2. Балласт қатлами, Шпалалар, Релслар
Балласт қатламининг асосий вазифаси шпалалардан тушадиган кучни ер полотносининг асосий майдончасига бир текис тарқатиш, шпалаларнинг вертикал ва горизонтал кучлар таъсирига чидамлилигини таъминлаш, из ости заминининг эластиклигини таъминлаш, ҳамда релс-шпала панжарасини профилда ростлаш ва ундан устки сувларни қочиришдан иборат.
Балласт қатлами ўзида сув ушламаслиги, асосий майдончани ортиқча намланишдан сақлаши керак. Балласт материали мустаҳқам, эластик, босимга ва атмосфера таъсирига чидамли, ҳамда арзон бўлиши керак. Балласт зичланишда майдаланиб кетмаслиги, поезд ўтганда чангимаслиги, шамол учирмаслиги, сув билан ювилмаслиги ва ўт ўсмаслиги керак. Балласт сифатида сочилувчан, сувни яхши ўтказадиган материаллар: шчебен (чақиқ тош), шағал, йирик қум, асбест чиқиндилари ва чиғаноқ ишлатилиши мумкин. Энг яхши материал сифатида табиий тошларни парчалаб тайерланган шчебен ва шағал тош ишлатилади. Темир йўлларда қўлланиладиган шчебен 2 хил ўлчамда: 25 дан 60 мм гача ва 25 дан 50 мм гача катталикдаги парчаланган тош бўлакларидан ташкил топади. Стратегия йўллари учун ва қурилиш мақсадларида бўлаклари 5 дан 25 мм гача бўлган майда шчебен ишлатилади. Шчебен материали сувни яхши ўтказади, қиш шароитларида музлаб ёпишмайди, йўлнинг бўйлама кучларига қаршилигини қумлик балластга нисбатан 1,5 баробар ва вертикал кучларга нисбатан 2 баробар оширади, ишлаш муддати катта. Аммо шчебен темир йўл бўйлаб ташиладиган сочилувчан юклар (кўмир, торф, руда) таъсирида тез ифлосланади. Оғирлик кучлари таъсиридан шчебень бўлакларининг ер полотносига ўйилиб кириши ва ифлосланишининг олдини олиш учун ва тежамкорлик мақсадида унинг остига қумли қават тўшалади.
Расм 4.2. Икки йўллик линияларда бош йўллар балласт призмасининг кўндаланг кесими: 1-шчебен; 2-қум.
Оддий тош ва тош - қумли балластлар табиий шароитларда қатламланган бўлиб, сув ўзанларидан олинади. Бундай балласт арзон, кам ифлосланади, аммо босимга чидамлилиги камроқ, сувни ёмон ўтказади ва қишда музлаб ёпишиб қолиши мумкин.
Асбест балласт асбест саноати чиқиндиларидан парчаланган тоғ жинслари сифатида тайёрланади, чидамлилиги яхши, кам ифлосланади аммо юқори тезликларда чанг кўтарилади ва ёмғир таъсирида ювилиши мумкин.
Чиғаноқ ва қумли балласт сифатсиз бўлиб, арзон маҳаллий материал сифатида кам аҳамиятли йўлларда қўлланилиши мумкин.
Балласт қатлами йўлга призма шаклида тўшалади ва одатда ён томонлари 1:1,5 нисбатда ётқизилади. Устки қисмининг кенглиги белгиланган меёрлар асосида олинади.
Тезюрар поездлар ҳаракати бўлган йўлларда фақат шчебенли балласт ётқизилади, йиллик юкланганлик 50 млн. ткм/км дан ортиқ бўлганда балласт призмасининг кенглиги қўшимча 20 см га, калинлиги 5 смга оширилади. Станцияларнинг қабул - жўнатиш йўлларида балласт қаватининг қалинлиги шпал остида 30 см, қолган йўлларда эса 25 см қабул қилинган.
Фойдаланиш жараёнида балластнинг ифлосланиши ва сув ўтказиш қобилияти қийинлашувининг олдини олиш учун шчебенли балласт қатлами вақти - вақти билан тозалаб турилади, оддий тошли ва қум балластларни алмаштириб ва тўлдириб турилади. Йўлда тўкилиш, балласт ифлосланишининг олдини олиш учун сочилувчан ва чангли юкларни носоз вагонларга, ҳамда вагондан юқори килиб ортишга рухсат этилмайди. Шу мақсадларда сочилувчан юклар ортилгандан кейин махсус парда ҳосил қилувчи суюқликлар билан ишланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |