64. Германиянинг бирлашиши ва халқаро муносабатлар.
Германия бирлашгандан сўнг унинг тобора юксалиб борган иқтисодий қудрати, унинг тез суръатлар билан ривожланиши ҳамда янги мустамлакалар учун олиб борган экспанцияси Англия–Германия муносабатларини кескинлаштириб юборди. Дунё бозорларида ҳукмронлик қилаётган Буюк Британия ўз мустамлакаларига Германиянинг суқилиб кириши ва унинг ўлжаларини бўлиб олишини сира истамас эди. Шундай қилиб, 1870–1871 йиллардаги Франция–Пруссия уруши ва Германия империясининг вужудга келиши Европада янги кучлар мутаносиблигини вужудга келтирди ҳамда халқаро муносабатларнинг янада кескинлашувига олиб келди. Германия империясининг асосчиси, унинг биринчи канцлери Отто фон Бисмарк бу пайтда 55 ёшда бўлиб, машҳурлик чўққисига кўтарилган эди. Немислар буржуазиянинг энг машҳур ва севимли давлат арбобига айланган Бисмаркдан янгидан-янги муваффаққиятларни кутмоқда эдилар. Бисмарк яхши билардики, кучли Германия ўзига қарши Европада янги коалицияни вужудга келтириши мумкин ва Франция, табиий равишда, Германияга қарши қаратилган коалицияга биринчи бўлиб аъзо бўлади. Бисмарк, айниқса, Россия ва Франциянинг ўзаро яқинлашмаслиги учун кўз-қулоқ бўлиб туришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шу сабабли, Бисмарк вазиятни тўғри баҳолаб, Германия бошчилигида ҳарбий сиёсий коалиция тузишни режалаштирди. Кўплаб тарихий ҳужжатлар шундан далолат берадики, Бисмарк Германияси, унинг ҳарбий штаби Франция Учинчи республикасига қарши превентив уруш режасини ишлаб чиққан. Эльзас ва Лотарингияни Франциядан тортиб олгач, Бисмарк Германияси нафақат иқтисодий, балки стратегик мақсадни ҳам кўзлаган. Лотарингия водийси Парижга қарши ҳарбий плацдармга айланиши керак эди. Францияга қарши сиёсат маҳсули бўлган уч императорлар иттифоқи ҳам Бисмаркнинг ташаббуси билан вужудга келди. Париж коммунаси бостирилгач, Бисмарк Франция республикасини изоляция, яъни иҳота қилиш учун Германия, Россия ва Австро-Венгриядан иборат монархистик давлатлар иттифоқини вужудга келтирди. Монархияга асосланган давлатларнинг ҳамкорлик қилиш ғояси ҳам айнан Бисмарк ташаббуси билан пайдо бўлди. Бу ғоя Париж коммунаси бостирилгач ўртага ташланди. Мазкур ғоянинг асосини: – ишчиларга қарши биргаликда кураш олиб бориш; – ҳар учала давлатдаги монархияга асосланган муштараклик; – ниҳоят, ҳар учала давлатнинг бир-бирига ўзаро яқин жойлашган жуғрофий ҳудудлари ташкил этар эди. 1872 йил сентябрь ойида ҳар учала императорлар Берлинда учрашдилар ва “Муқаддас иттифоқни” янгидан ташкил этишга келишиб олдилар. 1873 йил май ойида Германия ва Россия ўртасида ҳарбий конвенция имзоланди. 1873 йилда Вильгельм I Австрия ва Россия битимига қўшилди. Айнан шу йил уч император иттифоқини тузишда катта аҳамият касб этди. Уч император ўртасидаги мазкур иттифоқ туфайли Франция яккаланиб қолди. Ўз навбатида, Германиянинг халқаро миқёсдаги роли ошиб борди. Уч император иттифоқи 1887 йилгача давом этди. Бироқ, шундан сўнг, дастлаб Австрия ва Россия ўртасида, сўнгра Россия ва Германия ўртасидаги ўзаро зиддиятлар ниҳоятда кучайиб кетди. Шу сабабли, уч император иттифоқи 1887 йилда ўз фаолиятини тўхтатди. Россия уч император иттифоқининг аъзоси ҳисобланса-да, бироқ Францияни қўллаб-қувватлашда давом этди, чунки Россия Франциянинг заифлашувидан манфаатдор эмас эди. Россия канцлери А.М.Горчаков қайта ва қайта бир гапни такрорлар эди: “Европа учун ҳам, Россия учун ҳам, авваламбор, кучли Франция зарур”. Асрлар давомида халқаро муносабатларда Россия ва Франция яхши ҳамкорликни йўлга қўйиб келдилар. Ўз навбатида, Россия ва Франциянинг умумий чегаралари бўлмаганлиги сабабли, улар ўртасидаги дўстона алоқалар ҳар икки тарафнинг манфаатларига мос келар эди. Англия эса, ўз жуғрофийсиёсий мавқеига кўра, 1815 йилдан буён “Европада кучлар мутаносиблиги” мавжуд бўлишини истар эди. Шу билан бирга, Англия Европада Германияга ўхшаш давлатнинг гегемон бўлишига бутунлай қарши эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |