Туроб Тула кўчаси (1991 йилгача 9-Январ кўчаси) Бешёғоч майдони билан Ўзбекистон шохкўчаси оралиғида жойлошган. Кўча шу ерда 1936 йилда қурилган, мутахасислар уйида яшаб ижод қилган шоир ва драматург Т.Тула номи билан аталган. Ушбу кўча 1903 йилда кўнка, 1913 йилда трамвай йўли ўтиши муносабати билан вужудга келган. Кўнка ва трамвай Чорсу майдони билан Бешёғоч кўча ва Бешёғоч майдони орқали Тошкент вокзалини боғлаб турган. Кўчанинг 9-Январ дейилганига сабаб, Анҳор каналининг трамвай йўли ўтган соҳилида 1905 йил 9-январда Петроградда бўлиб ўтган қўзғолон (тарихда қонли якшанба номи билан эсланади) иштирокчилари Тошкентга сургун қилинганидан сўнг бунёдга келган пастак уйлардан иборат маҳалла. Январский посёлка деб аталган. Кўча тушгандан кейин 9-Январ номи билан атала башланган.
Даҳа маҳалла, мавзелар ва ёдгорликлари ҳақида қисқача маълумот
Камолон — Бешёғоч даҳасидаги маҳалла. Дархон, Эшонгузар, Янги маҳалла, Самарқанд дарвоза, Гулистон маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Хўжакўча ва Фуқаро кўчаларига бўлинган. Хўжа Аъламбардор мақбараси ва қабристони бор. Новза, Қозиробод, Дўмбиробод, Қонқус мавзеларида деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланганлар. Асли «Камонгарон» яъни «Камонсозлар» кейинчалик оғзаки тилимизда Камолон талаффузида етиб келган.
Ривоятларга кўра фотиҳ Қутайба ибн Муслим ва унинг сафдошлари исломни ёйиш мақсадида VIII асрнинг бошларида Шош мулкига кириб келадилар. Унинг сафдошларидан бир гуруҳи – яъни комил кишилар Шошнинг ҳозирги Камолон маҳалласи деб аталувчи қисмига жойлашадилар. Камолон, яъни комиллар деб аталувининг боиси шундан, деган фикрлар ҳам бор. Муҳаммад Солиҳ «Тошкентнинг янги тарихи» асарида эслатиб ўтган хиёбон дарвозаси рус ёзма манбаларининг айримларида «Камолон» дарвозаси деб тилга олинган. «Тошкентнинг янги тарихи» асарида эса Камолон маҳалла номи сифатида учрайди.
Хўжа Аъламбардор мақбараси Камолон дарвозаси ёнидаги Хўжа Аъламбардор қабристонида жойлашган. XIX асрда нураб қолган мақбара ўрнига қурилган. Ривоятларга кўра мақбара Ўрта Осиёда Ислом динининг дастлабки тарғиботчиларидан бири имом Абубакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал—Қаффол Шоший сафдошларидан бири, минг йил илгари вафот этган Хўжа Аъламбардор (байроқдор) шарафига қурилган. Ислом тарихида ислом байроқдорлари энг ҳурматли ва иззатли инсонлар ҳисобланганлар. Ҳозирги мақбара XVIII асрда унинг тахмин қилинган Камолон дарвозаси ортидаги қабри ўрнига қурилган. Энциклиопедик маълумотларга қараганда Ислом фотихлари Шошга келганда лашкарнинг байроқ кўтарувчиси, яъни аламбардори Абдул Азиз Камолон дарвозаси ташқарисига ислом туғини қадаган. Ўша жой ҳозирда Хожа Абдул Азиз Аъламбардор қабристонининг ўртасида бўлиб, кейинроқ ўша жойга сағана қурилган. Аслида Хожа Аъламбардор умрининг охирида Сайрамда яшаб, ўша ерда вафот этган. Демак, мазкур мақбара рамзий бўлиб, унга Хожа Аъламбардор қўйилган эмас. Мақбара ичида ўша вақтда қўйилган ислом байроғи туғи ҳамон сақланади. Туғда “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзлари ёзилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |