Хомашёдан рационал фойдаланиш – саноат хомашё базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг муҳим манбаидир. Иқтисодий нуқтаи назардан хомашёдан мақсадга мувофиқ ва рационал фойдаланишда кўп жиҳатдан қайта ишловчи саноат тармоғи ёки корхона учун хомашёни тўғри танлаш катта аҳамиятга эга.
Хомашё хусусиятини ва сифатли технологик жараённи танлашга ва унинг прогрессивлик даражасига, машиналардан ва вақтдан фойдаланиш даражасига, ишлаб чиқариш циклининг узунлиги ва умуман ишлаб чиқаришнинг барча техник-иқтисодий кўрсаткичларига таъсир кўрсатади.
Ҳозирги пайтда ҳар бир саноат тармоғида бир неча тур хомашё қўлланилади. Айрим тармоқ учун қайси хомашёни танлаб олиш мақсадга мувофиқ эканлигини аниқлаш учун қуйидаги кўрсаткичлар бўйича турли хомашёларни солиштирмоқ зарур: солиштирма капитал харажатлари; меҳнат унумдорлиги; маҳсулот таннархи; маҳсулот сифати; маҳаллий хомашёдан максимал фойдаланиш; камёб бўлмаган хомашёдан фойдаланиш; ишлатилмайдиган чиқиндилардан фойдаланиш мумкинлиги; сунъий материаллардан фойдаланиш мумкинлиги; хомашёнинг прогрессив технология талабларига жавоб бериши; хомашёнинг бўлғуси тайёр маҳсулот сифат кўрсаткичларига жавоб бериши; маълум даврда маълум тармоқда қўллашнинг халқ хўжалиги нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқлиги; айрим ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари; айрим тармоқлардаги техника тараққиёти.
Қазиб чиқариш тармоқларида ва қишлоқ хўжалигида олинадиган хомашё ва материаллар бевосита маҳсулот олиш учун қайта ишлашдан олдин бир марта ишланади. Бундан мақсад, хомашёни унда бўлган кераксиз қўшимчалардан тозалашдир.
Хомашёдан тўлиқ ва ҳар томонлама фойдаланиб, унинг турли қисмларидан турли хил маҳсулотлар олиш учун хомашёдан комплекс фойдаланмоқ керак.
Хомашё ресурсларини кенгайтириш ва тежашнинг яна бир йўли хомашё ва матераиллардан қайта фойдаланишдир. Масалан, едирилган машиналар, бинолар ва эски техникаларнинг металл қисмлари, бузилган биноларнинг ғиштлари, қоғоз материаллари ва бошқалардан саноатда қайта фойдаланиш мумкин.
11.3. Минерал хомашё ва ундан оқилона фойдаланиш
Минерал хомашё – бу конлардан қазиб олинувчи турли фойдали қазилмалардир.
Потенциал ресурслардан оқилона фойдаланиш ва фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг иқтисодий самарадор усулларини қўллаш учун конлар заҳирасининг миқдорини иқтисодий жиҳатдан тўғри аниқлаш ва саноат масштабида эксплуатация қилиш навбатини аниқлаш аҳамиятга эгадир.
Заҳираларни ўрганиш ва аниқлаш геология-қидирув ишлари давлат режаси асосида олиб борилади. Саноатнинг минерал хомашёга бўлган талабини режалаштиришда конларнинг ўрганилганлик даражаси муҳим аҳамиятга эгадир. Минерал хомашё заҳираларини қидириш ва саноат эксплуатациясига тайёрлик даражалари бўйича бир неча категорияларга бўлинади.
Фойдали қазилма заҳиралари маълум бир давр учун уларнинг техник-иқтисодий жиҳатидан фойдаланиш мумкинлиги даражасига қараб балансдаги ва балансдан ташқари,даги заҳираларга бўлинади. Балансдаги заҳираларга саноат талабларига ва фойдаланишнинг техник шартларига жавоб берувчи ва ҳозирги кунда уларни қазиб чиқариш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлган заҳиралар киради. Балансдан ташқари, заҳирага – таркибида фойдали компонентлари, қазилмалар миқдори кам бўлган ёки эксплуатация шароитлари оғир бўлган ҳамда шу хомашёни саноат усуллари билан қайта ишлаш ҳозирча мумкин бўлмаган заҳиралар киради.
Турли хил фойдали қазилмалар ресурслари мамлакат ҳудудининг турли қисмида жойлашган конларда йиғилгандир. Айрим конлар бир-бирлари билан фойдали қазилмалар заҳиралари; қазилмаларнинг физик-химия хусусиятлари; эксплуатация шароитилари билан фарқ қилади.
Эксплуатация учун кон танлаш конларнинг фақатгина табиий ёки техник хусусиятларигагина боғлиқ бўлиб қолмай, балки биринчи навбатда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигига боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси минерал хомашё ресурсларига жуда ҳам бой бўлиб, уларнинг умумий баҳоси 3,3 трлн. доллардан зиёдроқдир. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда олтин, уран, мис, табиий газ, вольфрам ва бошқа кўпгина минерал ресурсларнинг аниқланган заҳиралари жаҳонда етакчи ўринлардан бирида туради. Бу ерда олтиннинг 30 дан ортиқ конлари қидириб топилган. Унинг асосий заҳиралари Мараказий Қизилқумда Мурунтов олтин кони бутун Евроосиё қитъасида маълум ва машҳур, руда таркибида олтин миқдори юқори ҳисобланади.
Кейинги йилларда Тошкент, Самарқанд вилоятларида янги олтин руда конлари қидириб топилди. Ўзбекистондаги ҳозирча қидириб топилган олтин заҳиралари 4 минг тоннадан ошади.
Кумуш конлари Тошкент, Навоий ва Наманган вилоятларида жойлашган. Республикамизда 30 та уран кони мавжуд. Унинг қидириб топилган заҳираси 50-60 йил давомида фойдаланишга етарли. Уран билан йўлдош рений, скандий ва бошқа металлар учрайди. Шунингдек, мис, қўрғошин, қалай, вольфрам ва литий каби муҳим стратегик нодир ва рангли металларнинг йирик конлари бор. Республикамизда ҳар йили 8 минг тонна мис ишлаб чиқилади. Амалдаги ишлаб турган конлар мисни яна 40-50 йил, қўрғошин ва қалайни 100 йил мобайнида ишлаб чиқаришни таъминлашга қодир.
Рангли металлар заҳиралари асосан Олмалиқ кон районида жойлашган. Қалмоққир мис кони ноёб ҳисобланади. Бу коннинг рудасини қайта ишлаш мамлакатдаги энг йирик корхоналардан бири Олмалиқ кон- металлургия комбинатида амалга оширилади. Шунингдек, бу саноат районида мис, молибден, олтин, кумуш, рений, теллур, селен ва бошқа катта заҳираларга эга бўлган Дальний кони бор.
Қўрғошин-қалай металлари Олмалиқдаги Қўрғошинкон, Жиззах вилоятидаги Учқулоч ва Сурхондарё вилдоятидаги Хондиза конларидан олинади. Бу конларда яна йўлдош металлар – мис, кумуш, кадмий, селен, олтин ва индий ҳам учрайди. Ўзбекистонда молибденли формациялар ҳам бор. Чотқол-Қурама тоғлари висмутга бой. Жанубий Фарғона белбоғининг ўзидан 100 дан ортиқ симоб ва 10 дан сурьма рудаланишлар аниқланган.
Қора металлардан энг кўп тарқалган темир, титан, марганец, магний, хром ва бошқалардир. Темирнинг бир неча конлари ва руда кўринишлари аниқланган. Улар орасида муҳими Қорақалпоғистон Республикасида Тебинбулоқ титан-магний кони ҳисобланади. Марганец конлари Зарафшон, Қоратепа, Лолабулоқ ва бошқа жойларда мавжуд. Магматик хром Қизилқумда, Фарғонада, айниқса, Томдитов ва Султон Увайсда кўплаб учрайди.
Ўзбекистонда нометалл хомашё – глауконит, дала шпати, волластонит, графит, асбест, тальк, тальк тоши, абразивлар, қимматбаҳо ва ишлов бериладиган тошлар конлари кўп. Волластонитнинг 5-га яқин кўриниши ва конлари аниқланган. Графитнинг 30 дан ортиқ руда – рудаланиши ва конлари маълум. Қимматбаҳо ва ишлов бериладиган тошлардан топаз, феруза, аметисит, тоғ хрустали, халцедон, яшма, нефрит, лазурит, амазонит, родонит, агальматалит, мармар оникси ва бошқаларнинг анча йирик заҳиралари қайд этилган.
Корхона фаолиятини мақсадга мувофиқ ташкил этиш ва режалаштириш, ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш ва уни ташкил этишнинг турли норма ва нормативларини тузишга асосланади. Норма ва нормативлар асосида ишлаб чиқаришга керакли хомашё ва материаллар, жиҳоз ва асбоб-ускуналар миқдори аниқланади, ишлаб чиқариш жараёнида ходимлар жойлаштирилади ва ишлаб чиқариш ресурсларининг рационал заҳиралари режалаштирилади. МАҲСУЛОТ сифати бўйича қўйиладиган шартлар ҳам нормаларнинг бир тури ҳисобланади.
Ишлаб чиқаришнинг турли томонларини чегаралб турувчи норма ва нормативлар йиғиндиси ҳар бир ишлаб чиқариш бўлимининг нормалаштириш асоси бўлиб хизмат қилади.
Прогрессив техник-иқтисодий норма – маҳсулот бирлиги ёки иш турига сафрланиши мумкин бўлган жонли ва буюмлашган меҳнатнинг максимал миқдори ёки сарфланаётган ресурс бирлигидан олиниши мумкин бўлган фойдали самаранинг минимал миқдоридир.
Хомашё, асосий ва ёрдамчи материаллар, ёқилғи ва энергиялардан фойдаланиш нормалари ўз ичига қуйидаги нормаларни олади:
а) хомашё, асосий ва ёрдамчи материаллар, ёқилғи ва энергиянинг маҳсулот ёки иш бирлигига сарфланиш нормалари;
б) хомашё, материаллар ва ёқилғиларни тайёрлаш ва уларни ташиш харажатларининг норма ва нормативлари. Бу нормалар корхонанинг хомашё ва энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва маҳсулот таннархига кирувчи моддий бойликларга қилинадиган харажатларни аниқлашда қўлланилади.
Нормалаштиришнинг вазифаси ҳақиқатда керак бўлган фойдали сарфланадиган хомашё ва материал миқдори ҳамда минимал йўқотиш миқдорини аниқлашдан иборат. Бу уч йўл билан аниқланади: а)тажриба-лаборатория усули; б) техник-аналитик усул; в) ҳисобот-статистик усул.
Бу усуллар орасида техник-аналитик ҳисоблаш усули нормалаштиришнинг асосий усули бўлиб, у нормаларни элементлар бўйича ҳисоблашга асосланади, яъни нормани ташкил қилувчи ҳар бир элементи таҳлил қилишга имкон яратади. Бу усул илғор тажриба, фан ва техника ютуқларини чуқур ўрганишга ёрдам беради.
Ресурсларни тежашда ресурслар пуллилиги муҳим омил ҳисобланади. Хорижий мамлакатларда 70-йилларда ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан тўғри фойдаланишни ташкил этиш учун тўлов тизими жорий этилди. Аммо ҳозирги кунгача тўлов тизимида бир қатор муаммолар мавжуд. Корхонанинг моддий минерал хомашё компонентларидан тўғри фойдаланиш учун тўлов жорий қилиниши натижасида корхона рентабеллигидан сезиларли даражада кам миқдорда ҳақ тўламоқда.
Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ишлаб чиқаришнинг барча ва айниқса, кўп материал истеъмол қилувчи тармоқларда моддий харажатларни тежаш катта аҳамиятга эга. Маҳсулот бирлигига кетадиган хомашё ва материаллар миқдорини унинг сифати узоққа чидаши ва ишончли бўлишига зарар етказмасдан камайтириш, бир хил миқдордаги материаллар ва хомашёдан кўпроқ маҳсулот олиш ва тармоқлараро ишлаб чиқариш алоқаларини такомиллаштириш имконини беради.
Моддий ресурсларни тежаш учун кураш янги техникани жорий қилиш ва технологияни такомиллаштиришга шароит яратади, ишлаб чиқаришнинг техник даражасини ошириш эса ўз навбатида бошқа иқтисодий кўрсаткичларни яхшилашга шароит яратади. Маҳсулот бирлигига сарфланадиган хомашё ва материаллар миқдорининг камайиши ижтимоий меҳнат унумдорлигини ошириш демакдир, чунки хомашё ва материаллар таркибидаги моддийлаштирилган меҳнат ҳамда материалларни ташиш, ортиш, тушириш ва сақлаш билан боғлиқ бўлган “тирик” меҳнат миқдорини камайтириш имконини беради. Шу билан бирга асосий ишчилар сарфлайдиган меҳнат миқдори камаяди, чунки кам материални қайта ишлашга тўғри келади.
Моддий ресурсларни тежаш маҳсулот таннархини камайтиришнинг энг асосий омилларидан биридир. Хўжаликка тўғри раҳбарлик қилишда хомашё ва материаллар сарфлашни чуқур таҳлил қилиш катта аҳамиятга эга. Таҳлил ишлаб чиқариш хусусиятига қараб ўзгарувчи моддий ресурслардан фойдаланиш кўрсаткичлари асосида олиб борилади.
Бошланғич хомашёни биринчи бор қайта ишловчи тармоқларда хомашё бирлигидан тайёр маҳсулот чиқиши кўрсаткичидан фойдаланилади.
Баъзи бир тармоқларда маҳсулот бирлигига сарфланадиган хомашё миқдори кўрсаткичидан фойдаланилади.
Қайта ишловчи бир қатор тармоқларда хомашё ва материаллардан фойдаланиш коэффициенти аниқланади. У детал, узел ёки маҳсулотнинг соф оғирлигини унга сарфланган материал миқдорига ёки сарфлаш нормасига бўлиш йўли билан аниқланади. Бу коэффициент бирга қанча яқин бўлса, шунча яхши, чунки материалдан шунча тўлиқ фойдаланилади.
Материаллардан фойдаланиш даражасини тўғри таҳлил қилиш учун ишлаб чиқаришнинг барча техник-иқтисодий шароитларини кўриб чиқиш керак бўлади.
Моддий ресурслар резервларини ишга солиш манбалари ва йўлларини аниқлаш мақсадида таҳлил методи амалга оширилади.
Хомашё ва материалларни тежашнинг асосий манбалари қуйидагилардан иборат:
машина ва бошқа маҳсулотлар сифати ошгани ҳолда оғирлигининг камайиши;
ишлаб чиқариш йўқотишлари ва чиқиндиларини ҳар тарафлама камайтириш;
хомашё ва материаллардан комплекс фойдаланиш;
хомашёнинг қимматбаҳо камёб турлари ўрнига тежамли, янги материаллар қўллаш;
хомашёдан қайта фойдаланиш.
Саноат ишлаб чиқаришида хомашё ва материалларни тежашнинг асосий йўллари қуйидагилардан иборат:
машина ва маҳсулотлар конструкциясини яхшилаш;
янги техника ва прогрессив технологияни жорий этиш;
технологик жараёнларни яхшилаш;
хомашёни комплекс қайта ишлаш усулларини ривожлантириш;
- ишлаб чиқаришни ташкил қилишни яхшилаш.
Маълумки, моддий ресурсларни тежаш тадбирларини амалга ошириш қўшимча пул харажатлари билан боғлиқ. Бундай харажатлар икки хил хусусиятга эга:
1. Капитал харажатлари сифатида – материаллар харажатини камайтиришни қоплаш учун зарур бўлган янги ускуналарни ўрнатиш учун.
2. Хомашё ва материаллар сифатини ошириш учун сарфланадиган харажатлар сифатида.
Қўшимча пул харажатлари маҳсулот таннархини камайтиради ва шунинг ҳисобига тежаш имконини беради. Материалларни тежаш, шунингдек, ускуналардан фойдаланишни яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имконини беради. Шунинг учун харажатлар самарадорлигини аниқлашда фақатгина хомашёдан олинган тежамгина ҳисобга олинмай, балки ускуна ва иш ҳақидан олинган тежамни ҳам аниқлаш керак бўлади.
Меҳнат буюмларини сарфлаш нормаларини пасайтиришдан олинадиган тежам қуйидаги формула асосида аниқланади:
Do'stlaringiz bilan baham: |