12-расм. Солиқ механизми ва унинг таркибий тузилиши.
Келтирилган расмдан кўринадики, солиқ механизми ўз таркибий тузилишига эга бўлиб, у солиқ элементлари, солиқ ундириш усуллари ва солиққа тортиш тартибларини қамраб олади. Механизм тушунчаси ва солиқ механизмининг таркибий тузилишидан келиб чиқиб, солиқ механизмига таъриф бериш мумкин. Солиқ механизми бу- солиқ элементлари, солиқ ундириш усуллари ва солиққа тортиш тартибларининг ўзаро боғлиқ ҳолда ҳолати ва ҳаракат қилиш жараёни бўлиб, жорий қилинган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундирилишининг амалий жараёнларини ифодалайди.
Солиқ механизмининг таркибида асосий ўринни эгаллайдиган солиқ элементлари ҳақида аввалги бобларда батафсил тўхталиб ўтилган эди. Қуйида эса солиқ ундириш усуллари ва солиққа тортиш тартиблари хусусида тўхталамиз.
Кадастр луғавий маъноси француз тилида "cadastre-рўйхат, реестр" деган маънони билдирса, лотин тилида "catastrum яъни, capitastrum (caput-бош)-бош сони" маъносига эга. ади. Кадастр тушунчаси дастлаб ер, аҳоли ва чорва молларининг ҳақиқий ҳисобини юритиш мақсадида қўлланилган бўлиб, бунинг асосий сабаби ҳам солиққа тортиш мақсади бўлган.(бу ҳақда аввалги бобларда келтирилган). Эрамиздан аввалги уч мингинчи йилларда Қадимги Мисрда ерларнинг ҳажмини ўлчаш ва уларни рўйхатга олиш ишлари амалга оширган ва уларнинг ҳисоби юритиб борилган. Қадимги Римда О.Август томонидан ердан олинадиган мажбурий тўлов сифатида «caputigum» киритилган, кейинчалик эса аҳолини рўйхатга олиш мақсадида «caputigum registrum» тушунчаси қўлланила бошланди. Бу даврда солиқ тизимини ислоҳ қилиш борасида «capitastrum» ва «catastrum» категориялари солиқ объектларини изоҳлаш мақсадида қўлланила бошланди. 1718 йилда италиян Джованни Джакомо Мариони томонидан дастлабки илмий асосланган кадастрнинг ишлаб чиқилиши кейинчалик Европанинг аксарият давлатларида ер участкалари ва кучмас мулкларни солиққа тортиш мақсадида асос қилиб олина бошланди ва шу тариқа солиққа тортишнинг асосий усулларидан бири сифатида кадастрли маълумотлар муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Ўзбек давлатчилиги тарихида амал қилган давлатларда ҳам асосий солиқ турлари сифати ерлардан олиндиган солиқлар давлат хазинасини тўлдиришда муҳим аҳамият касб этганлигини аввалги бобларда келтириб ўтилган. Бу даврларда ҳам ерлардан солиқ ундиришда уларнинг ҳажмини ва ерлардан олинадиган солиқ миқдорини ҳисоблаб бориш ишлари амалга оширилган. Ҳозирги жаҳон солиққа тортиш амалиётида кадастрли усул орқали ер участкалари билан биргаликда кучмас мулк объектлари ва транспорт воситаларини солиққа тортиш амалга оширилиб келинмоқда. Демак, солиққа тортишнинг кадастрли усули бу солиқ объектларига солиқ миқдорларини белгилаш ва ундириш ушбу объектларнинг техник, физик ва химиявий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилишини билдиради. Бу ерда объектнинг техник хусусияти деганда унинг тузилиши ва мустаҳкамлиги(сейсмологик хусусиятлари), физик хусусияти эса объектнинг ишлаш қобилияти(масалан транспорт воситасининг от кучи), химиявий хусусиятлари эса ерларнинг тузилиши, унинг унумдорлиги кабилар назарда тутилади. Ўзбекистон солиқ тизимида кадастр усули орқали ер солиғи, мол-мулк солиғи2, четдан автомобил транспорт воситаларини олиб киришда акциз солиғи ва Йўл фондига йиғимлар ҳамда транспорт воситаларининг вақтинчалик транзит ҳолда Республика ҳудудидан олиб ўтганлик учун Йўл фондига йиғимлар ундиришда қўлланилиб келинмоқда. Ер солиғини ундиришда кадастр усулидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва Давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан ерларнинг тузилиши, жойлашуви, унумдорлиги, фойдаланиш даражасига қараб мувофиқлиги каби кўрсаткичларни ўзи ичига олган кадастр маълумотларига асосланади ва қатъий сўмда солиқ бирлигини белгилаш орқали солиқ ундирилади.
Четдан Ўзбекистон ҳудудидага автомобил транспорт воситаларини олиб киришда акциз солиғини ундиришда автомобилларнинг қиймати эмас, балки уларнинг физик ҳажми, бундай автомобиллар учун Йўл фондига йиғимларни ундиришда эса транспорт воситаларининг от кучи ҳамда транспорт воситаларининг вақтинчалик транзит ҳолда Республика ҳудудидан олиб ўтганлик учун Йўл фондига йиғимлар ундиришда транспорт воситаларининг сиғими(жойлашув ўрни) каби кўрсаткичларга асосланади.
Солиққа тортишнинг кадастр усулининг афзаллиги шундаки, бунда солиқларни ҳисоблаш жараёни осон кечади, аввалдан аниқлаб қўйилган қатъий кўрсаткичларига асосланиб солиқ бирлигига солиқ ставкаларини қўллаш орқали солиқлар ҳисобланади. Аммо, солиққа тортиш кадастрли усули солиқ объектларининг самарадорлик кўрсаткичларини эътиборга олмайди, солиқ объектидан олинадиган даромадлар ҳажми билан боғланмайди, бу эса солиқ объектига эгаллик қилувчидан солиқ объектидан объектив равишда(масалан, бетоблиги, ишга яроқсизлиги, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ерлардан даромад оломаслиги) унумсиз фойдаланган вақтда ҳам солиқ ундиришга олиб келади. Шу сабабли ҳам мазкур усул солиқларнинг моддий ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишга ундаш хусусиятларини ҳам ифодалайди.
Солиқларни ундиришда яна бир кенг қўлланиладиган солиққа тортиш усули бу даромад эгасининг даромад манбаидан олганига қадар солиқ ундириш усулидир. Бу усулнинг моҳияти шундаки, солиқ тўловчи ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс даромад манбаига эга бўлиб, ушбу даромадларга эгалик қилиш(тасарруфига олиши) жараёнидан олдин белгиланган тартибда солиққа тортилиб солиқ ундирилади. Бу усул асосан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаш жараёнида корхона ўз акционерлари ва таъсисчиларига ҳисобланган дивидендлар ва фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда иш берувчи корхона(солиқ агенти) томонидан солиқ сўммаси даромад манбаида(иш ҳақи ва бошқа солиққа ториладиган даромадларни жисмоний шахс қўлига олганига қадар)ушлаб қолинади.
Солиққа торишнинг ушбу усулининг афзаллиги шундаки, биринчидан даромад эгасини солиқларни бюджетга ўтказиб бериш мажбурияти ва унинг жавобгарлигидан халос этади, солиқларнинг ўз вақтида бюджетга тўланишига имкон яратилиб, ушбу солиқ турлари бўйича солиқларнинг йиғилувчанлигининг даражасини оширади ҳамда солиқ қарздорлиги жуда кам ҳолатларда юзага келади. Камчилиги шундаки, ушбу солиққа тортишда солиқ агентлари томонидан солиқларни ундириш ва ҳисоблашдаги хатолик ва қонунбузарликлар солиқ тўловчининг реал даромадларини камайишига олиб келиши билан биргаликда бундай ҳолатлар ҳақида даромад эгасининг маълумотларга эга бўлиши қийин кечади.
Солиққа тортишнинг кейинги усули декларация усули ҳисобланади. Солиқ тортишнинг декларация усули ҳам бошқа иқтисодий категориялар ва муносабатлар сингари ўз тарихига эга бўлиб, тарихий манбаларга қараганда дастлабки солиқлар юзага келган қадимиги Римда амалда қўлланилган бўлиб, Римда императорлик қилган Октавиан Август томонидан амалга оширилган солиқ ислоҳотларига бориб тақалади. Яъни ер эгалари ва даромадга эга бўлган шахслар давлатга ўзларининг мол-мулки ва даромадлари бўйича ахборот бериб туриш мажбуриятини юклатилган бўлиб, ушбу маълумотнома кейинчалик декларация номи билан аталган.Чунки, Рим империяси бу даврда жуда кўп жойларни ўз ҳукмронлигида сақлаган бўлиб, улардан солиқларни(товонни) ундиришда бир томондан қийинчилик туғилган бўлса, бошқа томондан солиқларни ундириш харажатлари ошиб кетган, қолаверса, давлатнинг даромадларини аниқлаш мураккаблашиб борган. Солиқ декларациясининг жорий қилиниши эса солиқларни ундириш ишларини осонлаштирган.
