3.Демократик тамойилларнинг миллий ғоя мақсадлари билан ўзаро боғлиқми?
Миллий ғоя инсонпарварлик тамойилига амал қилишни тақозо этади. Мамлакатимизда инсонпарвар ва демократик жамият барпо этилмоқда. Биз халқимизнинг муқаддас қадриятлари ҳамда улкан тарихий меросига таяниб, шунингдек, умумэътироф этилган демократик тамойил ва меъёрларга риоя қилган ҳолда, инсонпарвар жамият барпо этмоқдамиз. Бугунга келиб мустабид тузум асоратларидан, унинг ғайриинсоний ғояларидан, шунингдек якка мафкурачилик амалидан халос бўлдик. Ҳозирги мураккаб ривожланиш босқичида Ўзбекистоннинг демократик истиқболини жамиятда инсоннинг туб манфаатларига мос ижтимоий муносабатларни шакллантириш орқалигина таъминлаш мумкин. Бунда миллий ғоянинг инсонпарварлик ва демократик тамойиллари мазмуни инсон ва жамият манфаатлари уйғунлигини белгилаб берувчи таянч нуқта ва жипслаштирувчи куч ҳисобланади.Миллат тафаккури, руҳияти ва фикрлаш тарзи қарашлар хилма–хиллигини асло инкор этмайди. Халқимизнинг «Кенгашли тўй тарқамас» деган мақоли ҳам фикримизни тасдиқлайди. Умумбашарий демократик тамойилларнинг ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олиши, маънавий куч-қудратимиз тимсоли бўлган миллий ғояда акс этган инсонпарвар тузум, барқарор тараққиёт, хавфсизлик, миллий давлатчиликнинг маънавий таянчлари нечоғлик мустаҳкам бўлишига боғлиқ.
Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида фуқароларимизнинг ҳуқуқлари тўла кафолатланган. Ушбу ҳуқуқий асосга таянган ҳолда ғайриинсоний қарашларнинг ҳаётимизга таъсиридан мутлоқ халос бўлиш, миллатнинг куч қудратини заифлаштирувчи айрим маънавий нуқсонларга барҳам бериш жараёни изчил амалга оширилиши керак. Бу эса демократия моҳиятини том маънода англаб етишни, ҳокимият органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар маданиятини юқори савияга кўтаришни талаб этади.
Мамлакатимизда демократик жараёнлар ривожланиши ва жамият ҳаётини янги шароитга мос равишда маънавий–маърифий янгиланиш, одамларни ана шу жараёнларга мослашуви бозор муносабатлари шаклланишидан орқада қолаётганлиги кузатилмоқда.
Шунингдек, жамиятнинг демократиялашуви учун яратилган имкониятлар, ҳуқуқий базалар билан уларнинг реал ҳаётга айланиши ўртасида номутаносиблик сезилмоқда. Юртимизда жамиятни демократиялашуви учун ҳуқуқий база ва имкониятлар яратилган. Аммо, уларнинг реал амалга ошуви мавжуд эҳтиёж даражасидан орқада қолмоқда.
Бугунги кунда бизнинг турмуш тарзимизга, руҳиятимизга турли маънавий–маърифий хуружлар бўлмоқда, «демократия» ва «эркинлик» ниқоби остида сохта демократия ва эркинлик ғоялари турли усуллар орқали узлуксиз равишда тиқиштирилаяпти. Ҳозир бизнинг миллий тушунчаларимизни барбод этишга, мафкуравий иммунитетимизни сусайтиришга, ёшларимизни дурагайлаштиришга қаратилган тажовузларни, мунтазам ҳаракатларни сезиб турибмиз. Бугунги кунда инсон қалбини эгаллаш учун бутун дунёда тўхтовсиз кураш кетаяпти. Бу зарарли ғояларга қарши халқимизнинг ор–номуси, имон-эътиқоди, маънавий қадрияти мафкуравий иммунитет вазифасини ўташи зарур.
Инсонийликни ҳар нарсадан азиз билган халқимиз бундай «демократия», бундай «эркинлик»ни асло қабул қилолмайди. Шу сабабли ҳам бундай зарарли ғоя ва ҳаракатларнинг турмуш тарзимизга кириб, ёшларнинг қалбини эгаллаши ва миллий урф–одат, қадриятларимизни қадрсизлантиришига муросасиз бўлиш ҳар бир маърифатли инсоннинг ватанпарварлик бурчидир.
Айрим кучлар томонидан «демократия тарғиботи» шаклида амалга оширилаётган ишлар тўғридан–тўғри Ғарб турмуш тарзининг зўрма зўраки тиқиштирилишига айланиб кетаяпти. Бир пайтлар «жаҳон пролетариати инқилоби» қандай экспорт қилинган бўлса, бугун беҳаёлик, уятсизлик, шафқатсизлик ва зўравонлик сингари ноинсоний тушунчалар шундай экспорт қилинаяпти. Бундай зарарли ғояларга қарши ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг зарурлиги тўғрисидаги Президентимизнинг қуйидаги фикрлари ўринли. Яъни, «Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимиз юрагида она Ватанга, бой тарихимизга, ота–боболаримизнинг муқаддас динига соғлом муносабатни қарор топтиришимиз, таъбир жоиз бўлса, уларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришимиз зарур»1.
Ушбу омилларнинг мустақиллигимизга ва миллий маънавиятимизга зарарини эътиборга олиб, Юртбошимиз «Миллатни асраш керак» деган ғояни қайта-қайта уқтиради. Миллатни асраш ўзлигимизни, одоб–ахлоқимизни, меросимиз, қадриятларимиз ва миллий руҳимизни зарарли ғоялар ва мафкуралар таъсиридан ҳимоялаб, уларга қарши курашиш фуқароларимиз ва ёшларимиз қалбида мафкуравий иммунитетни шакллантириш деган маънони ҳам англатади. Шу сабабдан мустақил Ўзбекистонда ҳозирги даврда миллат, жамият, давлатнинг бирлаштирувчи байроғи бўлган миллий ғоя ва мафкурани халқимиз онгига сингдириш борасида кенг кўламли маънавий–маърифий ишлар олиб борилмоқда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва эркинлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, миллий–маънавий салоҳиятни ривожлантириш, ёшлар онгига миллий ғоянинг демократик ва гуманистик мазмунини сингдириш муҳим вазифадир.
Мустақил Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат қурилишининг ўзига хос йўлини, яъни жаҳонда эътироф этилган «ўзбек модели»ни танлаган. Ўтган йиллар ичида ҳар жиҳатдан қўлга киритган ютуқларимиз билан фаҳрлансак арзийди. Ана шу муваффақиятларда мустақил тараққиётимизнинг туб манфаат ва мақсадларини ифодаловчи ғоялар тизими - миллий мафкура ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Зеро, ҳар бир давлат, жамият ўз олдига мақсад қилиб қўйган вазифани амалга ошириш, барча ижтимоий синфлар, табақалар, миллатлар, турли диний эътиқод вакилларини бирлаштириш учун маълум бир мафкурани танлайди. Инсонпарвар, демократик жамият ва ҳуқуқий давлат ўз фаолиятида жамиятдаги барча ижтимоий кучларнинг умумий манфаатларини кўзда тутиб иш кўради, оқибатда мухолиф ижтимоий гуруҳлар, сиёсий партиялар ўзаро курашмайдилар. Негаки, улар жамият умуммафкураси асосида иш юритадилар ва демократия қоидаларига риоя қилиб, ҳар бир масалани ўзаро баҳс-мунозара, фикрлашув асосида ҳал этадилар. Чунки, ҳар қандай давлат ва жамиятда демократик тартиб-қоидалар бузилса, ҳуқуқий нормалар паймол этилса, у албатта инқирозга юз тутишини тарих исботлаган. Жумладан, фашистлар Германияси, Италия, Собиқ СССР, Афғонистон, Ироқ, Сурия ва бир қатор араб давлатлари бунга ёрқин мисолдир.
Демократик ҳуқуқий давлат қурилишида мафкуранинг аҳамияти каттадир. Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг асарларида асослаб берилган нуқтаи назар ва ғоялар миллий мафкуранинг асоси сифатида эътироф этилмоқда. Яъни, бу мафкура халқимизнинг тарихини, ахлоқини, турмуш тарзини, қадриятларини, фалсафасини, бадиий дидини, диний таълимотларини ўзига чуқур сингдирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |