КИРИШ (фалсафа доктори (PhD) диссертацияси аннотацияси)
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Дунё таълим тизимида таълим жараёнининг сифат бошқарувини ахборот хизмати орқали такомиллаштириш бўйича кенг кўламдаги илмий изланишлар замирида таълим тизимининг сифат даражасини ошириш, таълим стандартлари ва ўқув дастурларини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда танқидий таҳлил қилиш ҳамда янгилаш етакчилик қилмоқда. Мазкур изланишлар Австралиянинг педагогик илмий изланишлар Консорциуми (АGER), АҚШнинг педагогик тадқиқотлар тестларини ўтказиш Хизмати (ЕTS), Япониянинг Таълим соҳасидаги Миллий тадқиқотлар институти (NER) томонидан амалга оширилиб, халқаро таълим хизмат бозорида давлат, корпоратив ва хусусий таълим муассасаларидаги ахборот хизматини ривожлантириш заруратини юзага келтирмоқда, чунки “бошқарув жараёнларининг устун даражада ахборот тусида эканлиги корпорацияларда ва давлат органларида менежмент учун умумий ҳисобланади” 1.
Дунё ва республикамиз миқёсида сўнгги йилларда ахборот хизматини ташкил этишга бўлган эҳтиёжнинг шиддат билан ўсиши педагогика олий таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларини бошқариш ва уни ахборот хизмати контекстида такомиллаштиришни тақозо этади. Чунки, таълим муассасаларида яратилаётган замонавий шароит ва имкониятлардан самарали фойдалана оладиган, ахборот-коммуникация хизматларидан хабардор, ўз соҳасига оид чуқур билимларга эга, касбий компетентли, масъулиятли, ташаббускор ва талабчан, ўзини-ўзи ривожлантирувчи раҳбар ва педагог кадрларга бўлган эҳтиёж бозор муносабатлари шароитида долзарб ҳисобланади.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ узлуксиз таълим тизимидаги ислоҳотлар таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш механизмларини такомиллаштиришни, замонавий талабларга мос келадиган, демократик тамойилларга асосланган инновацион таълим бошқарувини шакллантиришни тақозо этди. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”1да мамлакатда янги мазмундаги узлуксиз таълим тизимини яратиш вазифаси қўйилди, унинг таркибида эса янги мазмун ва моҳиятда инновацион олий таълим тизимини шакллантириш бош йўналиш сифатида белгилаб олинди. Ўзбекистон Давлатининг бошқа мамлакатлар билан ўзаро интеграциялашув жараёнларида иштирок этиши, ахборот-коммуникация хизматларидан фойдаланишга бўлган ижтимоий талабнинг ортиши, ахборот айирбошлашнинг принципиал жиҳатдан янги шакллари ва имкониятларининг пайдо бўлиши, инновацион педагогик технологияларни қўллаш ва улар асосида кенг мазмундаги турли ахборот-коммуникациялари хизматларини жорий қилишга асосланган таълим жараёнини ташкил қилиш ахборот хизмати тизимини моделлаштириш муштараклигида олиб бориш муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” тўғрисидаги ПФ-4997-сон Фармони, 2017 йил 20 апрелдаги 2909-сон “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5349-сон Фармони, 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5763-сон Фармони ва мазкур соҳага тегишли бошқа меъёрий-хуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда мазкур диссертация муайян даражада хизмат қилади1,2,.
Do'stlaringiz bilan baham: |