ҲАР БИР СЎЗДА ЯШИРИН ТАРИХ
«..Барча тарихий исмлар ва жойларнинг номлари
халқнинг моддий мулки ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади.»
ЎзбекистонРеспубликасининг
Давлат тили ҳақидаги қонундан
Топонимика ўзи нима? Топонимика – географик номларнинг этимологик маъносини ўрганадиган фан бўлиб, маҳалла, кўчалар, майдонлар, сув ўзанлари, чўққи ва воҳа номларини ўрганишда бизга жуда катта ёрдам беради. Шунингдек, шаҳарларнинг ҳосил бўлиш тарихи, аҳолисининг касб-кори, уларнинг этник мансубликлари ва бир қанча маълумотларни ўз ичига қамраб олади.
Тошкент ўзининг 2200 йиллик тарихи давомида ўз ўрнини бир неча марта ўзгартириб, ҳар сафар янги-янги номлар қолдирганидай. Унинг даҳа, дарвоза, маҳалла ва кўчаларига берилган номлар маълум маъноларини ифода этади. Ҳам маҳалла ва мавзеларининг кўпи айниқса, дарвозалари аллақачон йўқолиб кетган. Аммо улар тарих учун, фан учун йўқолган эмас. Улар халқимиз тарихини ўрганишда бебаҳо хазинадир.
Кўчалар, ариқлар, майдонларнинг номларида турли лингвистик қатламлар намоён бўлган – суғд, турк, араб, эрон номлари бор. Буларнинг ҳаммаси тарих! Таниқли рус олими Н.И.Надеждин «Ер – бу топонимлар ёрдамида инсоният тарихи битилган китобдир», — деган эди.
Қўйилган саволнинг асл маъносини тасаввур қилиш учун гапни ўзимизнинг Чирчиқ воҳаси тарихидан бошласак. Бобур ўзининг «Бобурнома» номли асарида бу дарёни Чир-суй деб тилга олган. Сир-чиқ, яъни Кичик Сир (Кичик дарё) деб изоҳлаш мумкин.
Зардуштийларнинг қадимий ва муқаддас китоби «Авесто»да Сирдарё ҳавзасидаги мамлакат «Турон», аҳолиси эса «турлар» деб юритилган бўлса, Сосонийлар шоҳи Шопурнинг Зардуштийлар каъбасидаги 262 йилдаги қоятош ёзмаларида Чирчиқ воҳаси Чоч номи билан аталганлиги эслаб ўтилади.
Эрамиздан аввалги II асрларда ва эрамизнинг бошларида у энг бой сув ресурсларига, ер ости бойликларига, яйлов ва экин майдонларига бой бўлган эрамизгача бўлган III ва эрамизнинг IV асрларида Қанқа ва Қушон давлатларига қарар эди. Чоч воҳасида жойлашган Қанқа ёдгорлиги билан бир қаторда замонавий Тошкент ҳам ўз тарихини 2200 йил олдин бошлаган. Бу маълумотларлар 2000-2002 йилларда Тошкентнинг шаҳар маданиятини археологик жиҳатдан ўрганиш натижасида аниқланди. Бу йилларда Жун канали бўйидаги Шоштепа ёдгорлигидан қўлга киритилган янги илмий маълумотлар қадимда Сирдарёнинг қуриб бораётган қуйи қисмларидан аҳолининг Тошкент воҳасига кўчиб келишини исботлаб берди. Тошкент воҳасида милоддан олдинги IX-VII асрлардан бери истиқомат қилиб келган ўтроқ деҳқонлар маданиятининг Сирдарё ҳудудларидан келган аҳолининг шаҳарсозлик маданияти аралашуви натижасида миллоддан олдинги II асрда Чочнинг илк шаҳарлари –Қанқа ва Шоштепа пайдо бўлди.
Шаҳаримизнинг Чилонзор туманида Эркин, Юнусобод туманида Шибли, Учтепа туманида Қаъни шунингдек, Себзор даҳаси рўйхатларида Қанғли кўча каби маҳалла ва тураржой номлари учрайди.
Туркий халқлар бир гуруҳ қабилалар уюшмасининг умумий номи қанғли деб аталган. Улар милоддан аввалги III асрларда Сирдарё бўйларида йирик Қанғ давлатини барпо қилганлар. Аҳолисини эса қанғлилар деб аташган. Ҳозирга Оққўрғон тумани ҳудудида милоддан аввалги III милоднинг ХII аср бошига оид шаҳар харобаси Қанғтепа деб аталади. Қадимги Хитой ёзма манбаларида Қанқа, Қанғюй, Харашкат номларида келган Қанғ давлатининг пойтахти бўлган. Ўрта асрларда Харашкат шаҳри Чоч вилоятида Бинкат (Тошкент)дан кейин иккинчи шаҳар ҳисобланган.
20 га яқин қабилалар уюшмасида Қанғли, Қаъни каби йирик қабилалар Чипли, Иркин каби уруғлар ҳозирги Тошкент шаҳри ҳудудида яшаган. Вақтлар ўтиши билан Чипли-Шибли, Иркин-Эркин кўринишини олган.
Кейинчалик (VI—VII асрларда) Чoч ғарбий турк ҳоқонлиги таркибига, сўнгра араб халифалиги таркибига кирган. Табиийки, бу ўзгаришлар нафақат иқтисодий ҳаётга, балки атамаларга, тилга, маънавият ва маданиятга бевосита таъсир этган.
2200 йилдан ортиқроқ тарихга эга бўлган Тошкент шаҳрининг бизгача етиб келган ёзма манбаларига тўхталсак: Беруний ўзининг «Ҳиндистон» номли асарида Тошкент номининг келиб чиқиши ҳақида сўз юритиб, «тош» сўзи туркча бўлиб, «шош» кўринишини олган. «Тошкент – тошли қишлоқ демакдир», — деб изоҳлайди. У воҳанинг номига ҳам тўхталиб, уни пойтахт номи Шош (араб.—илгариги Чоч) билан ҳам боғлайди. Шаҳар тарихини ўрганувчи олимлар шу фикрни ўзларига асос қилиб олганлар. Жой номларининг аксарияти кўҳна тарихнинг маҳсули бўлиб, бу номларнинг пайдо бўлиши, яратилиши, номланиш сабаблари ҳақида халқ орасида кўплаб афсона ва ривоятлар, хаёлий талқинлар яратилган. Халқ орасидаги ривоятлардан бири, шаҳарни қўл остига олган баҳодир Тош номи билан боғлайди. Кўпинча афсона ва ривоятлар мазмунида рационал маъно ва халқ фантазиясининг реал асослари ётади. Тошкент ҳақидаги дастлабки маълумотлар милоддан аввалги II аср – милоднинг V асрларига мансуб Хитой манбаларида ҳам учрайди. Уларда Тошкент вилояти қадимда «Ши» деб ҳам номланган. «Чоч» сўзининг хитойча талаффуз этилиши натижасида ҳосил бўлиб, «Ши» топоними хитойчада «Тош» маъносини англатган.
Туркийлар сўғд ҳокимлари ўрнига турк аъёнларини қўйганлар. Чоч воҳаси ҳокими Тош деб аталган (хитой транскрипциясида Ши). Афсонада суғд эли ерлик ҳокимининг ўлими тасвирланган бўлиб, Деле исмли туркий билан алмаштирилгани ва у ўзини Тош деб атагани ҳикоя қилиниб, «Тошнинг шаҳри», яъни «Тошкент», хитой йилномаларда эса «Хан-Чже-Ши» деб юритилган. Шу атамаларнинг ўзида турлича бўлган сўзлар – кент (форс тилида) ва ва тош (туруккийча) сўзлар борлигини кўрамиз. Кент сўзи “шаҳар”, “қишлоқ” деган маънони билдиришни бундан 1000 йиллар бурун Наршахий, Беруний, Маҳмуд Қашғарий асарларида қайт этиб ўтилган эди. Бу сўз жуда қадимий сўз бўлиб, қанд, кент, кат, кан кўринишларида учрайди. Самарқанд, Паркент, Пскент кабилар. Бу терминлар келиб чиқиши ҳақида прф. В.В.Бартольд – бу сўз Эронийлардан Туркий халқларга ўтган бўлиб шаҳар, қишлоқ деган маънони билдиришини асарларида айтиб ўтган эди.
Шаҳардаги номлар турли даврлар маҳсулидир. Асрлар оша “хиралашган”, “ғубор босган” қадимий номлардан бири Афросиёбдир. Шаҳримиздаги Мингўрик тепалиги XIX аср охирларигача шаҳарликлар орасида Афросиёб тепалиги номи билан машҳур бўлган. Шунингдек, Чиғатой маҳалласидаги қадимги Жарариқ бўйида ҳам Афросиёб тепалиги бўлган. Бу тепаликлар Турон мамлакатининг қадимий афсонавий шоҳи Афросиёб (туркий исми Алп Эр Тўнга) номи билан аталган деган ривоятлар юрарди. Жарариқ бўйидаги Афросиёб тепалигини Шоҳ нишин – “Подшо ўтирадиган жой”, “тахт” деб ҳам атаганлар.
Юсуф Хос Хожиб “Қутадғу билиг” номли асарида Алп Эр Тўнга деган номни ҳам қуйидаги мисраларда тилга олади:
Do'stlaringiz bilan baham: |