Солиқ декларцияси гарчи Римда пайдо бўлган бўлсада, унинг луғавий маъноси аксарият бошқа иқтисодий-ҳуқуқий тушунчалар сингари лотинча "Declaratio"-"эълон, ошкор этаман" деган маънони беради. Ҳозирги кунда эса жаҳон амалиётида солиқ декларацияси "Tax declaration" "tax return" каби терминлар билан изоҳланиб, улар ҳам солиқ декларациясининг мазмунини ифодалайди. Декларация тушунчасига, жумладан унинг солиқларга тегишлиги бўйича Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида "декларация (лот. declaratio —маълум қиламан, эълон қиламан) бир ёки бир неча хукуматлар, сиёсий партиялар, халқаро ёки жамоат ташкилотларининг дастурий ҳужжат, муҳим халқаро воқеа, қонун ва ҳакозоларни умум эътиборига етказувчи баёноти; умумсиёсий принципларни тантанали равишда эълон этиш (мас, Инсон ҳуқуклари умумжаҳон декларацияси, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик декларацияси); солиқ тўловчининг даромадлар хусусияти ва миқдори тўғрисида баён қилиши; почта билан мамлакат ташкарисига юбориладиган пул ва қимматбаҳо пакетларга илова қилинадиган ҳужжат; чегарадан ўтувчи шахс ўзида буюмлар, қимматбаҳо нарсалар ва ҳ.к. борлиги ва улар миқдори тўғрисида божхонага топширадиган маълумот (қ. Божхона декларацияси)" сифатида таърифи келтирилган бўлсада, аммо, Солиқ кодексида солиқ декларацияси тушунчасининг моҳияти келтирилмаган. Солиқ декларацияси бу солиқ тўловчилар томонидан ўзларининг олган даромад манбалари ва миқдорлари ҳақида тизимлашган ахборотларни тегишли давлат органларига тақдим этиш шакли ва воситасидир.
Ўзбекистон солиқ тизимида ушбу усул орқали мулкий даромадлар, (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса) фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар, икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар, солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар солиққа тортилади ва бундай даромадга эга бўлган шахслар белгиланган муддатдан кечикмай (Ўзбекистон ва кўпгина давлатларда жорий ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай) белгиланган шаклдаги декларацияни тақдим этади. Солиққа тортишнинг декларация усулининг ўзига хос хусусияти солиқ хизмати органлари қўшимча солиқ манбалари ҳақида маълумотга эга бўлиб, улардан хабардорлиги ошади. Солиқ ундиришнинг декларация усулининг кейинги муҳим хусусияти у солиқ тўловчиларга ўзлари олган даромадларининг солиққа тортилиш даражасини ўлчаб беради. Яъни солиққа тортилмай қолган қисми ёки ортиқча тўланган солиқлар хусусида ахборотга эга бўлади. Яна бир хусусияти унинг солиқ тўловчиларнинг солиқ саводхонлигини оширишга хизмат қилиши ҳамда солиқларнинг йиғилувчанлиги даражасини оширишга хизмат қилишидир. Демак, бу усул солиқ тизимида нафақат солиқларни ундиришга хизмат қилади, шу билан биргаликда солиқ маъмурчилиги ва солиқ тўловчиларнинг солиқ маданиятини оширишнинг муҳим омиллари ҳам ҳисобланади.
Солиқ механизмининг таркибий қисмларига солиққа тортиш тартиблари ҳам киради. Солиққа тортиш тартибларини солиққа тортиш усулларидан фарқлаш лозим. Дунё амалиётида солиққа тортишнинг тўрт хил тартибидан қўлланади. Булар умумий тартиб, марказлаштирилган тартиб, соддалаштирилган тартиб ва халқаро тартиблардир. Солиққа тортишнинг умумий тартиби мамлакатнинг барча ҳудудларида солиққа торттишнинг умумий тамойилларининг амал қилишини билдиради. Бунда ҳар бир солиқ тури бўйича солиқ элементлари(солиқ объекти, базаси, ставкаси, имтиёзларни қўллаш, солиқ ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга ўтказиш) бир хил тартибда қўлланилади. Солиқлар бўйича бериладиган солиқ имтиёзлари ва преференциялари умуммий тартибга нисбатан белгиланади.
Масалан,Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ундириш тартиби, яъни солиқ ставкаси, солиқ объекти ва базасини аниқлаш тартиби, солиққа тортиш мақсадида мол-мулкнинг йиллик ўртача қийматини аниқлаш тартиби, солиқ имтиёзлари ва солиқни ҳисоблаб бюджетга ўтказиш тартиби барча ҳудудлардаги солиқ тўловчиларга уларнинг мулкчилик шакли ва қайси тармоққа бўйсинишлигидан қатъий назар бир хил тартибда амал қилади. Солиққа тортишнинг умумий тартиби солиқларнинг адолатлилик тамойилини ўзида акс эттириб, солиқларни бир хил тартибда ундириш, солиқ қонунчилиги нормаларини қўллашни осонлаштиради ва солиқ механизмидан фойдаланишда қулайликларни яратади. Солиқлар бўйича қарздорлик сўммаларининг юзага келиб сабабларини ўрганишни соддалаштиради ва солиқ таҳлилини амалга оширишда қулайлик туғдиради.
Жаҳон амалиётида солиққа тортишнинг марказлаштирилган тартибларидан ҳам қўлланилади. Марказлаштирилган солиққа тортиш тартибининг моҳияти шундаки, бунда солиқлар ва мажбурий тўловларни ундириш билан боғлиқ жараёнлар тизим(тармоқ, концерн, холдинг, корпорация ва ш.к.)нинг битта(асосан энг юқори ташкилот) солиқ тўловчиси билан амалга оширилади. Бутун бошли тизим(тармоқ) учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бош корхона томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширилади. Солиққа тортишнинг мазкур тартибининг афзаллиги шундаки, бунда солиқларни тўлаш жараёни соддалашади, меҳнат ва моддий сарфлар камаяди, солиқ маъмурчилигини соддалашига олиб келади ва солиқ хизмати органлари томонидан ҳам солиқларнинг ундирилишини назорат қилиш жараёнларни соддалашишига олиб келади. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида марказлаштирилган тартибда солиқ тўлаш тартиби ва унинг қоидалари назарда тутилмаган бўлсада, аммо, солиқ амалиётида солиқларни ундиришни соддалаштириш мақсадида бундай тартиб истисно тариқасида фойдаланилади. Масалан, Ўзбекистондаги акциз солиғининг йирик донор тармоқлардан бўлган "Ўзтрансгаз" Акционерлик Компанияси томонидан тўланадиган акциз солиғи бутун республика бўйича марказлашган тартибда тўланади.
Солиққа тортиш тартибининг кейинги тури бу соддалаштирилган тартибда солиққа тортиш тартибидир. Мазкур тартиб давлат солиқ сиёсати тактик йўналишларидан келиб чиқиб айрим турдаги солиқ тўловчиларни мақсадли рағбатлантириш ва уларнинг хусусиятларини эътиборга олган ҳолда уларга нисбатан қўлланиладиган солиқ механизмларини ифодалайди. Республикамиз солиқ тизимида ҳам бу тартибдан кенг фойдаланилади. Солиқ кодексида солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби — солиқ солишнинг айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун белгиланадиган ҳамда айрим турдаги солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг, шунингдек улар юзасидан солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг махсус қоидалари қўлланилишини назарда тутувчи алоҳида тартиби сифатида келтирилган бўлиб, у асосан ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бўйича қўлланилади. Бу тартибга кўра қишлоқ хўжалик корхоналари ягона ер солиғи, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўлови, якка тартибдаги тадбикорлик субъектлари ва айрим юридик шахслар фаолиятидан келиб чиқиб қатъий белгиланган солиқни тўлайдилар.
Бу тартибда солиққа тортишнинг асосий хусусиятлари Солиқ кодекси ва бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда батафсил ёритилган. Давлатлар ўртасида ўзаро ташқи савдо ва бошқа иқтисодий интеграцияларининг кучайиб бориши солиққа тортишнинг кейинги шакли халқаро солиққа тортиш тартибларини юзага келтирди. Давлатлар ўртасида инвестор корхоналар, доимий муассаса орқали фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини солиққа тортишни тартибга солиш ҳамда импорт ва экспортни тартиблаш ёки рағбатлантиришни мувофиқлаштириш мақсадида мазкур солиққа тортиш тартиби тамойилларидан фойдаланилади. Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимида ҳам мазкур солиққа тортиш тартибидан асосан 1993 йилдан бошлаб, қўлланилиб келиниб, ҳозирга қадар 76 та халқаро солиққа тортишнинг нормаларини ўзида акс эттирган халқаро шартномалар имзоланган бўлиб, улар орқали амалдаги солиқ қонунчилиги билан биргаликда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган чет-эл компаниялари ва норезидентларини солиққа тортишда кенг қўлланилиб келинмоқда. Солиққа тортишнинг ушбу шаклининг аҳамияти шундаки, халқаро капиталнинг тақсимланиши, инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро товар айирбошлаш жараёнларини рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди ҳамда тадбиркорлик субъектларининг икки томонлама солиққа тортилишининг олди олинади. Албатта, солиққа тортишнинг ушбу келтириб ўтилган тартибларининг қайси биридан фойдаланиш ёки устуворлик бериш давлатнинг иқтисодий, жумладан солиқ сиёсатининг йўналишларидан келиб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |