Кумуш сичқон
Ҳанифа опа қопқоннинг тақиллаган овозини эшитиб борса кумуш рангли сичқон типирчилаб, чийиллаб ётган экан. У кўзни қамаштирадиган даражада ранги тоза бўлиб, оддий сичқонлардан фарқли экан. Ҳанифа опа шундай ажойиб сичқонни мушукка беришни лозим топмай, силаб-сийпаб қўйиб юборибди. Бир неча кундан кейин кумуш рангли сичқон Ҳанифа опанинг рўпарасида пайдо бўлиб, дебди:
— Мен яхшилигингизни эсдан чиқармайман, нима сўрасангиз дарҳол бажо келтиришга қодирман.
— Раҳмат, менга ҳеч нарса керак эмас. Оллоҳга шукр, бир кунимиз ўтиб турибди — дебди Ҳанифа опа, — Сен ўзингга эҳтиёт бўлиб қопқонга яқинлашма. Ҳув анави бурчакка нон ва бошқа нарсаларни қўяман, еб кетавер.
— Сиз ниҳоятда камтар ва ҳалол аёл экансиз. Мендан аҳволингизни яширмай сўзланг. Кейинги кунларда менга маълум бўлишича, эрингиз Йўлчибой аканинг иши юришмай, анча ночор аҳволга тушибди. Бундан аввал шаҳардаги энг йирик савдогарлардан бири экан.
— Тўғри айтасан, эрим ўзининг ёмон феъли орқасида душманларни кўпайтириб, молмулкидан айрилди. Ҳозирда қурт, сақич ва бошқа майда-чуйда нарсаларни сотиш билан шуғулланиб юрибди.
— Хўш, шундай бўлгандан кейин нима учун мендан фойдаланишни истамайсиз. Камтарликнинг чегараси борлигини ҳисобга олинг, нимани сўрасангиз, ўшани амалга ошираман.
— Хўп майли, эримнинг ишлари юришиб кетишига ёрдам берсанг хурсанд бўлардим.
— Бу бошқа гап. Бугун ярим кечада Йўлчибой ака шаҳарнинг биқинидаги арчазорнинг ўртасида жойлашган теракнинг тагини қазисин. Бу ердан тилла тўлдирилган хумчани олиб савдогарчиликни бошлаб юбор-син. Бу сирни эрингизга тушимда аён бўлди, деб айтинг. Мени тилингизга ҳам олманг.
Ҳанифа опа эрини ўша жойга юборганда, тилла солинган иккита хумча чиқибди.
Йўлчибой ака ўзида йўқ хурсанд бўлиб, ҳаяжонланиб қайтибди. Тушингдан айланай, деб хотинига мин-натдорчилик билдирибди. Хуллас, эрталабки нонушта шоду хуррамлик билан ўтгандаи сўнг, Йўлчибой ака бозорга йўл олибди. Савдо дўконлари қурдирибди, чет мамлакатларга карвонлар уюштирибди. Унинг бойлигига бойлик қўшилиб энг йирик савдогарга айланибди. Аммо уни бойлик қутуртирибди. Данғиллама уй қуриб, қайта-қайта уйланибди. Ҳанифа опадан эса хабар олмай, унутиб юборибди.
Хотини эрининг вафосизлигидан куйиб лекин сир бой бермай юраверибди. Кўп ўтмай сичқон келиб, опажон, соғлиғингиз анча ёмонлашибди, айтинг, чораси-ни кўраман, дебди.
— Энди ўрик билан олма бўлармидим, ёшим улғайган сари мазам қочаётганга ўхшайди, — деб эрининг айбини яширибди.
— Биламан, эрингизга шунчалик садоқатлисизки, унинг қилмишлари орқасида соғлиғингиз ёмонлашганлигини бекитасиз. Аммо мен эрингизнинг уйига бориб кўп нарсаларни билиб ғазабим қўзиди. Унинг кўзига икки хотинини шайтон қиёфасида кўрсатганимда ҳушидан кетиб, ўзини ерга ташлаб юборди. Ҳозир дардга чалиниб ётибди-
Шу заҳотиёқ Ҳанифа опани титроқ босиб:
— Эримни тузатишингни илтимос қиламан, кўз Ўнгимда тирик юрса бас. Ахир у фарзандларимнинг отаси.
— Ҳар қандай шароитда ҳам эрига вафодор аёлни кўрмаганман. Сиз бағрикенг, сахий ва пок инсонсиз.
Йўлчибой ака сизни унутган бўлса ҳам соғсаломат юрсин дейсиз-а!
— Мени ота-онам ҳеч кимга ёмонлик қилма ва дилига озор берма, деб тарбиялаган йиғлабди аёл.
— Хўп майли, сизнингча Йўлчибой акага нисбатан қандай чорани қўллашим керак?
— Уни соғайтириб ҳузуримга келтир. У инсофли ва хушмуомала бўлиб, мен ва фарзандларимга муҳаббат билан қарасин.
— Тушундим, ишни сиз айтгандек адо этаман. Эрингиз уч кундан кейин бу ерга келтирилиб оёғингизни тагига ташланади. Сўнгра у айбларини бўйнига олиб сизга ялинади-ёлворади, узр сўрайди.
Уч кун ўтгач, Ҳанифа опанинг эри кедди, Ҳанифа ўзини сичқон айтгандай тутиб, ўргатган гапларни сўзлади. Шу заҳоти кумуш сичқоннинг сеҳри билан Йўлчибойнинг бўйнита арқон ўралиб юқорига тортила бошлади.
Ҳанифа опа сичқоннинг ишораси билан арқонни тортиб олиб, эрини ўлимдан сақлаб қолди. У бунинг учун Ҳанифа опага йиғлаб ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Шундан кейин сичқон эру хотинни ухлатиб ғойиб бўлди. Улар эрта тонгда уйғонишганда ўзлзрини тамомила бошқача сезишди. Узоқ умр кўришиб куёв ва келинлар, невара ва чеваралар кўришиб, роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришди.
Do'stlaringiz bilan baham: |