2. Демократиянинг Шарқона ва Ғарбона талқини нимадан иборат?
2. Умуман, демократияни тушуниш ва англаш, унга амал қилиш шахсдан махсус тайёргарликни талаб этади. Сиёсий онги ва тафаккури шаклланмаган инсоннинг демократия талабларига жавоб бериши мумкин эмас. Бундан ташқари, демократиянинг ўзига хос хусусиятлари, унинг ҳар бир давлат ва миллат ҳаётида амал қилиш тамойиллари ҳам мавжуд.
Шу ўринда Шарқона демократия тўғрисида айрим фикрларни айтиш муҳимдир, зеро бундай демократия аслида демократия тушунчасининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Бу демократия Шарқ мамлакатлари, асосан аҳолисининг кўп қисми мусулмон маънавиятидан баҳра олган ҳудудларга хос бўлган демократик қоидалар мажмуининг ўзига хос шакл ва мазмунда намоён бўлишидир. Шарқона демократия миллий босиқлик, андиша, ёши улуғларга ҳурмат, ўзаро маслаҳат, ҳар қандай кескин масалада ҳам томонларнинг келишувларига асосланадиган фаолиятдир. Ана шу хусусиятлари билан ушбу ижтимоий тушунча Ғарб демократиясидан фарқ қилади.
Айни пайтда шарқона демократия, сиёсий тартибсизликлар, бош-бошдоқлик ва митингбозликни миллий манфаатларга зид деб қарайди ҳамда жамият ва давлатнинг ички масалалари ҳар қандай фундаменталистик ва қуролли кучларга асосланган ҳаракатларни қоралаган ҳолда, ўз фаолиятини ўзига хос маданият тамойиллари асосида йўлга қўяди.
Жамиятни демократлаштиришда ҳар бир давлат ва миллатнинг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олингандагина уни амалга ошириш даражаси реаллашади. Шунингдек, у ёки бу давлатдаги демократиянинг яшовчанлиги унинг қандай ғоявий-мафкуравий заминларга суянишига ҳам боғлиқдир. Ўзбекистон жамиятини демократлаштиришда аҳолининг маънавий-маърифий даражаси, унинг сиёсий онги ва маданияти, миллий менталитети, ўзига хос тафаккур тарзи бундай ғоявий-мафкуравий заминни ташкил этади.
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий жамиятни барпо этиш шахс эркинлиги ҳамда унинг ғоявий-мафкуравий асослари билан бевосита боғлиқдир. Шахс эркинлиги аввало ижтимоий тушунча ҳисобланади. Жамиятда эркинлаштириш жараёнини амалга оширмасдан шахс эркинлиги тўғрисида фикр юритиш мумкин эмас. Шахс эркинлиги фуқаронинг имкониятлари, ижодий қобилиятларига йўл очади. Пировард натижада шахс ижтимоий фаол индивидга айланади.
Шахс эркинлиги тўғрисида гапирганда унинг дунёқараши, сиёсий билимлар даражаси, жамиятда ўзини тутиш маданияти, турли экстремал вазиятларда тўғри хулоса чиқариш имконияти, ўзининг озод шахс эканлигини қай даражада англаши, ўзининг ва жамият манфаатларининг мутаносиблик ҳолатини аниқлаши сифатларига кўпроқ эътибор бериш лозим.
У инсонлар ўртасидаги ўзаро ижтимоий муносабатларда рўёбга чиқади. Шунинг учун жамиятдан ташқарида эркинлик бўлмайди. Жамиятда эркинликни тушуниш ва амалга ошириш мамлакатда устувор бўлган миллий маданий, тарихий, диний ва бошқа тартиботлар, қонун-қоидалар ҳамда қадриятларга, уларнинг характери, мазмунига боғлиқ бўлади. Эркинликни англаш ва уни ифода этишда Ғарб ва Шарқнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Ғарбда эркинлик тўғрисида фикр юритилганда, асосан, алоҳида олинган шахс эркинлиги ва ҳуқуқларидан келиб чиққан ҳолда ёндашилади, эркинликка шу мезондан келиб чиқиб баҳо берилади.
Шарқда ҳам шахс эркинлиги ва ҳуқуқлари ҳисобга олинади. Лекин шахс ҳатти–ҳаракати, хулқ-атвори, жамиятдаги ўрни, маъсулиятини идрок этиш ҳолатларига баҳо берилганда, муайян гуруҳ, этнос, халқ, миллат, жамиятнинг манфаатлари, ҳуқуқларига алоҳида қадриятлар, анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ёндошилади.
Шахснинг хоҳиш–иродаси, истаги, мақсад ва манфаатлари унинг фаолиятида намоён бўлади. Эркинлик ва жамият ҳаётини эркинлаштириш муаммоси муайян ғоялар тизими билан ҳам боғлиқ. Ғоя эркинлик, жамият ҳаётини эркинлаштиришга хизмат қилиши ёки, аксинча, эркинликни, эркинлаштириш жараёнларини бўғиши, яъни унга имконият бермаслиги ҳам мумкин. Чунки, жамият ҳаёти сиёсий тизим сифатида,муайян ғоялар орқали муайян тартиботлар, урф–одат, анъаналар, қадриятлар билан шаклланади. Улар эса жамиятнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатадиган инсонлар дунёқараши, онги ва тафаккури орқали ўз ифодасини топади. Ғояга мос равишда эркинлик ва эркинлаштириш жараёнлари содир бўлади. Мамлакатда ягона ғоя тан олиниб, фақат унга амал қилинса, шунга мос фаолият қарор топади. Масалан, коммунизм ғояси якка ҳукмронликка асосланган бўлиб, натижада инсон эркинлиги, умуман, жамиятни эркинлаштиришга салбий таъсир кўрсатди. Инсон фикри, унинг жамият иқтисодий, сиёсий ҳаётидаги ўрни ҳам синфийлашган мафкурага ёки пролетар манфаатларига бўйсундирилди. Инсон онги ва дунёқарашида унинг дунёни идрок этиши билан боғлиқ қарашлари, тасаввурлари эмас, аксинча, дунёқарашни «синфий»лик тамойилига мослаштириш ва ундан келиб чиққан ҳолда фикрни ифодалаш, муносабат билдириш ҳодисаси рўй берди. Бу дунёқараш мажбурий тарзда шакллантирилди.
Жамиятнинг эркинлашиши инсонлар, турли ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг давлат ва жамият қурилишидаги иштирокига, ўзаро муносаблардаги ўрни, мавқеи, ҳолатига боғлиқ. Инсон эркинликни хоҳлайди, лекин носоғлом сиёсат, мафкуравий мақсадлар бунга йўл бермаслиги мумкин. Бунга собиқ Иттифоқ даври яққол мисол бўлади. Ўзининг эркин ёки эркин эмаслигини фарқламайдиган инсонлар ҳам учрайди. Бу уларнинг онги, дунёқараши, тафаккури даражасига боғлиқ. Инсон эркинликни истайди, аммо мавжуд ижтимоий–иқтисодий ҳолати бунга имкон бермаслиги мумкин. Ўз эркинлигини идрок эта олмаган киши озод бўла олмайди. Бундай одамлар доимо бировнинг таъсирида ва унга қарам бўлади. Иқтисодий қарамлик инсон эркинлигини юзага чиқармайди. Бу ўзига хос иқтисодий тобелик руҳиятини шакллантиради. Айрим ижтимоий муаммоларнинг мавжудлиги кишининг эркин фаолият юритишига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Масалан, бир амаллаб ўз иш ўрнини сақлаб турган, бошқа меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қўлидан келмаган ёки унга имконияти бўлмаган киши ўз ишини йўқотиб қўймаслик учун жим туришни афзал кўради. У ишсиз қолишдан қўрқади. Шўролар даврида инсонлар бир касб доирасига чамбарчас «боғлаб» қўйилган, бошқа меҳнат фаолияти, хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари чекланган эди. Бугун хусусий ташаббусга кенг имкониятлар берилди, бироқ бу имкониятлардан фойдаланиш осон кечаётгани йўқ.
Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг бозор иқтисодига асосланган, мулк хилма–хиллигига ўтган Ўзбекистонда ҳамманинг олдида янги-янги имкониятлар пайдо бўлди. Инсонлар энди фақат бир нарсага таяниб қолиш эмас, балки мулкдор бўлиш ҳуқуқининг барча имкониятларидан кенг фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун одамдан фақат етарли салоҳият, изланиш, меҳнат, фаоллик талаб этилади. Бугун ким шу талабларга жавоб берса, муайян ютуқларга эришаяпти ва ёмон яшамаяпти.
Демак миллий ғоянинг жамият ҳаётига тадбиқ этилиши жамиятни эркинлаштириш ва демократиялаштириш билан узвий боғлиқдир. У эркинлик, эркинлаштиришнинг муҳим маънавий омили бўлиб хизмат қилади. Чунки у таянадиган, амал қиладиган қоидалар, тамойиллар шунга шарт-шароит яратади ва шуни талаб ҳам қилади. Мустақиллик туфайли жамият янгиланишга, эркинлашишга эҳтиёж сезаётган экан, демак мустақилликкача амал қилган ғоялар, қоидалар, тамойиллар бугунги кун талабларига жавоб бермайди, уларга асосланган ҳолда жамият ва инсон ҳаётининг эркинлаштириш мумкин эмас. Мамлакатнинг ҳуқуқий асослари, қонунчилик соҳаси, ижтимоий–сиёсий, иқтисодий, маънавий негизлари янгиланмоқда. Янги ғоялар демократик тамойиллар асосида қурилмоқда Бу истиқболда кучли, демократик фуқаролик жамиятини қуриш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади. Эркинлаштириш ва демократиялаштириш эса, унинг устувор йўналиши бўлиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |