Ёмғирдан қутулиб...
Бухоро хонларидан бири сарой амалдорларига: — Узоқ вақтлардан буён фуқароларимиз бўлмиш яхудийлардан солиқлар олинмайди. Ваҳоланки, уларнинг даромади ва турмуши ёмон эмас. Фармон шуки уларга жон бошига бир тангадан солиқ солинсин.
Шу боис, яхудийлар хонни золим ва адолатсиз, қарғашар экан. Гарчанд бундан хон хабардор бўлса-да, лекин парво қилмай солиқнинг бир тийинини қолдирмай йиғиш ҳақида кўрсатма берди.
Вақти келиб хон вафот этиб ўрнига ўғли ўтирди. У яхудийлардан олинадиган солиқни икки баравар кўпайтирди. Яхудийлар қараса, аҳюл мураккаблашмоқда. Улар "ёмғирдан қутулиб қорга дучор" бўлдик, деб азият чекишди. Аммо янги хонни янада қоралаш ўрнига муросага ўтишди.
Кўчалар ва бозорларда унинг ҳақига дуолар ўқишди. Улар солиқни ортиғи билан тўлаш истагини билдиришди. Буни эшитган хон, яхудийлар илгари бир танга солиқ учун отамни қарғашар эди. Икки баравар кўтаргандим, негадир мени мақташаяпти. Бунда бир сир бор. Оқсоқолларини саройга чақиринглар, сабабини билайлик, деди.
Уларнинг оқсоқоли дебди:
— Хон хазратлари! Бир томчи қонимиздан кечсангиз гапнинг ростини айтардим.
— Воз кечдим, тўғрисини гапиринг.
— Сизнинг фармонингиз бизни чуқур ўйлашга мажбур этди. Шундай хулосага келдикки, отангиз жорий этган бир танга солиққа қарши туриб, ношукурчилик қилган эканмиз. Ҳозир бундан баттарроғига учрадик. Бу гал ҳам ношукурчилик қилсак, ҳолимиз нима кечади?
Жавобдан завкланган хон, — Сизнинг акдли, сезгир ва тадбиркорлигингизни билардим, бутун бунга тўла ишонч ҳосил қилдим. Қани энди бошқа одамлар ҳам хатосини англаб, дарҳол ўзларини ўнглаб олишсайди. Бугундан бошлаб қўшимча бир танга солиқдан озод қилиш ҳақида фармон берамиз.
Ҳикмат дўкони
Тошкент шаҳрида илми ўткир ва ҳаётий тажрибаси бой Бузрук ота Эски жува бозорида ҳикмат дўконини очиб, одамларнинг мушкулини онсон қилиш билан шуғулланди.
— Пирим, — дебди ўрта ёшли аёл, — кўпчилик совчиликка боришимни сўрашади. Бу соҳада савобли ишларни қилгим келади. Қиз нималарга эътибор бериши лозим? Шундай Йўл кўрсатингки, шаънимга ҳамиша раҳматлар ёғилсин.
— Қиз танлашдек масъулиятли ва мураккаб масала бўлмаса керак. Чунки "молнинг айби сиртида, одамники ичидадир". Қизнинг қобилияти ва одоб-ахлоқини муомаласи, қилган ишларига қараб аниқласа бўла-ди. Совчиликка борганингизда кузатишни кўча дарвоза атрофидан бошланг. Дарахтларни тартиб билан экил ганлиги, ер ва ариқнинг тозалигига аҳамият беринг. Сўнг йўлак ва ҳовлининг тозалигига қаранг.
Уйга кираверишдаги остонада оёқ кийимлари пала-партиш, ёйилган ҳолатда ётган бўлса, билингки, аёлларнинг диди ва фаросати анча пастдир. Ҳожатхонанинг қай аҳволдагилиги ҳам кўп нарсани англатади. Бу хусусда бир воқеани эшитинг. Қозиколоннинг шогирди катта қўчқор сўйиб уни меҳмонга таклиф этади. У зарурият туғилиб тўғри ҳожатхонага кирган. Бу жой шу даражада қаровсиз, ифлосланган эканки, кайфияти бузилиб хонадонни ташлаб уйига кетган. Хонадоннинг эгаси ва меҳмонлар қозикалоннинг кетиш сабабини билиб, хижолатда қоладилар. Меҳмондорчилик жуда совуқ ва хафагарчилик билан ўгган. Бу воқеа аёллар-нинг айби билан юз берган, албатта. Қозикалон кайфиятининг бузилиши бежиз бўлмаган, ҳожатхона ифлос бўлса, қўланса ҳиди бутун ҳовлини қамраб олади. Унга қўнган пашшалар овқат ва нози-неъматларга ёпишиб, касал тарқатади.
Совчилар дастурхоннинг қандай ясатилганлиги, чойнак ва пиёлаларнинг тозалиги, овқатнинг сифатига қараб она ва қизнинг қанчалик меҳмондўстлиги ва пазандалигини аниқлаши мумкин. Меҳмондўстликни ўрнига қўядиган аёллар дастурхонни бир зумда ёзиб овқатни пиширишга улгуради. Аммо шундай аёллар борки, дастурхонни ёзиш учун анча вақтни сарфлаб, пала-партиш иш юритади. Ҳатто болани нон ва бошқа нарса сўраб қўшниникига чиқаради. Совчилар она ва қизнинг юриш-туриши, кийимига эътибор берса ёмон бўлмайди. Бу ерда гап уларнинг олифтагарчилигида эмас, балки кийимнинг озодалиги ва ярашиб туришидадир. Уй жиҳозлари, кўрпа-ёстиқларнинг жой-жойига қўйилганлигини кўздан кечириш шарт. Ошхона ва молхоналарни ҳам кўриш фойдадан холи бўлмайди. Хона-дондаги ҳайвонларнинг тозалигига, болаларнинг кийиниши ва хулқига қаранг.
Қизни гапга солиш, қучоқлаб кўришаётганда сездирмай ҳидлаш лозим. Агар боши ва оғзидан қўланса ҳид келса шахсий озодагарчиликка аҳамият берилмаганлигидан дарак беради. Ота-она ва қиз ҳақида қўшнилар ва бошқа таниш-билишларнинг фикрларини ҳисобга олиш керак. Наслдан-наслга ўтадиган хавфли касалликлар мавжудлигини инобатга олиб, қизнинг зоти-зурриётини суриштириш катта аҳамиятга эга. Бу хусусда табиблардан маълумот олса бўлади. Иложи борича яқин қариндошлардан қиз олмаслик лозим. Акс ҳолда фарзандлар тузатиб бўлмайдиган касалликлар билан туғилиши эҳтимолдан холи эмас.
Қизларни уй-рўзғор ишларидан ташқари дўппи, кийим ва палак тикиш, палос тўқиш ва бошқа ҳунарларни ўзлаштирганми ёки йўқми билиш керак.
Кўрдикки, қиз танлашда кўп ва хилма-хил нарсаларни синчковлик билан кўздан кечириш ва билишга тўғри келади. Оила аъзолари, жумладан қизларнинг табиати нозик, меҳнатсевар, фаросатли, чаққон, зийрак, уддабурон бўлсаларгина оилага бахт келтирадилар.
Совчи Бузрук отанинг сўзларига қаттиқ риоя қилиб кўп ёшларни бахтли ҳаёт кечиришларига сабабчи бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |