ШЎРХОК ЕРЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШДА КУЗГИ-ҚИШКИ ШЎР ЮВИШ
Шўрхок ерларни ўзлаштиришда ҳам далаларни текислаш, шўр сизот сувларни чиқариб юбориш учун зовур қазиш, тупроқни тузлардан ювиш асосий мелиоратив тадбирлардан ҳисобланади.
Тупроқнинг механик таркиби ва шўрланганлик даражасига, шунингдек, сизот сув сатҳининг жойлашиш чуқурлигига қараб, 4-5 мингдан 8-12 минг м3 /га гача ва баъзан 15 минг м3 /га гача шўр ювиш нормаси берилган.
Шунда тупроқ-грунт 1,5-2,5 м чуқурликда шўрсизланган. Қатламдаги хлор тузлари 0,20-0,35 дан 0,01-0,015 фоизгача камайган.
Шўр босган бўз ва қўриқ ерлар икки асосий босқичда ўзлаштирилади: 1) ирригация-мелиорация жиҳатидан ўзлаштириш-суғориш ва шўр ювиш тармоқларини қуриш, уларга сув боғлаш иншоотлари, нов, кўприклар қуриш, ерларни асосли текислаш ва бошқалар; 2) хўжалик жиҳатдан ўзлаштириш, шўрини ювиш, экин экиб, қишлоқ хўжалик оборотига киритиш, ўзлаштирилаётган ерлар текисланаётганда қалин устки унумдор қатламдан 50-60 см гача қирқиб олиш мумкин. Ер профили бўйича органик моддалар текис тарқалмаган бўлса, унумдорлигини сақлаш мақсадида устки унумдор қатлам озроқ, 30-35 см гача олинади.
Кучли шўрланган ва шўрхок ерлар 5-6 мартадан ювилади. Яхши натижаларга эришиш учун биринчи ва иккинчи, иккинчи ва учинчи шўр ювишлар оралиғидаги вақт 1-2 кун бўлиши керак, кейинги шўр ювишлар оралиғидаги вақт 3-7 кунгача чўзилиши мумкин.
Беда энг яхши ўзлаштиргич ҳисобланади. У ёлғиз ёки рапсга қўшиб экилади. Беда тузга чидамсиз бўлганлиги учун уни устки қатламлари етарлича шўрсизлантирилган тупроқларга экиш мумкин. Яхши ювилган асосий ерларга эса чигит экилиши керак. Етарли даражада шўрсизлантирилмаган участкаларга маккажўхори экиш ярамайди. У тузга чидамсиз бўлади, бундай участкаларга фақат тузга чидамли экинлар (лавлаги, оқ жўхори, кунгабоқар) экиш мумкин. Кунгабоқар ва оқ жўхори силос учун экилади.
Шўрхоклашган тупроқлар
Шўрхоклашган тупроқлар деб, биз 30 см дан 1 м чуқурликкача 0,3-0,8% (максимум) сувда эрувчи токсик тузлари бўлган тупроқларни айтамиз.
Табиатда шўрхоклашган тупроқларнинг содали, сульфатли, содали-хлоридли, сульфатли-хлоридли турлари кўпроқ тарқалган. Шўрхоклар сингари бу тупроқларни ҳам сизот сувларининг чуқурлиги ва гидро-геологик шароитига қараб, шўрхоклашган ўтлоқи ва шўрхоклашган турчаларга ажратамиз.
Шўрхоклашган ўтлоқи (ҳозирги замон актив) тупроқлар унчалик чуқур жойлашмаган (1,65-3 метр), бир литрида ўртача 0,5-3-5 г/л тузи бўлган сизот сувлари билан озиқланадилар. Йилнинг қуруқ ва иссиқ ойларида бу тупроқларнинг максимум тузи тупроқнинг устки қатламига кўтарилиб, ёғингарчилик ойларида тупроқнинг чуқурроқ қатламларига ювиб туширилади.
Бу тупроқларни ўзлаштириш шўрхокларга нисбатан енгил.
Бундай тупроқлар мелиорациясининг асосий шарти оралиғи 0,5-1,0 километрик чуқур зовурлар ёрдамида ҳар бир гектарига 2-3 минг м3 сув билан яхшилаб ювишдир. Агар туз таркибида сода бўлса, тупроққа гипс, олтингугурт ёки кислота маҳсулотлари (ишқорларини нейтраллаш учун) солиб ювиш яхши натижа беради.
Бу тупроқлардан суғорилмайдиган (лалмикор) экинлар экиб фойдаланиш ёки табиий ўтидан зўриқтириб, яйлов сифатида фойдаланиш, албатта тупроқнинг кучли шўрланишига олиб келади.
Қолдиқ (чуқур) шўрхоклашган тупроқлар. Бу тупроқларнинг сизот сувлари чуқур (10-20 метр ва ундан кўп), лекин ҳар бир литрида 10-30 г/л тузи бўлган ва капилляр сувлари тупроқ бетигача кўтарила олмайдиган ерларда тарқалган. Шунинг учун ҳам бу тупроқларнинг максимум тузи 30-50 см дан 100 см гача чуқурликда бўлиб, умумий тузининг миқдори 0,3-0,8% атрофидадир.
Тузнинг таркибида сода иштирок қилса, тупроқ шўртоблик хоссаларига эга бўлади. Шўртоблик аломатларини бу тупроқларнинг ташқи кўриниши (морфологияси) ҳамда кимёвий хоссаларидан устунсимон структураси, алмашинувчи натрий ионининг бўлиши билан боғлиқ ишқорларнинг юқори бўлишидан биламиз.
Аксарият қолдиқ шўрхоклашган тупроқларнинг тузли қатламлари қатори гипс қатламлари ҳам бўлади.
Кўп вақт бу тупроқларни шошқалоқлик билан ширин тупроқ деб (тузи чуқурда жойлашгани учун эфемер ўт ўсимликлари нормал ривожланади) қабул қилиниб, мелиорацияда жуда катта хатоликларга йўл қўйилади. Бундай тупроқлардан мелиорациясиз лалмикорларда фойдаланиш мумкин. Лекин сув чиқариб суғорилса, кўп ўтмай сизот сувлари кўтарилиб, тупроқнинг прогрессив шўрланиши бошланади. Қолдиқ шўрхоклашган тупроқ актив шўрхок тупроғига айланади.
Адабиётдан маълум бўлган кўпчилик суғориладиган ерларнинг шўрланиб, ишдан чиқиши ҳам шу билан боғлиқдир. Бу тупроқларда тартибга солинган сунъий ёғин аппаратларидан фойдаланиб суғоришни ташкил этиш - тупроқдаги тузларни секин-аста пастки қатлампарига ювилиб, юқори унумдорли ширин тупроқларнинг ҳосил бўлишига олиб келади. Ҳеч қандай мелиорациясиз бу тупроқлардан лалмикорлиқда фойдаланиш мумкин.
Тупроқ қанча шўр бўлса ва унинг сизот суви ер бетига қанча яқин турса, шу қатори бундай тупроқларни гидроизоляция қилинмаган очиқ каналлар орқали ўз оқими билан оқадиган ариқлар ёрдамида суғорилса, бундай ерларнинг тупроғи тез шўрлана бошлайди.
Агарда шўрхоклашган тупроқларнинг тузли қатлами 25-30 см чуқурликда бўлиб, тузнинг миқдори 0,5-0,8% бўлса, у вақтда ўзлаштириш тупроқни ювишдан бошланиши керак. Тупроқни чуқур ҳайдаб, иложи бўлса, беда экиб, ҳар гектарига 1,5-2 минг м3 сув билан тупроқ шўрини ювиш яхши натижа беради. Суғорилиб туриладиган беданинг икки-уч йилдаёқ тупроқнинг чуқур қатламларигача туздан тозалай олиши амалда тасдиқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |