Пластмассалар – кенг номенклатурага эга бўлган сунъий полимер маҳсулотлар бўлиб, улар сифат жиҳатдан табиий материаллар билан тенглашибгина қолмай, балки кўп ҳолларда улардан устунлик ҳам қилади. Улар юқори мустаҳкамлик, электр ўтказмаслик, енгиллик, қаттиқлик, эгилувчанлик, тиниқлик, коррозияга, кислотага, иссиқликка чидамлилик, кам едирувчанлик каби сифатларга эга ва механик ишлашнинг турли усулларига енгил мослашади.
Мамлакатимиз пластмассалар ишлаб чиқариш учун кенг хомашё ресурсларига эга, чунки пластмассалар учун табиий ва нефть гази, нефтни қайта ишлаш ва коксохимия саноати чиқиндилари, ёғочни кимёвий ишлаш маҳсулотлари, енгил ва озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигининг турли хил чиқиндилари хомашё бўлиб хизмат қила олади.
Синтетик каучук – резина, резина-техника ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш учун ягона хомашёдир. Синтетик каучук табиий каучукка нисбатан ўн минглаб маротаба тезроқ ишлаб чиқарилади. Табиий каучук бир неча хусусиятга эга бўлса, синтетик каучук беҳисоб хусусиятларга эга. Ҳар бири бир неча маркали бир неча тур каучукларга бўлинади.
Сунъий ва синтетик толалар саноатнинг хомашё базасини кенгайтириш билан бирга, турли техник ва кийим-кечак газламалари, электр изоляция материаллари, кабеллар ва канатлар, балиқ тутиш тўрлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.
Халқ хўжалигида сунъий чарм ўрнини босувчи материаллар катта аҳамиятга эгадир. Чунки пойафзал саноатининг ўсиш суръатларини амалга ошириш учун табиий чарм ресурслари етарли эмас. Сунъий чарм ва чарм ўрнини босувчи материаллардан пойафзалнинг айрим деталларини тайёр ҳолда ишлаб чиқаришнинг мумкинлиги пойафзал саноатини автоматлаштириш, ишлаб чиқариш циклини қисқартириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш ва натижада пойафзал саноатининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш имконини беради.
11.2. Ресурслар тежамкорлигининг стратегияси ва тактикаси
Маълумки, ҳар бир жангда ҳар иккала томон ҳам ўз стратегия ва тактикасидан фойдаланиб, имкон қадар йўқотишларсиз ғалабани қўлга киритишга ҳаракат қилади. Худди Шунингдек, иқтисодиётда ҳам стратегия ва тактика қўлланилади.
Маълумки, ҳар бир давлат ва хўжалик юритувчи субъектларда ресурслар тёкин эмас, улар ўз мақсадларига эришишда стратегия ва тактикадан фойдаланади. Бундан кўзланган мақсад, ишлаб чиқариш учун сарфланадиган хомашё харажатларини минималлаштириш ва шу орқали фойдани максималлаштиришдир. Олиб борилган изланишлар, қўлланилган стратегия ва тактиканинг хомашё харажатларини камайтиришдаги сўнгги босқичи ресурслардан фойдаланишнинг алтернатив йўлини танлаш, ресурслар тежамкорлиги эканлигини тавсифлайди.
Ресурсларни танлаш алтернативлиги амалиётда ундан фойдаланган соҳаларда қуйидаги вазифаларни ҳал қилади:
харажатларнинг камайиши ва ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатининг ошиши;
алоҳида товарлар ва маҳсулотлар ассортименти билан бозорга кириб бориш ва ўз ўрнини эгаллаш;
маҳсулот сифатидаги аниқ устунликка эришиш;
худди иқтисодиётдаги ўрни каби технологияда ҳам лидерлик, яъни пешқадамлик мавқеининг ўсишига эга бўлишга интилиш;
динамикани ҳисобга олган ҳолда мавжуд ресурслардан яхшироқ фойдаланиш ва хўжалик фаолиятидан фойда олиш.
Шунингдек, алтернатив (бир-бирига зид икки йўлдан бирини - ё унисини, ё бунисини танлаб олиш зарурияти) ресурслардан фойдаланиш стратегия ва тактикасининг таркибий қисми ҳисобланиб, ишлаб чиқаришда иқтисодий тежаш ва самарадорликнинг ошишига олиб келади.
Модомики, стратегия ва тактика ҳар қандай ишда, шунингдек, моддий, молиявий ва бошқа ресурслардан фойдаланиш соҳасида ҳам амалга ошириш биринчи навбатда одамларни, амалиётга мўлжалланган ходимларнинг тегишли квалификацияси, билими ва иш малакаси, ресурслардан фойланиш жавобгарлиги, бозор иқтисодиёти шароити ва замонавий фан-техника тадқиқоти ҳақида яхши тушунчалар талаб қилинади.
Олдинги режали иқтисодиёт шароитида ресурслар давлатга қарашли бўлиб, уларни бепул ва қайтариб олмаслик қоидаси асосида ҳудудларга, тармоқларга ва корхоналарга тақсимлаб берилар эди. Ҳозирги кунда бозор иқтисодиёти шароити ресурсларни топиш ва улардан фойдаланишга бўлган талабнинг кўтарилиши ресурслар тежамкорлигини амалга ошириш йўлларини излашни тақозо этади.
Собиқ иттифоқда барча ресурслар давлат томонидан бепул тақсимланганлиги учун ресурслар тежамкорлиги амалиётда эмас, балки ҳужжатларда бажарилган. Ҳозирги кунда бу масала олдинги даврдагидек, “юқори”нинг кўрсатмаси билан эмас, ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бўлган қизиқиши билан ҳал этилмоқда.
Ҳозирги шароитда кўпгина корхоналарнинг асосий масаласи маҳсулотни ишлаб чиқаришда нимани, қанча, ва кимга ишлаб чиқариш эмас, шу билан бир қаторда бу маҳсулотни ишлаб чиқаришга қанча ресурс ва маблағ талаб қилиниши масаласи ҳамдир. Бу ҳар бир корхонага бир томондан мавжуд талабни қондириш, иккинчи томондан эса – ресурслар харажатининг камхарж йўлини ахтаришга ундайди.
Буларнинг барчаси товар ишлаб чиқариш характери билан боғлиқ бўлган ихтисослашганлик, технология, қуролланганлик ва бошқа хусусиятлар корхонанинг ўзига тегишлидир. Булардан ташқари, ҳар бир корхонага характерли бўлган нормалаштириш ва ресурсларнинг пуллилиги – ресурслар тежамкорлигининг муҳим резервидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |