Тешик кўприк тепа. V-XIII асрлар археология ёдгорлиги. Чилонзор туман Бунёдкор шохкўчаси, метронинг Ҳамза бекати яқинида 1962, 1968 йилларда К.А.Шакурин ва М.И.Филанович томонидан ўрганилган. VII асрда араб истилоси туфайли харобага айланган. IX асрда ҳаёт бир оз тикланган. XIII асрда мўғил босқини туфайли ҳаёт бутунлай тўхтаган.
Чўпонота комплекси (Чилонзор массиви 13-квартал). Даҳанинг Чўпонота мавзесидаги архитектура ёдгорлиги (масжид, мақбара, ҳужралари бўлган мемориал комплекс, XVIII аср). Маҳаллий ривоятларга кўра, чўпонлар ҳомийси, Чўпонота шахсига атаб Улуғбек томонидан қурдирилган. Чўпонота шу ерларни обод қилган ва Қатортолдан ариқ қазиб, сув келтирган. Чўпонота сўзи аслида «чўпонлар пири ёки сардори» деган маънони англатади. Мавзенинг Чўпонота номи шундан келиб чиққан.
Сергели мавзеси йўлдош шаҳарча сифатида Тошкент ҳудудига қўшилган. Ҳозирда Тошкентнинг йирик саноат туманларидан бири. 1966 йилда бошланган туманнинг асосий ўқини умумшаҳар маркази билан боғловчи Янги Сергели шоҳкўчаси ташкил этади. Туманнинг асосий қисми илгари Бешёғоч даҳасининг Нуғайтоштепа (Шоштепа) мавзеси бўлган. Топонимик манбаларга кўра қозоқ элатининг таркибида учта қабила гуруҳлари бўлган. Жумладан, Сергели қабиласи Катта Жуз уруғи таркибида бўлган. Шаҳримиз туманларидан бири Сергели деб номланиши Тошкент ҳудудида қозоқ элатининг сергели қабиласи яшаганлигидан далолат беради. Даҳанинг энг эътиборли жойи Шоштепа (Чоштепа) археологик ёдгорлиги.
Хайробод эшон комплекси (Қатортол кўчаси). XVIII-XIX асрлар архитектура ёдгорлиги. Маҳаллий қарияларнинг ҳикоясига кўра, мақбара ва масжид Хайробод эшон томонидан қурдирилган. Қорахўжа исмли уста раҳбарлигида қурилиш ишлари олиб борилган. Унинг қурилишига оид ҳеч қандай тарихий ёки бошқа маълумотлар йўқ. Фақат, вақф ҳужжатларида келтирилишича 1626 йилда бу ердан фойдаланиш учун марҳум Абдуқаюм Хайрабод эшон ўз ўғлига тавсия қилганлиги ҳақида қисқача маълумот қолдирган. Ривоятларга кўра, 300 йил илгари бу ерлар дашт бўлган. Қрим татари бўлган Хайробод тушида оқ туяга ўтириб, туя йўл юриб, қаерга чўкса, шу ерга қўним топиши айтилган. Эрталаб ўйғонса, эшиги тагида оқ туя турарди, туяга ўлтириб, узоқ юради ва ҳозирги масжид, мақбара турган тепаликка келиб чўкади. Ниҳоят, Хайробод эшон, бу ерларни обод килиб, қўрғон қурдирган.
Нўғойқўрғон шаҳримизнинг Сергели туманидаги маҳалла. Бешёғоч даҳасининг Нўғой Тоштепа номли мавзеси ҳисобланган. XIX асрнинг 20-йилларида чор ҳукуматининг узоқ муддатли ҳарбий хизматидан қочган татар йигитлари Тошкент хони Азизбекдан унинг тилмочи Карамишев орқали паноҳ излаб, ер сўрайдилар. Хон уларга Салор ариғининг чап томонидаги Қўғайит тепа ҳудудини инъом қилади. Хоннинг бу илтифотидан хурсанд бўлган йигитлар татар Мулла Вали бошчилигида ҳозирги Нўғойқўрғон маҳалласини барпо қиладилар. Маҳалла татарларининг гапига қараганда улар картошка, помидор каби сабзавотларни биринчи бўлиб Тошкент бозорларига олиб чиқишган.
Ракат ҳозирги Яккасарой туманидаги маҳалла. (Бешёғоч даҳасининг мавзеси бўлган). Шаҳардан жанубга томон кетган катта карвон йўли Роҳикат, яъни кат йўли ёки «шаҳарга олиб борадиган йўл» номи билан машҳур бўлган. Бу йўл ёқасидаги мавзе (кейинчалик маҳалла) ҳозирги вақтда Ракат талаффузида юритилмоқда. Шаҳарнинг Бешёғоч дарвозасига олиб борадиган катта карвон йўли бўлган. Ҳозирги Бобур кўчаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |