Иккинчи гуруҳ муаммолари фан ичида вужудга келиб, билимдон ҳакамга муҳтож бўлади ва айнан фалсафа ҳакам вазифасини бажаради. Бу гуруҳда билиш фаолияти муаммолари, акс эттириш назарияси, когнитив жараёнлар ҳамда парадоксал муаммоларни ҳал қилишнинг «фалсафий йўллари» жамланади.
Учинчи гуруҳга фан ва фалсафанинг ўзаро таъсири билан боғлиқ муаммолар киради. Фан тарихига оид тадқиқотлар фаннинг ривожланишида фалсафий дунёқараш қандай улкан роль ўйнашини ишонарли тарзда кўрсатиб берди. Антик математика ва астрономиянинг вужудга келиши, Коперник томонидан гелиоцентрик тизимнинг кашф этилиши, дунёнинг классик илмий манзарасининг шаклланиши, Галилей-Ньютон физикаси, табиатшуносликда XIX охири XX аср бошларида содир бўлган инқилоб ва ҳ.к. билан боғлиқ илмий инқилоблар даврида фалсафанинг таъсири айниқса жиддий сезилади. Бундай ёндашувда фан фалсафаси эпистемологияни, илмий билиш методологияси ва социологиясини ўз ичига олади.
Фан фалсафасининг табиати тўғрисидаги қарашларнинг типологияси унинг муайян йўналишини (масалан, онтологик йўналишини (А.Уайтхед) ёки методологик йўналишини (К. Поппернинг танқидий рационализми) фарқлашни назарда тутади. Ўз-ўзидан аёнки, биринчи йўналишда дунёнинг яхлит манзарасини, универсумнинг яхлит образини шакллантириш мақсадида илмий билимларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш тартиб-таомиллари устунлик қилади. Иккинчи йўналишда эса илмий тадқиқотнинг турли-туман тартиб-таомилларини, жумладан: асослаш, идеаллаштириш, сохталаштириш, шунингдек, билимнинг мазмунини таҳлил қилиш етакчилик қилади.
Баъзан фан фалсафаси тўғрисида фалсафанинг кўп асрли ривожланиши жараёнида фан ҳақида муайян тарзда фикр билдирган муаллифларнинг қарашларига таяниб, янада кенг тарихий-фалсафий фикр юритилади. Шу тариқа неокантиант фан фалсафасини, неореализм фан фалсафасини ва бошқа фан фалсафаларини олиш мумкин. Фан фалсафасининг сциентистик ва антисциентистик йўналишлари ҳам фарқланади. Улар ҳозирги даврнинг маданий континуумида фан эгаллаган ўринга турлича баҳо беради (бу ҳақда 1-бобнинг 9-қисмида сўз юритилган).
Фан фалсафасининг ўрнига ҳам турли хил баҳо берилади. Айрим муаллифлар мазкур фанда ўз хулосаларини фақат фан натижалари ва усуллари билан асослайдиган фалсафий фикр юритишнинг бир турини кўрадилар (Р. Карнап, М. Бунте). Бошқалар фан фалсафасига табиий илмий ва гуманитар билимлар ўртасидаги боғловчи бўғин деб қарайдилар (Ф. Франк). Учинчи тоифа муаллифлар илмий билимни методологик таҳлил қилиш вазифаларини фан фалсафаси билан боғлайдилар (И. Лакатос). Фан фалсафасига фан ва жамият учун зарарли бўлган фанда мафкуравий спекуляция қилиш, деб қарайдиган муаллифлар ҳам бор (П. Фейерабенд).
Кенг тарқалган ёндашув нуқтаи назаридан фан фалсафаси фанда учрайдиган турли-туман («ad hok» гипотезаларидан тортиб то «case stades» тадқиқотларигача) вазиятларнинг тавсифидир. Мазкур ёндашувнинг афзаллиги унинг соддалигида. Аммо у камчиликлардан ҳам холи эмас: унинг концептуаллик даражаси паст, у фан фалсафаси чегараларининг бузилишига, илмий билиш фаолиятининг факт ва ҳодисаларини содда қилиб тавсифлаб беришга олиб келади.
Фан фалсафасининг асосий муаммолари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ХХ асрнинг дастлабки уч ўн йиллигида:
дунёнинг яхлит илмий манзараси яратилганлиги;
детерминизм ва сабабиятнинг ўзаро нисбати тадқиқ қилинганлиги;
динамик ва статистик қонуниятлар ўрганилганлигини кўрамиз.
Илмий тадқиқотнинг структуравий компонентлари: мантиқ ва интуициянинг, индукция ва дедукциянинг, таҳлил ва синтезнинг, кашф этиш ва асослашнинг, назария ва фактнинг ўзаро нисбати ҳам эътиборни тортади.
ХХ асрнинг кейинги уч ўн йиллигида фаннинг эмпирик асослаш муаммосини таҳлил қилиш, соф эмпирик тадқиқотнинг пойдевори бутун фан биноси учун етарлими ёки йўқ, барча назарий атамаларни эмпирик атамаларга боғлаш мумкинми ё мумкин эмаслигини, уларнинг онтологик ва инструментал маъносининг ўзаро нисбатини, тажрибанинг назарий асослари муаммоларини аниқлаш билан банд бўлинди. Верификация, фальсификация, дедуктив-номологик тушунтириш тартиб-таомилларининг мураккабликлари намоён бўлди. Илмий билим парадигмасини ва илмий-тадқиқот дастурини таҳлил қилиш, шунингдек, фанни мавзули таҳлил қилиш муаммолари таклиф қилинди.
ХХ асрнинг сўнгги уч ўн йиллигида илмий оқилоналикнинг янги, кенгайтирилган тушунчаси муҳокама қилинди, илмий билим ривожланишининг ҳар хил тушунтириш моделлари, илмий изланиш мантиғини ўзгартиришга уринишлар ўртасида рақобат кучайди. Илмийлик мезонлари, методологик нормалар ҳамда фан ривожланишининг сўнгги, постноклассик босқичининг тушунчалар аппарати янгича мазмун касб этди. Фанни диалектикага бўйсундиришга интилиш пайдо бўлди, фан фалсафаси билан унинг тарихи нисбатини аниқлаш талаби қўйилди, унинг доирасида қўлланилаётган усул ва тартиб-таомилларнинг универсаллиги муаммоси кўндаланг бўлди. Фан фалсафасида яратилган усуллардан тарихчи фойдаланадими? Фан тарихи методологга нима беради? Фан ривожланишини ўрганишнинг тарихий ва методологик йўналишларининг ўзаро нисбати қандай? Бу муаммолар бизни фан фалсафасининг дастлабки маррасига, яъни фаннинг ўсиши ва ривожланишида юзага келувчи дунёқараш ва ижтимоий муаммоларни таҳлил қилишга қайтаради; илмий билимни ижтимоий аниқлаш масаласи қайта кучга киради, фанни инсонпарварлаштириш муаммоси долзарб аҳамият касб этади.
Ҳозирги замон фан фалсафаси табиий илмий ва гуманитар билим ўртасида боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги замон цивилизациясининг ахлоқ, сиёсат ва динга турлича муносабатларида фаннинг ўрнини тушунишга ҳаракат қилади. Бу билан фан фалсафаси ҳодисалар ва жараёнларга олимлар тор профессионал нуқтаи назардан ёндашишига йўл қўймай, умумий маданий вазифани ҳам бажаради. У ҳар қандай муаммонинг фалсафий жиҳатига эътибор беришга чақиради. Фан фалсафаси, бир томондан, фанга бўлган қизиқишни рағбатлантирса, иккинчи томондан, илмий билимнинг ўсиши муаммосига қарашларнинг кенгайтирилган диаграммаси шаклида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |