тартибга солиш (бошқарув), стимул, баҳолаш, билиш, тарбиялаш функцияларидан иборат деб ҳисобланади. Амалда эса уларнинг барчаси бир-бирини тўлдиради ва бир-бирига ўтиб туради, бири бошқаси орқали (кетма-кет) амалга ошади. Бир-бирини тўлдиришда улар ахлоқнинг шахсий ва ижтимоий манфаатларнинг мослашувини ва шу асосда жамият мавжудлиги ва ривожланишининг зарурий шарти бўлган тартиб-интизомга риоя қилишни ифодалайди.
Ахлоқнинг бошқарув (тартибга солиш) функцияси бошқа функцияларни энг кўп даражада ўзига бўйсиндиради ва уюштиради. Ахлоқ фақатгина йўл-йўриқ, кўрсатма бериб қолмайди, у шахсни маълум хатти-ҳаракатга йўллайди, айрим ҳолларда қатъий буйруқ беради. Шу билан ахлоқни тартибга солиш функцияси ахлоқий талаблар, хулқ намуналарини ишлаб чиқади.
Ахлоқни баҳолаш функцияси биринчи навбатда ана шу тақдим этилган намуналарга кишиларни риоя қилиши учун ижтимоий назоратга йўналтирилади. Баҳолаш – ахлоқни таъсирчанлигини оширади. Баҳолаш бўлмаса, ахлоқли бўлиши мумкин эмас. Агар эстетик, баҳоловнинг асоси гўзаллик ва ҳунуклик, ҳуқуқий баҳоловнинг асоси - қонуний ёки қонунсизлик бўлса, ахлоқий баҳолов эса ҳамиша яхшилик ва ёмонлик негизида кўрилади.
Ахлоқнинг билиш функцияси ижтимоий онгнинг бошқа ҳар қандай шакллари сингари ижтимоий борлиқни акс эттиришдан иборат. Аммо ижтимоий борлиқни ахлоқий онгга хос усулда акс эттириш алоҳида хусусиятларга эга: ахлоқ ижтимоий муносабатларни қонуний тарзда эмас, балки жамиятни талаблари ва шахс манфаатлари акс этган муайян мақсадлар, ғоялар, тасаввурлар, орзу-умидлар, хоҳишлар тарзида акс эттиради. Ахлоқий онг кишининг хулқини норма ва принциплар орқали кишини ўзаро ва уларнинг жамиятга бўлган муносабатини тартибга солади. Ахлоқда воқелик нақадар тўғри акс этса, ахлоқий факторлар шу қадар сафарбарлик аҳамиятига эга бўлади, оммавий қаҳрамонлик, жанговар ва меҳнат зафарларининг манбаи билан ахлоқий ташаббусни пайдо қилади.
Жамият ҳаётида ахлоқнинг тутган ўрни ниҳоятда катта. Бироқ у ўз-ўзидан рўёбга чиқмайди. Ҳар қандай ғояларни воқе қилмоқ учун одамларнинг амалий куч-қудратлари зарур, ахлоқий тарбия зарур.
Ахлоқий тарбия функцияси кишининг маънавий қиёфаси, унинг иродаси ўз-ўзини англаши, характерининг шаклланишида катта аҳамиятга эга, кишининг маънавий қиёфасида ахлоқий фазилатларни яратади, идеал мотивлар тариқасида маънавий рағбат намоён бўлади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган ахлоқ функциялари турли тарихий шароитда турлича амалга оширилган. Аммо ахлоқнинг асосий, яъни шахснинг жамиятга интилиши, муносабати, хизмати барча босқичларда ҳам ўзгармай сақланиб қолаверади. Шунингдек, ахлоқнинг жамият манфаатларига, ижтимоий тараққиёт эҳтиёжларига хизмат қилишдан иборат вазифаси ҳам, аслида ўзгармайди. Шу сабабли ахлоқнинг аҳамиятига қараб, жамият тараққиётига таъсир этишига қараб сохталиги ёки ҳақиқийлиги тўғрисида ҳукм юритамиз.
Ахлоқ ижтимоий тараққиёт маҳсули бўлганлиги сабабли узлуксиз ўзгариб борадиган ижтимоий борлиққа таъсир кўрсатиб туради, яъни тарихий характерга эга. Ҳамма томонларда, шунингдек, ҳозирги бозор иқтисодига асосланган мустақиллик ва демократик тараққиёт йўлидан бораётган Ўзбекистон Республикамизда ҳам қўрқоқлик, ўғрилик, катталарга ҳурматсизликни қоралаганлар ва қоралайдилар; жисмонан ожизларга, аёлларга қўл кўтарганларга, ота-оналик ёки фарзандлик бурчини унутганларга ва шу каби бошқа иллатларга нафрат билан қараганлар ва қарайдилар. Ҳамма даврларда жасурлик, камтарлик, ҳиммат, меҳмондўстлик, беморларга ёрдам кўрсатиш ва бошқалар қандай қилиб бўлса ҳам рағбатлантирилган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб бормоқда. Бу нормалар оддий ва умуминсоний характерга эга, ҳамманинг манфаатини ифодалайди. «Оддий», «элементар» сўзлари уларнинг аҳамиятини эмас, фақат уларнинг ўз-ўзидан ойдинлигини билдиради, холос. Ахлоқдаги умуминсонийлик, миллийлик қотиб қолган қоидаларнинг оддий йиғиндиси эмас, унинг мазмуни ҳамиша маълум ижтимоий гуруҳларнинг талаблари, конкрет даврнинг чегаралари билан мустаҳкамланиб, ривожланиб боради.
Шундай қилиб, ахлоқ умуминсонийлик ва миллийлик элементлари бўлган ижтимоий ҳодиса ҳамда маънавият соҳасидир; ахлоқ реал ҳаётни акс эттириш, баҳолаш шакли ва уни ўзгартириш воситасидир. У «ўз-ўзидан» ҳаракатланадиган, ўзига хос қонунлар билан тараққий этадиган, нисбатан автоном система бўлиб, айни пайтда ахлоқ доирасига кирмайдиган факторларнинг таъсирига учрайди. Ниҳоят ахлоқ, одамлар ўртасидаги ўзига хос алоқа воситаси ҳам, эмоционал ҳиссий куч-ғайратнинг қудратли манбаи хам, шунингдек, шахсни тарбиялашнинг доимий воситасидир. Аҳлоқийликнинг туб пойдевори эркин иродадир1.
Do'stlaringiz bilan baham: |