Ижтимоий сиёсат.
Таълим. Мамлакатимизда ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, камолга етказишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан барчамиз яхши хабардормиз.
Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ халқ таълими тизимини жадал ислоҳ қилишга киришилди. Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлардан мақсад юртимизда соғлом ва баркамол, билимли, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган авлодни шакллантиришдан иборат. Президент Ислом Каримовнинг 1992-йил 28-февралдаги Фармони билан саккизта вилоят педагогика институтларига университет мақоми берилди.
1994-йилда 80 минг ўринли 209 та, 1995-йилда 55 минг ўринли, 1996-йилда 64 минг ўринли 198 та мактаб қурилиб фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996-йил декабрдаги Қарори билан 1-октабр — “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” деб белгиланди ҳамда бу кун байрам сифатида дам олиш куни деб эълон қилинди.
1992-йилда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ умумий ўрта таълим таркиб жиҳатдан уч босқичдан, яъни бошланғич (1-4-синфлар), таянч (5-9-синфлар) ва ўрта таълим (10-11-синфлар)дан ташкил топган эди.
1997-йилда “Таълим тўғрисида”ги Қонун бўйича таълим турлари мактабгача таълим (6-7 ёшгача), умумий ўрта таълим (9 йиллик), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (3 йиллик), олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълимдан иборат қилиб белгиланди. «Таълим тўғрисида»ги Қонун ҳамда Президент Ислом Каримовнинг 1990 йил 4 августдаёқ “Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак”, деган фикрлари асосида қабул қилинган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” мактабгача таълимдан то фанлар академиясигача бўлган замонавий, янги узлуксиз таълим тизимини вужудга келтиришга, Ўзбекистон таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга асос бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ умумий ўрта таълимнинг тўққиз йиллик этиб белгиланиши муносабати билан келажакда тўққиз йиллик мактабни тугатган барча ўқувчилар таълим олишни академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олишни давом эттирадилар. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 2001-йилда 4890 нафар илк «қалдирғочлари» битириб чиқди.
1997-йилда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги Қонунга биноан олий таълим икки босқичда — бакалаврият ва магистратура босқичларидан иборат.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 5000 та мактабгача таълим муассасалари, 9779 та умумтаълим мактаблари, 1549 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда 76та олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда.
2004 – 2010 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури амалга оширилди. Бу давр мобайнида 7800 тадан зиёд умумтаълим мактаби янгитдан қурилди, таъмирланди ва реконструкция қилинди, уларнинг умумий сони эса 9860 тага етди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастурини муваффақиятли амалга ошириш натижасида таълим жараёнининг барча босқичларини қамраб оладиган, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, олий таълим муассасаларидан иборат, юқори талабларга жавоб берадиган узлуксиз таълимнинг яхлит тизими яратилди. 2012-2013 ўқув йилида 500 минг нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчилари корхона ва ташкилотларда амалиёт ўташ, уч томонлама (коллеж битирувчиси, иш берувчи ва коллеж ўртасида) шартнома тузиш ва бўш иш жойларида квоталанган ўринларни ажратиш орқали иш билан таъминланиши белгиланди. Бундан ташқари, 2013–2014 ўқув йилида 530 минг нафардан ортиқ 1-синф ўқувчиларига, 7 минг нафарга яқин “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларига ва 180 минг нафардан ортиқ мактаб-интернат ўқувчиларига, жами 700 минг нафардан ортиқ ўқувчига бепул дарсликлар тарқатилади.
2012 йил 16-17 феврал кунлари республикамизда “Билимли ва ақл-заковатли етук авлодни тайёрлаш, мамлакатни барқарор ривожлантириш ва модернизациялашнинг муҳим шарти” мавзусида Осиё, Африка, Америка ва Европа қитъалари давлатлари иштирокидаги халқаро форум ўтказилди. Унда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш натижасида мамлакатимиз танлаган тараққиётнинг “ўзбек модели”нинг ажралмас таркибий қисми экани алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда республикамизда таълим соҳасини ривожлантириш, ислоҳ қилиш учун сарфланаётган йиллик харажатлар миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 %, давлат бюджети харажатларидаги улуши эса 35 %дан ортиқ маблағни ташкил этаётгани миллий таълим тизими ривожи ва соҳада қўлга киритаётган ютуқларимизнинг муҳим омилларидан бири бўлаётгани шубҳасиздир.
Мамлакатимиз таълим тизимидаги ўзига хос ютуқлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, Франциядаги дунёнинг энг нуфузли бешта бизнес мактаби қаторига кирадиган “Inssad” халқаро бизнес мактабининг Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликдаги 2012 йилги “Инновацияларнинг глобал индекси” маърузасида дунёнинг 141 та мамлакатидаги инновацион ривожланиш комплекс тарзда таҳлил этилган. Таҳлилнинг асосий таркибий қисмларидан бири инсон капиталини ривожлантириш даражаси бўлиб, мазкур кўрсаткич бўйича мамлакатимиз 35-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича эса иккинчи ўринни банд этгани, албатта, юртимизда таълимга қаратилаётган юксак эътиборнинг муносиб баҳосидир.
Мамлакатимизда жаҳоннинг етакчи олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилгани юртимизда илм-фан соҳасидаги илғор ютуқ ва тажрибаларни кенг оммалаштириш, кадрлар малакаси ва маҳоратини юксалтиришда алоҳида ўрин тутмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, айни вақтда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Халқаро Вестминстер университети, Турин политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия давлат иқтисодиёт университети, И.М.Губкин номидаги Россия нефть ва газ университетининг филиалларида талабалар жаҳон таълими стандартлари бўйича таълим олаётгани эътиборга моликдир. Шунингдек, таълим муассасаларининг Европадаги таълим жамғармаси, Германиядаги Техникавий ҳамкорлик ташкилоти, Япониядаги JAYKO халқаро ташкилоти, Кореянинг КОYКА агентлиги, YUNESKO, Жаҳон банки, TASIS-TEMPUS очиқ жамият институти, АҚШ, Англия, Франция, Япония, Хитой ва бошқа давлатлар олий таълим вазирликлари билан ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |