Шпалалар
Шпалалар релс остига асос бўлиб, релсдан кучланиш қабул қилиб, балласт қатламига ўтказишга хизмат қилади. Бундан ташқари шпалалар уларга релсларни ўрнатиш учун ва йўлнинг мунтазам кенглигини таъминлаш учун хизмат қилади. Релс ости асосига шпалалардан ташқари кўприклар ва стрелкали ўтказгичларнинг шпала-бруслари, ярим шпала кўринишидаги таянчлар, яхлит плита ва рамалар ҳам киради. Шпалалар мустаҳкам, эластик, арзон ва электр токларига етарлича қаршиликка эга бўлиши керак. Шпала материали сифатида ёғоч, темир - бетон ва металл ишлатилади.
Дунё амалиётида шпалаларнинг асосий қисми махсус мойли антисептиклар билан шимдирилган ёғоч шпалалардан иборат. Бу шпалаларнинг афзаллиги уларнинг енгиллиги, эластиклиги, енгил тайёрланиши релсларни маҳкамлаш осонлиги, ҳамда релсли занжир токларига қаршилигининг катталигидадир. Ёғоч шпалаларнинг камчилиги уларнинг қисқа муддат (15-18 йил) хизмат килиши ва асосан юқори сифатли ёғоч (сосна, арча, игнабарглилар, айрим ҳолларда кедр, қарағай кабилар) сарфланишидир.
Кўндаланг кесим шакли бўйича ёғоч шпалалар икки турда тайёрланади: қирқма А турдаги 4 томонидан арраланган шпалалар ва Б турдаги брусли фақат устки ва остки томони арраланган шпалалар. Бу икки турдаги шпалаларнинг ҳар бири ўлчамлари бўйича 3 хил бўлади (расм 4.3).
Расм 4.3. Ёғоч шпалаларнинг кўндаланг кесими
1 турдаги шпалалар магистрал йўлларнинг бош йўлларига, II турдагилар станция ва корхоналарнинг шохобча йўлларига ва III турдагилари саноат корхоналарига мўлжалланган. Ёғоч шпалаларнинг стандарт узунлиги 2750 мм бўлиб, ўта юкланган йўллар учун 2800 мм узунликда ҳам тайёрланиши мумкин.
ХХ аср ўрталаридан бошлаб темир йўлларда олдиндан кучлантирилган арматурали темир - бетон шпалалар кенг қўлланила бошланди. Уларнинг афзалликлари узоқ муддат хизмат килишида (40-50 йил) бўлиб йўлнинг ўта мустаҳкамлигини, поездлар ҳаракатининг осойишталигини таъминлайди. Темир - бетон шпалаларнинг қўлланилиши ҳалқ хўжалиги учун катта аҳамиятли бўлган ёғоч ишлатишни тежайди. Ўзбекистонда маҳаллий қурилиш материалларининг кўплиги темир - бетон шпалаларни жуда кенг қўллаш имкониятини беради. Темир - бетон шпалаларни барча асосий йўналишларда ва тез юрар ҳаракатли участкаларда кенг қўллаш назарда тутилади. Темир - бетон шпалалар массаси жуда оғир бўлиб, юқори ток ўтказувчанлик, ўта қаттиқлик ва релсларни ўрнатиш мураккаблиги билан фарқланади.
Темир-бетон шпалалар қўлланганда йўлнинг эластиклигини кўтариш учун релс остига амортизацияловчи қават қўйилади. Шпалалар орқали ток ўтиб кетишини олдини олиш учун электр изоляцияли махсус конструкцияли релс маҳкамлагичлар ишлатилади. Металл шпалалар камдан - кам ҳолларда, айрим турдаги кўприклар орқали ва шунга ўхшаш ҳолатларда йўлнинг габарит баландлигини шпала қалинлиги ҳисобига ошириш учун қўлланилади. Металл шпалалар учун жуда кўп металл сарфланади, у занглаши мумкин, ток ўтишини олдини олиш қийин.
Релс остида шпалаларнинг бўйлама жойланиш тартиби унинг «эпюраси» дейилади. Темир йўлларда шпалалар 4 эпюрада қўлланилиб, 1 км йўл узунлигида 1440-1600, 1840 ва 2000 дона шпала қўйилиши мумкин. Ҳозирда темир йўлларда релс остига темир-бетон блокли, яхлит плитали ва рамали бетон конструкциялар қўлланила бошлади.
Релслар
Релс ҳаракат таркиби ғилдиракларини йўналтириш, ундан юкланишни олиб ва шпалаларга бериш учун мўлжалланган. Бундан ташқари автоблокировкали участкаларда релслар сигнал токларини, электр тортишда эса қайтиш токларини ўтказувчи сифатида ишлатилади.
Барқарор ишлаш учун релслар пишиқ, мустаҳкам, кўпга чидайдиган, қаттиқ бўлиши, аммо мўрт бўлмасликлари керак. Чунки уларга зарбли динамик юкланишлар тушади. Релс ўта чидамли пўлатдан тайёрланади. Релслар оғирлиги ва кўндаланг профилига боғлиқ ҳолда Р50, Р65 ва Р75 турларга бўлинади. Р ҳарфи «релс»ни билдиради, рақам эса 1 м узунликдаги релснинг яхлитланган массасини килограммларда ифодалайди. 1962 йилгача йўлга Р43 турдаги релслар ҳам ётқизиларди. Релсни букишга ҳаракат қиладиган вертикал юкланиш релсга энг кўп таъсир кўрсатиши сабабли унинг энг мақсадга мувофиқ шакли қўштаврли релс бўлиб, металл сарфини тежаш имконини беради. Ҳар хил турдаги релсларнинг асосий ўлчамлари келтирилган.
У ёки бу релс турини танлаш линиянинг юкланганлигига ва поездларнинг ҳаракат тезликларига боғлиқ. Йўловчи поездлари юқори тезлик билан юрадиган линияларда Р65 турдаги релслар ётқизилади. Релслар стандарт 25 м узунликда ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари эгриликларда ётқизиш учун қисқартирилган 24,92 ва 24,84м узунликдаги релслар тайёрланади. Улоқсиз йўлларда ва стрелкали ўтказгичларни ётқизишда тўғриловчи релслар сифатида аввалги стандарт узунлигидаги (12,50м) ва қисқартирилган (12,46; 12,42 ва 12,38м) релслар ишлатилади. Релсларнинг хизмат муддати унинг устидан ўтган тоннаж миқдори билан ўлчанади ва Р65 релслар учун ўртача 500 млн.т брутто, Р50 учун – 350 млн.т бруттони ташкил қилади. Р75 релсларнинг хизмат муддати Р65 релсларидан 30% юқори.
Релсларнинг хизмат муддатини ошириш ўзаро боғлиқ тадбирлар комплексини ўтказиш билан амалга оширилади: релс массасини ошириш; релс пўлати сифатини кўтариш; улоқсиз йўл ҳисобига релсларнинг иш шароитини яхшилаш; релс каллаги юзасини силлиқлаш, унинг ён томонини мойлаш ва ҳ.к.. Носоз релсларни алмаштириш учун йўлнинг ҳар километрида махсус дастгоҳларда сақланадиган релслар заҳирасидан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |