Аниқлик. Инсон тафаккурига хос бўлган муҳим жиҳатлардан бири фикрнинг аниқ ифодаланишидир. Воқеликдаги ҳар бир нарса ва ҳодиса ўзига хос белги ва хусусиятларга эга. Ана шу жиҳат уларни бир-биридан фарқлашга, уларнинг ўзига хос томонларини аниқлашга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида нарса ва ҳодисаларнинг инсон тафаккурида аниқ акс этишини, ҳар бир фикр, мулоҳазанинг аниқ, равшан ифодаланишини таъминлайди. Фикрнинг аниқ ифодаланмаслиги фикрдаги мантиқнинг саёзлашувига, мантиқсизликка олиб келади. Масалан, объектив ва суюъектив сабаб тушунчаларининг моҳиятини аниқлаб олмасдан бирорта ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида аниқ фикр юритиб бўлмайди.
Изчиллик. Оламдаги ҳар бир нарса ва ҳодисанинг жойлашиши, ўзаро муносабати ва боғланишида муайян тартиб, кетма-кетлик ва изчиллик мавжуд. Нарса ва ҳодисаларнинг бу хусусиятлари фикрлаш жараёнини изчил ифода этилишида намоён бўлади. Тафаккурга хос бўлган изчиллик ҳар бир фикрнинг муайян тартибда ўзаро боғланган ҳолда баён этилишини талаб қилади. Фикрдаги изчилликнинг бузилиши фикр маъносининг ўзгаришига олиб келади ва бундай фикрни тушуниш қийинлашади. Масалан, жиноят қонунчилигини ўрганмасдан туриб, тергов моҳиятини тушуниш қийин.
Зиддиятсизлик. Атрофимиздаги ҳар бир нарса ва ҳодиса бир вақтнинг ўзида бирор сифатига кўра икки зид белгига эга бўлмайди. Яъни, бирор буюм бир вақтнинг ўзида ҳам бор, ҳам йўқ бўлолмайди. Фикрда мантиқий зиддиятнинг юзага келиши унинг чалкаш, ноаниқ, тушунарсиз бўлишига олиб келади. Масалан, инсон бир вақтнинг ўзида ҳам аҳлоқли, ҳам аҳлоқсиз бўлиши мумкин эмас. У ё ахлоқли, ё ахлоқсиз бўлади.
Асосланганлик. Нарса ва ҳодисалар ўртасидаги сабабий боғланишлар тафаккурга хос бўлган асослилик белгисининг объектив негизидир. Шу боис, инсон фикрлаш жараёнида иложи борича асосланган мулоҳазаларни баён этишга ҳаракат қилади. Масалан, тафаккурнинг етарли асос қонуни талабига биноан ҳар қандай нарса ва ҳодиса ҳақида айтилган фикр асосланган бўлиши керак. “Элдор Шомуродов - футболчи” деган мулоҳазани “У Италиянинг Рома клуби ҳужумчиси” деган фикр билан асослаш мумкин.
Бир мулоҳазани асослаш деганда, шу мулоҳазанинг чинлигини тасдиқловчи ишончли ва етарли далилларнинг мавжудлигини аниқлаш тушунилади. Ишончли ва етарли далилларни икки гуруҳга: эмпирик ва назарий асосларга бўлиш мумкин. Улардан бири ҳиссий билиш, тажрибага асосланса, иккинчиси ақлий билиш, тафаккурга таянади. Эмпирик ва назарий билимларнинг чегараси нисбий бўлгани каби, эмпирик ва назарий асослар ўртасидаги фарқ ҳам нисбийдир.
Ҳар бир белги тафаккур қонунларининг мазмунини ташкил этади.
Ҳуқуқшуноснинг нутқи, илмий-педагогик, раҳбарлик фаолияти мантиқий фикрлашга асосланиши керак. Шундагина фаолиятнинг барча соҳаларида мантиқий кетма-кетлик, изчиллик ва муайян самарага эришиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |