Глобал муаммоларнинг турли даражалари. Давлатнинг бугунги ва истиқболидаги барқарор иқтисодий ўсишини таъминловчи омиллар айнан таълим соҳаси ривожланишига бевосита боғлиқ. Шу сабабли мустақилликнинг илк йиллариданоқ иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш жараёнида таълим соҳасида жаҳонда муносиб ўринни эгаллашга қаратилган янги узлуксиз таълим тизимини яратиш ва ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу борада алоҳида аҳамият касб этадиган сиёсий глобаллашув давлатларнинг сиёсий тузилишини, халқлар ва минтақалар ўртасидаги сиёсий алоқаларнинг кенгайишини, ўзаро боғлиқлигини ифодалайди ва охир-оқибат, уларнинг унификациялашувига олиб келади. Бунда ўзига хос сиёсий муносабатлар кўламига кўра глобал ва барча давлатларнинг ички тузилиши бир тармоққа уланиб кетиши кузатилади. Бу жараёнда миллий давлатчилик суверенитетига хавф туғдириши мумкин бўлган бир қанча ҳолатлар мавжуд. Улар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин: Биринчидан, жаҳон сиёсий саҳнасида трансмиллий корпорациялар, нодавлат ҳамда халқаро ташкилотлар, халқаро капитал каби янги қудратли сиёсий субъектлар шаклланмоқда. Улар сиёсатнинг анъанавий субъекти — миллий давлатчилик суверенитетининг иккинчи даражага тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Иккинчидан, глобаллашув халқаро ҳуқуқ асосларига сезиларли равишда таъсир этяпти. Бу эса давлатларнинг ўз ҳудудида ҳуқуқий суверенитетидан қисман айрилишига олиб келмоқда. Натижада миллий давлатларнинг нафақат ташқи, балки ички сиёсий масалаларини мустақил ечиш имкониятлари чегараланмоқда. Маълум бир давлатнинг ички сиёсатини ташкил этадиган муаммо (ички ихтилоф, сиёсий кураш, сайлов жараёнлари ва бошқалар) бугунги кунга келиб, глобал аҳамият касб этиб бошқа давлатларнинг манфаатларига ҳам дахлдор бўлиб қолмоқда. Учинчидан, кишилар онгида давлатчилик суверенитети асосини ташкил этувчи ҳудудий омил глобаллашув самараси ўлароқ, ўзининг анъанавий аҳамиятини йўқотмоқда ва табиий равишда давлат ҳокимияти мавқеига ҳам путур етмоқда. Бошқача айтганда, миллий чегаралар тобора шаффофлашиб, "ювилиб" кетмоқда. Тўртинчидан, бутун дунё бўйлаб бир қатор ғарб давлатлари раҳнамолигида "демократиялашув" жараёни жадаллашмоқда ва бунинг натижасида айрим давлатларнинг ўзига хос демократик тараққиётига четдан кучли таъсир ўтказиляпти. Яъни, бу жараёндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган глобализм ғояси асосчилари бошқа мамлакатларнинг сиёсий бошқарув тизимини ўз қўлларига олишга уринмоқдалар. Мисол учун, МДҲга аъзо бир қатор давлатларда 2005 йилда юз берган "инқилоблар", сиёсий глобаллашув маҳсули бўлиб, ушбу жараён асоратларининг қанчалар хавфли эканлигидан дарак беради. Ушбу воқеалар шундан далолат берадики, юксак тараққий этган мамлакатлар бошқа давлатларнинг суверенитети ва ички ишларига аралашмаслик принципини пардаланган шаклда бузмоқда. Бунда сиёсий глобаллашув жараёнининг яна бир маҳсули – нодавлат ташкилотларнинг ресурслари ва нуфузидан ташкилий ниқоб сифатида фойдаланиш дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Айни шу маънода А.В.Бузгалин “Глобаллашув сиёсатга таъсири кучли бўлиб, ҳавфсизлик ва иқтисод соҳасида давлатларнинг бир-бирига тобелигини кучайтириб, ҳар бирининг жаҳон саҳнасидаги устувор жиҳатларининг чуқур ўзгаришига олиб келади. Ташқи сиёсий воситалар арсеналига бошқача нуқтаи назардан қарашга мажбур қилиб, жаҳон сиёсати кун тартибининг тадрижийлашиш жараёнининг тезлашиб кетишига олиб келади”9, - деб ёзади.
Глобаллашув замонавий жамиятга кўплаб ижобий жиҳатлар олиб кириш билан бирга, инсоният тараққиётидаги шундай паллани ўзида акс эттираётирки, эндиликда дунё халқлари вужудга келаётган муаммоларга қарши ёлғиз кураша олмайди, уларни биргаликда ҳал қилиши мумкин холос. Бугунги кунда глобаллашув ўз таъсирини ўтказмаган соҳа қолмади. Дастлаб у мамлакатлар иқтисодий ҳаётидан бошланган бўлса, сўнгра сиёсат, ахлоқ, миллий маънавий ҳаёт, инсонларнинг кундалик турмуш кечиришигача бўлган барча жараёнларни ўз ичига қамраб олади. Глобаллашув жараёни инсоният тараққиётининг маълум босқичида юзага келган объектив жараён бўлиб, у бирор-бир шахс ёки давлатнинг хохиш-иродаси билан пайдо бўлгани йўқ. Лекин мана шу объектив жараённи инсониятнинг умумфойдасига ўз давлатининг иқтисодий, сиёсий қудратини янада юксалтиришга, бу йўлда бошқа давлатларнинг манфаатлари-ю келажак тақдири билан ҳисоблашмаслик глобаллашув жараёнини кўпроқ салбий жараёнга айлантириб, инсониятнинг унга бўлган умид ва ишончини йўққа чиқармоқда. Бошқача айтганда, бундай объектив ҳодисадан айрим давлатлар катта манфаат кўраётганини, дунё давлатларининг аксарияти эса ҳали бери бу жараёнларнинг меваларидан баҳраманд бўла олмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Фикримизнинг исботи сифатида қуйидаги маълумотни кўрсатиб ўтамиз. Француз тадқиқотчиси Т.Фабрнинг маълумотларига кўра, ХХ асрнинг охирида 20 % энг бой давлатларнинг улушига жаҳон миқёсида ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 86, экспортнинг 82, инвецияларнинг 68 % тўғри келган бўлса, 20 % энг қашшоқ мамлакатларда ҳар уч кўрсаткич бир фоиздан тўғри келган. БМТнинг маълумотларига қараганда, сайёрамиздаги энг бой уч кишининг сармояси қарийб 600 миллион киши истиқомат қилаётган 48 энг қашшоқ мамлакатлар ялпи маҳсулотидан ҳам кўпроқ экани дунё жамоатчилигининг ташвишлантирмаслиги мумкин эмас. Бундай аянчли вазиятни ўнглаш, турли мамлакатларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳамда маданий алоқаларнинг адолат тамойиллари асосида қарор топиши кўп жиҳатдан “катта еттилик” яъни энг ривожланган мамлакатлар юритилаётган сиёсатиги боғлиқ. Қолаверса, айрим ривожланган давлатларнинг кичик давлатларга маданий экспансияси оқибатида чет элдан кириб келаётган оммавий маданият таъсири баъзи мамлакатларда асрий маданият асослари йўқ бўлиб кетаётганини айрим тадқиқотчилар “маданий Чернобль” деб баҳолаётганлари ҳам бежиз эмас. Бу эса ҳар доим ҳам ўзини глобаллашув жараёнинг тенг ҳуқуқли ҳамкор деб эмас, балки ўз қудрати, иқтисодий имкониятларини янада ошириш учун хом ашё манбаи сифатида қаралаётганлигини ҳам кўрсатиб қўймоқда.
Интернет – инсон тафаккури, ақли ва билими қудратининг маҳсули бўлиб, бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган глобал компьютер тармоғидир. Интернет тармоғининг тезкорлиги, арзон кенг қамровли алоқа, ҳамкорлик ишлардаги қулайлик, ҳамманинг ишлаши учун имкон берувчи дастур ҳамда маълумотларнинг ноёб базаси эканлиги ўзига тортмоқда. Глобал тармоқ афзалликларини инкор этмаган ҳолда, унинг ёшлар маънавиятига таъсири, хавф-хатарларини ҳам эътиборга олмоқ даркор. Жаҳоннинг бир неча мамлакатида уюшган террорчи гуруҳлар ва ташкилотларнинг сайтлари мавжуд бўлиб, улар орқали ёшларнинг онгига, турмуш тарзига тўғри келмайдиган ёт ғоялар тарғиб қилинмоқда. Шунингдек, порнографик мазмунга эга бўлган саҳифалар ёш авлоднинг тарбиясига, хулқ-одобига зарар етказмоқда. Бугунги кунда ёшлар интернетга асосан янгиликларни излаш, янги дўстлар орттириш ва мулоқот қилиш, мусиқа кўчириб олиш, ўзларига керакли маълумотни олиш учун кирадилар. Ёшлар интернетдан умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган ва унинг тараққиётига ёрдам берадиган ахборотларни танлаб таҳлил қилиб фойдалансалар, уларнинг маънавият ва тафаккури ўсиб, ахборот истеъмоли маданиятга эга ёшлар салбий ва нохолис таъсирга тушиб қолмайдилар.
Глобаллашув натижасида миграция жараёнларининг фаоллашаётганлиги ҳам сезилмоқда. Бу жараён келтириб чиқараётган айрим салбий оқибатлар жумладан, трансмиллий жиноятлар (халқаро терроризм, диний экстремизм, халқаро наркобизнес, одам савдоси ва бошқалар) нинг кўпайиши кузатилмоқда. Халқаро глобаллашув инсоният, мамлакат ҳаётининг борган сари янги-янги соҳаларни эгаллаб, унинг натижасида ҳозирги даврга қадар бўлган халқаро тартибот, маданиятлар, қадриятлар янги маъно ва мазмун билан тўлиб бормоқда. Айниқса, инсон қадрига ҳам ўз таъсирини кучли ўтказмоқда. Ноқонуний миграция оқибати сифатида мавжуд бўлаётган “одам савдоси”дек ҳолат дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда.
Жаҳон амалиёти кўрсатиб турганидек, халқаро глобаллашув ўтиш даврида турган давлатлардаги демократиялашув жараёнларига бирдек ижобий таъсир кўрсатмаяпти. Аксинча, глобаллашув айрим жамиятларда демократиялашув жараёнлирини мураккаблаштирмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир жамият амалиётидаги демократиялашув жараёнларига таъсир қилувчи ташқи омиллар сони ҳам тобора ортаяпти. Демократиялашув жараёнларининг миллий мамлакат доирасидаги барқарорлиги ички омиллар билан бир қаторда ташқи омилларга ҳам боғлиқ бўлиб, кўпгина мамлакатларда кузатилганидек, жамият аъзоларининг масъуллик ҳисси пасаймоқда. Чунки глобаллашув туфайли рўй берувчи ўта кучли интеграция жараёнлари: иқтисодий ҳамда ахборот алмашиш соҳлалардаги чуқур интеграциялашув маълум даражада ва объектив равишда миллий давлатлар ролини чегаралаб қўяди. Буни интеграциялашув натижасида вужудга келувчи халқаро ташкилотларнинг баъзи ҳолларда миллий давлатлар тараққиётининг йўналишларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётганликларидан кўриш мумкин. Қадриятлар тизимига глобаллашувнинг таъсир этиш муаммосига назар соладиган бўлсак, бунга асосий сабаб, жадал ўзгариб бораётган фан ва технология, санъат, ахлоқ, турмуш тарзи эканлигини сезамиз. Бундай ўзгаришлар кишиларнинг қулайликка, мода ва замонавийликка интилишида, унинг оқибатида эса кундалик турмуш тарзининг трансформациясида яққол кўзга ташланади. Кўплаб тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, глобаллашув жараёнлари туфайли келиб чиқаётган муаммолар кўпчилиги ривожланган мамлакатлардаги манфаатли интилишлар билан боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |