36-расм. Базал ганглийда муҳим афферент, эфферент ва ички алоқалар (Р.Ф.Шмидт, Г.Тевс, 1983).
ВОЯ - вентралолди ядро; ВЛЯ- вентролатерал ядро; ЎМ - ўрта марказ; СЯ-субталамик ядро.
Лимбик тизим
Лимбик тизим деганда ҳиссиётларни, хотира ва таълим олиш жараёнларини шакллантирадиган бир қатор пўстлоқ ва пўстлоқ ости структуралар тушунилади. Лимбик тизим структураларига қуйидагилар киради: гипоталамус, таламуснинг олдвентрал ядроси, белбоғ пушти (сингуляр пўстлоқ), гиппокамп, гипоталамуснинг мамилляр танаси, свод, тўсиқ, миянинг пешона қисмининг базал қисмида жойлашган орбито-фронтал пўстлоқ ва бодомсимон тана (37-расм).
Ҳиссиётларнинг ривожланишида миянинг турли тузилмаларини аҳамияти жуда каттадир. Ҳиссиётларнинг вужудга келиши гомеостазни таъминловчи ва физиологик ритмларни бошқарувчи тузилмаларга боғлиқ. Масалан, оч йиртқич ҳайвон овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш, яъни гомеостазни сақлаш учун ўзидан кичикроқ ҳайвонга ҳужум қилади ва ўзидан кучлироқ ҳайвоннинг тажовузидан қўрқиб, ваҳимага тушади ва ундан ўзини олиб қочади. Ҳиссиётларга тегишли мия тузилмаларидан энг муҳими лимбик тизимдир. Бу тизимга таламуснинг олдинги ядролари ва сал пастроқда жойлашган гипоталамус киради. Ҳиссиётларни қўзғатувчи вегетатив реакцияларни гипоталамуснинг маълум қисмлари юзага чиқаради. Ўрта миянинг ён қисмларида чуқур жойлашган бодомсимон ядро, у билан ёнма-ён турган гиппокамп ҳам лимбик тизим таркибига киради.
37-расм. Лимбик тизимнинг тузилиши.
Гиппокамп ва лимбик тизимнинг бошқа тузилмаларини белбоғ пушта ўраб туради. Деярли барча анализаторлардан мия пўстлоғига чиқувчи афферент импульслар лимбик тизимнинг бирорта тузилмаларидан ўтади. Пўстлоқдан периферияга йўл олган импульслар ҳам ўз навбатида бу тузилмалардан ўтади.
Бодомсимон ядрони электр токи билан бевосита таъсир этилса ғазабланиш, қўрқиш ва тажовуз ҳиссиётларни ҳосил қилади. Бу ядрони гиппокамп билан бирга қўшиб олиб ташлаш тажовузкор маймунларни юввош ва ишонувчан қилиб қўяди.
Тўрсимон тузилма ва пўстлоқ ости ядролари (қора субстанция) ҳам ҳиссиётларни ривожланишида фаол иштирок қилади. Катта яримшарлар пўстлоғининг таламус билан бевосита боғланган пешона соҳалари ҳиссиётлар учун катта аҳамиятга эга.
Миянинг лимбик тизими эмоцияни нерв субстрати бўлиб хизмат қилади. Буларга пўстлоқни қадимий ва қари соҳалари, ҳамда миянинг янги пўстлоғи (лимбикли, орбиталли, чаккани бир қисми), оралиқ мияни катта қисми, тўрсимон ҳосилалар, ёки ретикуляр (тўрсимон) формация ва ўрта миялар киради. Лимбик ҳосилалар кўпинча лимбик тизимни ҳосил қилади. Миянинг барча лимбик структураларини морфологияси ва фаолияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Лимбик структураларнинг ички томонида жойлашган бир неча доираларни кўриш мумкин. Бу доиралар: бодомсимон тана – охирги тасма – гипоталамус – бодомсимон тана; гиппокамп – тўплам – тўсиқ - сўрғичсимон тана – Вик-д-ъАзира тутами – таламуснинг олдинги ядроси (кўриш бўртиғи) – белбоғ жўяги – тўплам – гиппокамп (Пейпс доираси) орқали қўзғалиш узоқ вақт давомида айланиб юриши мумкин. Ўзида кўплаб юқорига кўтарилувчи ва пастга тушувчи йўлларга эга бўлган ўзига хос тузилма - олдинги миянинг медиал тутами ретикуляр формация билан биргаликда кучли ёпиқ тизимни ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |