Эски Ўрда Археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича, XV—XVI асрларда Тошкент жанубга – Бешёғочга, ҳамда шарққа Шайхонтоҳурга томон кенгайиб борган. Шу даврда Қоратош ва Олмазор маҳаллалари оралиғида янги ўрда барпо этилиб, унинг атрофи шаҳарнинг обод ва кўркам қисмига айланган.
Шаҳар атрофи янгитдан девор билан ўралган. XVII асрнинг бошларида Бухоро хони шаҳар билан Ўрдани бутунлай вайрон қилган. XIX асрда у Эски Ўрда номи билан машҳур бўлган. Эски Ўрдадан ҳозирги рассомчилик коллежи биноси ҳовлисида ўша даврга хос Қоратош ҳаммоми харобалари 2000 йилгача сақланиб келган. Маҳалланинг қадимги номи шундан. Маҳалла қарияларининг гапига кўра Тошкент хони ўрдаси бу ҳудудга кўчган даврда шу ердан ўтган кўчага тош ётқизилган. Маҳалланинг кейинги Қоратош номи шундан.
Қоратош ҳаммоми - археология ёдгорлиги (XV—XVI аср). 1981 йил Тошкент археология экспедицияси томонидан Қоратош кўчасида очилган. Қоратош ҳаммоми даҳлиз, миёнсарой, унинг асосий ўқлари бўйлаб жойлашган хоналар қадимги анъанавий шарқ ҳаммомлари тархида қурилган. Деворлар ганч билан, супа тепасидаги деворлар гулдор сирли сопол парчаси билан безатилган. Қоратош ҳаммоми шаҳарнинг нуфузли кишиларга мўлжалланган бўлиб, шу ерида жойлашган ўрда иншоотлари мажмуига кирган. Ҳозир ҳаммом ўрнида республика рассомчилик коллежи қурилган.
Шарқда, хусусан Тошкентда ҳаммом қуришга алоҳида эътибор берилган. Ўрта асрларда ҳаммом нуфузли шахслар учун ўрда таркибида, раият учун жамоат жойларда қурилган. 1865 йилда Тошкентда 8 та ҳаммом бўлган. Чорсу меҳмонхонаси ўрнида Бадалмат ҳаммоми, Табиат музейи (2005 йилгача Чорсу бозорининг шимолий қисмидаги дарвоза қаршисида жойлашган бўлиб ҳозир кўчирилган) ўрнида аёллар ҳаммоми (Пуштиҳаммом), Кайкобус ариғи бўйида Муҳаммадқул Эроний ҳаммоми, Қашқар маҳалласида Ўрда ҳаммоми (Анҳор кафесининг орқа томонида бўлиб, 1966 йил Тошкент зилзиласига қадар ишлаб турган), Кўкалдош мадрасасининг орқасидаги Жангоб ариғи бўйидаги Муҳаммадкаримхожи ҳаммоми, Чорсунинг эски Намозгоҳ кўчасидаги Отабой ҳаммоми, Маҳсидўзлик кўчасидаги Регистон ҳаммоми (2004 йилга қадар ишлаб турган) кабилар мавжуд бўлган.
Чақар қадимий Тошкент атрофида, Чақар номи билан машҳур гузарлардан бири бўлган. Ҳозирги даврга келиб, Тошкентнинг икки манзилида Чақар ўрни ва номи аниқ сақланиб қолган. Бири Чиғатой (ҳозирги Фаробий) кўчаси ўрта белидан кунботар томонга бироз кўтарилган баланд тепалик устидаги атрофни чуқур жарликлар ўраган маҳалла. Ҳозир ҳам жарликлар бор. Иккинчиси Чорсу билан Бешёғочни бирлаштирувчи кўчанинг ўрта қисмида, Чуқур кўприк яқинида жойлашган. Чақар топоними мўғулларнинг Цаҳар қабиласи номи билан боғлиқ деган фикрлар бор. Тарихий манбаларда мўғулларнинг ҳақиқатан ҳам шундай қабиласи бўлганлиги қайд этилган. Яна туркманларнинг бир уруғи Чақар деб аталган.
Тошкент метроси трассаси бўйлаб, “Бунёдкор”(собиқ Халқлар Дўстлиги) бекатида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида XIV—XVI aср маданий ёдголиклари топилган моддий – маданият қолдиқларининг гувоҳлик беришига кўра, “Истиқлол” саройидан шимолий-ғарброқда, шаҳарнинг чегарасига яқинроқ жойда илк ўрта асрлар суворийлардан ташкил топган ҳарбий навкар-чокарларнинг қалъаси – Чокардиза жойлашган бўлиб, (тадқиқотчи А.Муҳаммаджонов фикрича) кейинчалик бу жойда қад кўтарган маҳалла талаффузида маҳаллий аҳоли Чақар тарзида ўзгариб етиб келган.
Ўрта Осиёда илк феодализм даврида феодалларга қарашли бўлган қуролли кучлар гуруҳи чокар дейилган. Аниқроғи, шаҳарнинг қалъа деворидан ташқаридаги ўралган истеҳком чақар дейилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |