Фаолиятнинг атрибутлари. Инсон фаолияти ўта ранг-барангдир. Фаолият атрибутлари (хоссалари) фаолиятни мотивлаштириш ва амалга ошириш механизмларини тавсифлайди. Фаолият атрибутлари орасида аввало субъектлилик ва моддийлик қайд этилади.
Субъектлилик ва моддийлик. Фаолиятнинг субъектлилиги шу билан изоҳланадики, у шахснинг ўтмишдаги тажрибаси, унинг эҳтиёжлари ва мўлжаллари, мотивлари ва мақсадлари, эмоциялари ва иродасини тавсифловчи хусусиятлари, билиш қобилиятлари ва ҳоказолар билан белгиланади. Фаолиятнинг моддийлиги инсондан ташқарида жойлашган ва унинг қўли билан ўзгартириладиган табиат ва жамият кучларига қаратилганини англатади. Аммо инсоннинг ўзи, унинг ўз-ўзини камол топтириши, ўз-ўзини тарбиялаши ва шахс ўз олдига қўядиган мақсадларга эришишга қаратилган тегишли ҳаракатлар ҳам ўзгартириш фаолиятининг предмети бўлиши мумкин.
Онглилик ва мақсадга мувофиқлик. Инсон фаолияти оқилона, онгли ва мақсадга мувофиқ бўлади. «Оқилоналик – инсон фаолиятининг барча турларига амалда хос бўлган жиҳат», деб қайд этади Э.Кассирер. Оқилоналик инсоннинг ўз фаолияти мақсадларини ақлга мувофиқ тарзда белгилаш ва уларни эркин ва онгли бошқариш қобилиятини англатади. Онглилик ва мақсадга мувофиқлик – инсон фаолиятини ҳайвонлар фаоллигидан фарқлаш имконини берувчи муҳим хоссалардир.
Инсон фаолиятини тартибга солишнинг аҳамияти. Фаолиятнинг ижтимоий ва шахсий аҳамияти уни тартибга солиш, индивид, жамоа ва умуман жамият фаолиятини бошқариш муаммосини кун тартибига қўяди. Инсон фаолиятини бошқарувчи механизмларни шартли равишда икки туркумга: ички ва ташқига ажратиш мумкин. Фаолиятни тартибга солишнинг ички механизмларини биз унинг асосий атрибутларини ўрганиш жараёнида кўриб чиқдик. Бу мақсадни белгилаш, мотивация, шахснинг феъл-атворини тавсифловчи хусусиятлар – унинг мижози, характери, иродаси, хуллас, мақсадлар ва уларга эришиш воситаларини танлашни, шунингдек фаолият услубини белгилайдиган шахснинг барча хусусиятларидир.
Фаолиятни тартибга солишнинг умумий механизмлари қаторига инсоннинг дунёга ва ўз-ўзига бўлган муносабатлари тизимини тўла қамраб оладиган ва маданият алгоритми бўлиб хизмат қиладиган ранг-баранг ижтимоий қадриятлар ва меъёрларни киритиш лозим. Хулқ-атвор, одатлар ва анъаналарнинг ижтимоий-маданий меъёрлари, қоидаларининг мавжудлиги ва ривожланиши инсон фаолиятини тартибга солиш омили ҳисобланади. Меъёрлар муайян шароитда одамлар ўзини қандай тутиши лозимлигини белгилайди ва инсон фаолиятида бевосита иштирок этиб, ижтимоий ва табиий шароитларга шахснинг мослашувини таъминлайди, ижтимоий жараённинг узлуксизлигини таъминловчи механизм ҳисобланади. Мазмуни, ижтимоий мустаҳкамлаш усуллари ва ижтимоий функцияларига кўра меъёрлар ҳар хил бўлади.
Инсон фаолиятини тартибга солишни таъминловчи ижтимоий меъёрлар тизимида ҳуқуқ нормалари ва ахлоқ меъёрлари алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳуқуқ - давлат томонидан белгиланган ва унинг мажбурлов кучига таянадиган хулқ-атвор умумий нормаларининг мажмуи. Ахлоқ эса жамоатчилик фикри, яъни қилмишни маъқуллаш ёки қоралаш билан мустаҳкамланадиган хулқ-атвор қоидалари мажмуидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |