Нанотехнологиялар ва биологик идентификация технологияларининг ижтимоий жараёнларга таъсири. Нанотехнология тушунчаси учун тугал ва аниқ ифода йўқ, аммо мавжуд микротехнология асосида бу ўлчамларни нанометрдаги технология деб юритиш мумкин. Шунинг учун микродан нанога ўтиш бу моддани бошқаришдан атомни бошқаришга ўтиш демакдир. Соҳанинг ривожи деганда эса асосан учта йўналиш тушунилади:
— ўлчами атом ва молекулалар ўлчамлари билан солиштирарли электрон схемаларни тайёрлаш;
— наномашиналарни лойиҳалаш ва ишлаб чиқиш;
— алоҳида атом ва молекулаларни бошқариш ва улардан алоҳида микрообъектларни йиғиш.
Бу йўналишдаги изланишлар анча вақтдан буён олиб борилмоқда. 1981 йилда туннелли микроскоп яратилиб, алоҳида атомларни кўриш мумкин бўлди. Шундан буён технология сезиларли такомиллаштирилди. Бугун бу ютуқларни кундалик ҳаётда ишлатамиз: лазерли дискларни ишлаб чиқариш, жумладан, ДВД дисклардан нанотехнологик усулсиз фойдаланиш мумкин эмас.
Кўпгина мутахассислар микротехнология тарихи Ричард Фейнманнинг 1959 йили Америка физиклар жамиятида ўқиган машҳур маърузасидан сўнг бошланган деган фикрда. У микротехнология потентсиалини бой бўёқларда тасаввур этади. Маърузаларида компютерлар, ахборотни сақлаш қурилмалари, электрон қисмлар ва роботлар митти ҳолатда тасвирланган эди. Фейнманнинг микроэлектроника борасидаги башоратлари тез (аниқроғи, 1960-70 йилларга келибоқ) амалга ошди. 1980 йилда эса этакчи университетлар ва давлат лабораторияларида нисбатан арзон усулларда митти механик деталлар яратила бошланди. Бунинг учун микроэлектромеханик системалар (МЕМС) технологияси ишлаб чиқилди.
Амалда МЕМСнинг илк тижорат маҳсулоти пайдо бўлиши учун 30 йил керак бўлди. Кенг тарқалган дастлабки МЕМС технологиялари тезланиш сенсорлари хорижда ҳар бир автомобилга ўрнатилиб, тўқнашувни пайқаш ва ҳаво ёстиқчасини ишга тушириш учун ишлатиларди. Ҳозир йилига 50 миллионта бу каби сенсорлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, «Сандия» фирмаси ҳам самарали микроскопик сенсорлар ярата бошлади. 1990 йили яратилган автоном робот МАРВ 1 куб дюйм ҳажмда бўлган, 2000 йилга келиб эса унинг ўлчамларини 4 марта кичиклаштиришга имкон туғилди. Бу каби роботлар компютер орқали бошқарилади, бажарадиган вазифалари эса турли-туман. Ишлаб чиқарувчиларнинг фикрича, уларнинг асосий вазифалари бомба ва миналарни, хавфли биологик, кимёвий ва радиоактив моддаларни қидириб топиш ҳамда зарарсизлантиришдан иборат. Шу билан бирга, роботлардан инсон фаолиятини назорат қилиш, разведкада ва бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин.
Жаҳон миқёсида олиб қаралганда, бугун нанотехнологияларни ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт, экология, энергетика, машинасозлик, самолётсозлик ва космонавтика, табиий бойликларни излаб топиш ҳамда қазиб олиш каби устувор соҳаларда кўпроқ қўллашга бўлган интилишлар юқори. Бу тармоқларнинг ривожланиши электроника ва микроэлектроника соҳаларида қўлланиладиган янги наноматериаллар (кўп қатламли тизимлар, нанонайчалар) олиш билан белгиланади. Чиндан ҳам, мазкур юз йилликда ақлий салоҳиятни ҳар қачонгидан кўра фаолроқ намоён этишга тўғри келади. Нанотехнологияларга оид ишланмаларни янада такомиллаштириш, уларни амалиётда кенгроқ қўллашга бўлган саъй-ҳаракатларнинг ортиб бораётгани замирида ана шу эзгу мақсад мужассамдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |