Ердаги ёғингарчиликлардан кўпини шудринг, қиров ва аёз беради.
Ёмғирлар 3 турга-жала, майда (майин), қоплаб ёғадиган ёмғирларга бўлинади.
Ер ости сувларини таъминлашда секин, лекин давомли ёғадиган (қоплаб ёғадиган) ёмғирларнинг аҳамияти катта. Улар аста-секин сув ўтказувчан тоғ жинси қатламларига шимилиб, ер ости суви сатҳига етади.
Майда (майин) ёғган ёмғир кам бўлгани учун ер ости сувларини таъминлашда унчалик аҳамиятга эга эмас. Жала ёмғирлари қисқа вақт ичида жуда кўп сув беради, асосан ер усти сув оқимини ҳосил қилади. Қаттиқ ҳолатдаги ёғинларга қор, крупа, дўл киради. Улар йилнинг совуқ вақтида ёғади. Қаттиқ ҳолатдаги ёғинлар фақат эригандан кейин ер ости сувларига шимилиб, уларни таъминлайди. Ёғган ёмғир миқдори метеорологик станцияларда махсус асбоблар ёрдамида ўлчанади. Улар жумласига ўзи ёзадиган асбоб-плювиограф киради.
Бу ускуна айланадиган барабандан иборат бўлиб, у тинимсиз ёғган ёмғир миқдорини график чизиб белгилаб боради.
Ер юзида тадқиқотчилар фикрига кўра Ҳиндистоннинг Ассам вилоятидаги Черранунджи қишлоғида ёғин-сочин миқдори йилига 20000 мм, Америка чўлларида эса унинг миқдори ҳаммаси бўлиб 10 мм ни ташкил этади. Ёғингарчилик қанчалик кўп бўлса, унинг ер остига шимилиш миқдори шунчалик кўп бўлади.
Ҳаво ҳарорати. Ҳаво ҳарорати ҳамма ҳудудларда ҳар хил бўлади ва катта амплитудада ўзгаради. Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат Термиз шаҳрида 50°C. Ҳароратнинг юқори бўлиши ер ости сувларининг камайишига олиб келади, яъни буғланиш миқдори ортади. Агар чўлли ҳудудларни олсак, бу ерларда ёғин-сочин миқдори деярли оз. Буғланиш миқдори эса, ҳарорат юқори бўлганлиги сабабли жуда катта. Ҳарорат ўзгаришини кўрсатувчи алоҳида хариталар тузилган. Бу хариталарнинг номи изогет хариталари деб аталади.
Буғланиш. Юқорида айтганимиздек, ҳарорат таъсири натижасида буғланиш миқдори ортиб боради. Буғланишни ўрганиш учун ҳудудда алоҳида кузатув майдонлари ажратилади ва буғланиш миқдори махсус ўрнатилган асбоблар ёрдамида ўлчанади.
Буғланиш миқдорини ўрганувчи асбобнинг номи-лизиметр.
Улар кўндаланг кесим юзаси бўйича икки хил кўринишда доира ва тўртбурчак шаклида бўлади. Бундай лизиметрлар қалинлиги 4-5 мм га эга бўлган тунукалардан ясалади.
Кузатувлар шуни кўрсатадики, тўртбурчак шаклига эга бўлган лизиметрлар доира шаклига эга бўлган лизиметрларга, нисбатан аниқ маълумотни беради ва жойлаштириш ҳам осон бўлади. Тўртбурчак шаклидаги лизиметрларнинг томонлари 1 ва 1,4 м бўлгандагина аниқ маълумотлар олиш мумкинлиги кузатилган. Умуман, бу лизиметрлар пайвандлаш йўли билан тайёрланади. Лизиметрларнинг узунлиги баъзи ҳолларда 5 метргача боради, узунлигини аниқлашда танланган майдон ер ости сувларининг чуқурлигига мослаб олинади.
Лизиметрларни ўрнатиш учун ерда тўртбурчак шаклидаги ўралар қазилади. Ўра тайёр бўлгандан кейин лизиметр ўрага туширилади. Биринчи навбатда, лизиметрнинг ичига қум аралашган шағал ташланади ва лизиметр ер остида қолади. Лизиметр атроф-муҳитдан ажралган ҳолда бўлади.
Атрофдаги ер ости сувининг чуқурлигини аниқлаб, шу чуқурлик миқдорида лизиметрга сув солинади. Масалан: атрофдаги сувнинг чуқурлиги ярим метрга тенг бўлса, лизиметрдаги сувнинг чуқурлиги 0,5 м га тенг бўлиши лозим. Бунинг учун лизиметрга таъминловчи қувур орқали сув қуямиз ва шу йўл билан лизиметрда ярим метрли чуқурликни ҳосил қиламиз, сўнг кузатув ишларини олиб борамиз. Эрталаб кун чиққунга қадар лизиметрдаги сув сатҳини ўлчаймиз, кейин пешин ва кечқурун ўлчаймиз. Бунда лизиметрдаги сув қанча миқдорда, қайси вақт ичида қанча буғланиш миқдори маълум бўлади.
Лизиметрларнинг бирига ўсимлик ўтқазиб, у орқали қанча сув буғланганлиги транспиратсиясини кузатамиз. Кузатилаётган майдонлардаги яна бир идишга сув қуйиб, очиқ сув юзасидан қанча сув буғланишини, яъни буғланиш қобилиятини аниқлаймиз. Бу кузатув натижасида олинаётган маълумотлар ер ости сув балансини аниқлашда асосий ўринни эгаллайди.
Шундай қилиб буғланишни 3 қисмга бўламиз:
-ер юзасидан буғланаётган сув миқдори;
-очиқ сув юзасидан денгиз, океан, сув омборларидан сув буғланиши;
-транспирация-ўсимликлар орқали сувнинг буғланиши.
Буғланиш ва буғланмоқ деган тушунчаларни фарқлашимиз керак. Буғланиш-маълум майдонда ер юзасидан буғланаётган ҳақиқий ўрта намлик миқдори. Буғланмоқ эса маълум шароитда сув сатҳидан буғланаётган ўлчам. Буғланиш тезлиги деб, вақт бирлигида бирлик юзадан буғланаётган сув миқдорига айтилади. Буғланган сувнинг миқдорини миллиметрда ўлчаш қабул қилинган:
Do'stlaringiz bilan baham: |