчганлар. Ёзнинг иссиқ жазирама кунларида сурув кеча–ю кундуз яйловда бўлган ва кунига икки марта эрталабки боқувдан сўнг суғорилган. Бу пайтда чўпонлар ўзлари ҳам дам олишган. Ёзги жазирамада қўзиларгина эмас, балки катта қўйлар ҳам қийналади. Шу туфайли чўпонлар ўз сурувлари ўтлайдиган жойлардаги паст–баландликлардан мумкин қадар кўпроқ фойдаланганлар.
Ёзнинг жуда иссиқ келиши ва айрим вақтларда эсадиган иссиқ шамоллар (гаремсел, афғон шамоли) чўпонлар ишини оғирлаштирса, айни вақтда у тупроқ ва ўсимликларни турли паразитлардан зарарсизлантиришга жуда фойдалидир. Чунки бу об–ҳаво қўйларни турли юқимли касалликлардан сақлайди.
Кузда сурув қишги қўтонларга яқин жойларга ҳайдалган. Лекин қишги қўтонларнинг атрофида қишлаш учун махсус яйловда қолдирилган. Сурувлар кўпинча қишлоқлардан узоқда чўл – дашт ҳудудида боқилган57.
Йил фаслига қараб чўпонлар қўйларни турли усулларда боқишган. Масалан, қишда, кузда ва баҳорда сурув яйловнинг бир қисмида, ёзда эса бир қисмида боқилган. Кузда қўйлар тоғ ён–бағри яйловларида боқилиб, сўнгра қишловга кириб келган. Чорвадорлар қайси яйлов ўзларига қулай бўлса, қишловни ўша ерда ўтказишган. Боқилаётган қўйларнинг аҳволи ва яйловнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда айрим чорвадорлар қишловчи ўз қишлоқларида, айрим қишлоқ яқинларида, баъзилари қишлоғидан анча узоқда ўтказганлар.
Қишда сурувлар махсус жойларда “қўтонлар”да сақланган. Қўтоннинг жануб томони ёпиқ ва ярим ёпиқ шаклда қўрилган. Бу сурувни қаттиқ шамолдан қор ва ёмғирдан сақлаган. Қўтонларнинг қўрилиши жуда оддий усулда бўлган. Қўтоннинг ёнида ўтов ва пахсадан ясалган чўпонларнинг истиқомат қиладиган хонаси – “қўшхона”си бўлган. Нон овқат пиширадиган алоҳида хонаси – “мардхона”си ҳам бўлган. Одатда сурув қиш вақтида бу қўтонларда тахминан 90 кун сақланган ва бундан 50– 60 куни совуқ бўлганлиги учун сурув яйловдан кўп узоққа чиқарилмаган. Илиқ кунларда эса чўпонлар сурувни яқин яйловга ҳайдаганлар. Қишлов жойида очиқ ва ёпиқ қўтон, янтоқ, шувоқ, харракдан иборат бўлган алоҳида қўралар бўлган. Бу тоғлар этакларидаги яйловларда чорва учун қулайлиги қанча муҳим бўлмасин, чўпонлар у ерда узоқ турмаганлар. Табиий хилма – хиллиги, ем – ҳашакнинг кўп ёки тақчиллиги қўйларни ҳайдаб боқиш учун сабаб бўлган.
Қор кўп ёғиб ҳаво жуда совуқ бўлса, қўтонда қўйларни қўзғаб ем– ҳашак бериб турилади, акс ҳолда қўйлар босқоқ касалига дучор бўлган. Қишлов даврида чўпонлар қўйларни тартибли парвариш қилиб суткада бир марта суғоришган. Қўйлар келиши олдидан қудуқдан сув тортилган чунки қудуқ суви қишда илиқ бўлиб, қўйлар учун ниҳоятда фойдали бўлади. Қўйларни совуқ сув ичишига йўл қўйилмаган, чунки совуқ сув ичган қўй чала қўзи туққан ва қўзи касалига дучор бўлган.
Чўпонлар мумкин қадар ўсимлик яхши ўсадиган ва жойнинг релъфи қулай, қор босиб қолмайдиган яйловларни танлашга ҳаракат қилиши керак бўлади. Бу чўпондан катта тажриба талаб қилади58. Қўйларни қишловдан чиқариш чорва билан шуғулланувчи барча кишиларни, айниқса, чўпонларнинг турмушида оғир давр ҳисобланиб, машаққатли меҳнат талаб қилади. Айниқса, етарли ем–ҳашак тўпланмаган пайтда ҳамда яйловда ўтларнинг етишмаслиги чўпонларни оғир қийнаб қўйган.
Қишнинг қаттиқ совуқ кунлари чўпоннинг ўзи ҳам қўйлар билан қўтонда ўтказган, кечалари қўйларни бир неча бор тўрғазиб ҳаракатлантириб турган. Ҳавонинг тез–тез ўзгариб туриши, совуқ билан илиқ, қор билан ёмғир алмашиниб турганда, қўйларни боқиш тартибини шароитга мослаб ўтказишга тўғри келган. Қаттиқ шамол кунлари қўйларни қочириб қўймаслик учун катта эътибор билан ўтлатилган. Тажрибали чўпон Пўлат бобо Ғаниев “қўйни тилини билиб боққан чўпон тирсагигача мойга ботади”, “қўйга сен бир марта қарасанг, қўй сенга уч марта қарайди, яъни гўшти, териси ва жуни билан” дейди59.
Қоракўл қўйларнинг табиати жуда нозик бўлиб, уларни ҳар доим янги яйловларга кўчирганда ўтлар кўп бўлса танлаб ейди. Чўпон яйловни қанча кўп алмаштирса, қўй шунча яхши семиради.
Ҳар бир сурувда иккита ит бўлиб, улар қўйларни қўриқлаган. Чўпонларни яшаши ва бошқа керакли анжомларни олиб юриши учун иккита эшаги ҳам бўлган. Ҳар бир чўпонга маошидан ташқари яшаши ва отига арпа ёки жухори бериб турилган. Чўпон ҳар доим ўзи билан пичоқ, таёқ, игна, ип, бигиз, жуволдиз, чакмон ва кепанак олиб юрган. Бундан ташқари чўпоннинг нон солиб юрадиган халтаси бўлиб, эчки терисидан қилинар ва уни “чаноп” деб аташган. Чўпон яйловда доим ўзи ёки чўлиқ тайёрлиги учун ҳамиша ёнида коса, пиёла, қошиқ олиб юрган. Бу анжомларни солиб юрадиган идишни чармдан тикишган. Унинг узунлиги ярим метр бўлиб, чўпон ёнига тақиб юрган. Уни гудар ёки гидар деб аташган. Чўпонлар гидарни кўпинча Самарқанд, Бухоро, Қарши, Косон шаҳарларининг бозорларидан сотиб олишган. Чунки бу ҳудудларда ҳунармандчилик бошқа жойларга нисбатан анча ривожланган эди. Бу буюмлардан ташқари чўпонлар чой қайнатиш мақсадида ўзлари билан доим қора қумғон ҳам олиб юришган. Қора қумғонда қайнаган чой бошқа чойларга нисбатан ҳушбўйлиги ва мазаси билан ажралиб турган.
Қоракўл қўйларни боқиш ва даволашда чўпонлар узоқ вақтлар давомида сақланиб келаётган одатларини қўллаб, ветиренария ёрдамини ҳам ўз зиммаларига олишган. Чунки қўйлар касал бўлса, турли хил емиш бериб, яраланган ерларига ёғ суртишган. Баъзан улар касал қўйларни даволашда турли ирим–сиримлардан ҳам фойдаланишган.
Халқимизда “Чўпоннинг таёғидан, келиннинг оёғидан” деган ибора мавжуд. Агар таёқ устидан эҳтиётсизлик қилиб ўтилган бўлса, орқага қайтиб яна хатлаб ўтиши лозим бўлган. Одамлар ўртасида кимки чўпон таёғини қасддан босиб ўтса ёки хатласа таёқ каби қўрийди ёки қўй сурувига бало келади, деган тасаввурлар бор. Яна ҳомиладор аёл чўпон таёғини босиб ўтса, туғиши тезлашар эмиш. Чўпонлар таёққа қараб қасам ичишган, таёқ авлоддан–авлодга ўтган. Таёқ заранг, қайрағоч, ёнғоқ каби дарахтлар новдасидан тайёрланган. Кексайган чўпон ўз таёғини ўғлига топширган ва бутун маросим катта жамоа иштирокида тантанали ўтказилган.
Чўпон тўйи чўпонларнинг катта маросимларидан бири бўлган. Унда 50 дан 100 тагача киши қатнашган. Чўпон танишларини ўз ўтовига ёки бирор тепаликка таклиф қилган, ва уларни қўй сўйиб меҳмон қилган. Созандалар чақирилган, кўпинча чўпонларнинг ўзлари ашула айтишиб хурсандчилик қилишган.
Биз юқорида қуйи Қашқадарё воҳаси қўйчилиги билан боғлиқ удумларнинг баъзиларига тўхталдик. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки XX аср бошларида қўйчиликдаги миллий удумларимизга путур ета бошлади. Айниқса СЖК деган офат қўйсиликнинг кушандасига айланди.
Кейинги йилларда Қашқадарё воҳаси аҳолиси чорвачилигининг бир тармоғи бўлмиш қўйчилик билан боғлиқ анъаналар ва урф –одатлар воҳа аҳолисининг сайи ҳаракати билан сақлаб келинмоқда, ва қадимги наслдор қўйлар зотларини янада кўпайтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Ғузор туманида яшовчи фахрий чорвадор Ўткир Жумаевга чорвачиликнинг қоракўлчилик тармоғини ривожлантиришдаги кўрсатган хизматларини инобатга олиб, Президентимиз томонидан 2020 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор” ордени билан тақдирланиши воҳада чорвачилик соҳаси кейинги йилларда янада ривожланаётганидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |