6-маъруза
АКТИВ ҲОЛАТДА МЕТАЛЛАРНИНГ ЭРИШ ҚОНУНИЯТЛАРИ
6.1. Металлар эришининг анод реакцияси.
6.2. Актив ҳолатда металларнинг эриш қонуниятлари
6.3. Коррозия диаграммалари.
6.4. Ўзаро контактда бўлган икки металлнинг эриши
6.5. Кислотали эритмаларда темирнинг эриши.
6.6. Қотишмалар анод эришининг механизми.
6.7. Металларнинг эришида кузатиладиган аномал ҳодисалар.
Таянч сўзлар: фаол эриш, пассивланиш, пассивланишнинг бузилиши, анодли эриш, ионизация, коррозия тезлиги, кўчиш коэффициенти, диаграммалар методи, қутбланиш эгрилиги, катод назорати, тормозловчи фактор, лимитловчи фактор, диссоциация, анион, ностационар ҳолат, аномал ҳодиса, четлашиш эффекти.
6.1. Металлар эришининг анод реакцияси.
5.7-расмда металлар анод эриши қутбланиш эгрилигининг умумий кўриниши ифодаланган. Бу жараённи бир неча босқичлардан иборат деб қараш мумкин — фаол эриш, пассивланиш ва пассивланишнинг бузилиши.
Фаол эриш шароитида Е потенциалнинг мусбат йўналишда силжиши билан жараённинг тезлиги қонуниятли ортади. Потенциал маълум бир қийматга эришганда эриш тезлиги кескин пасаяди. Бу ҳолат кузатиладиган потенциалнинг қиймати пассивланиш потенциали (Епас) дейилади. Бу соҳада электрокимёвий кинетика тенгламасига қарамай, потенциалнинг мусбат йўналишда силжиши билан металлнинг эриш тезлиги пасаяди. Бундай ҳолат оксид ёки гидроксид плёнкаларининг ҳосил бўлиши билан изоҳланиши мумкин.
Е потенциалнинг Епас дан мусбат йўналишда силжишида кўпинча металлнинг эриш тезлиги деярли ўзгармайди. Потенциалнинг бу интервалида металл пассив бўлади. Таъкидлаш лозимки, тўла пассивланиш токининг қиймати жуда кичик бўлсада, у ҳеч қачон нолга тенг бўлмайди.
6.1-расм. Металл эриш тезлигининг потенциалга боғлиқлиги.
Ўтиш соҳаси металлнинг турғун бўлмаган пассив ҳолатига тўғри келади.
Потенциалнинг маълум бир қийматидан бошлаб (5.7-расмда Еқп), потенциалнинг мусбат йўналишда силжиши билан металлнинг эриш тезлиги яна ортади. Бунда металл пассив ҳолатининг бузилиши юз беради, бундай ҳолат унинг актив ёки қайта пассивланиш ҳолати дейилади. Потенциал мусбат қийматининг ортиши билан металлнинг эриш тезлиги яна орта бошлайди. Бунда актив ҳолатдан фарқли ҳолда, металлнинг эриши юқори даражадаги оксидланиш ионларининг ҳосил бўлиши билан кечади. Масалан темир актив ҳолатда эритмага икки зарядли ионлар шаклида ўтса, қайта пассивланган соҳада у эритмага уч зарядли ионлар шаклида ўта бошлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |