Функционал вазифасига қараб меҳмонхоналар:
ишбилармонлар учун – умумий типда, идоравий, йиғилишлар, кенгашлар ва ҳ.к. учун;
дам олиш учун меҳмонхоналар – туристик, курорт меҳмонхоналари, автотуристлар учун, мотеллар, кемпинглар;
меҳмонхоналарнинг махсус турлари – транзит йўловчилар учун, спортчилар учун ва бошқалар учун қурилади.
Ҳозирда жаҳонда маълум бўлган 30 дан ортиқ таснифлаш тизимлари замирида шинамлик даражаси ётади. Улар орасида қуйидаги таснифлаш тизимлари айниқса кенг тарқалган:
Европа таснифлаш тизими ёки «юлдузлар» тизими. Франция миллий таснифлаш тизими асосида тузилган. Унинг замирида меҳмонхоналарни 1 дан 5 юлдузгача бўлган тоифаларга ажратиш ётади. Бундай тизим Франция, Австралия, Венгрия, Миср, Россияда ва бошқа бир қанча мамлакатларда қўлланади;
ҳарфлар тизими (А, Б, C, Д). Грецияда қўлланади;
«тожлар» тизими. Буюк Британияда амал қилади;
ҳинд тизими.
Ривожланаётган мамлакатларда меҳмонхоналарни таснифлашнинг ҳинд тизими айниқса кенг тарқалган. Бу тизим ҳам меҳмонхоналарни беш тоифага: «бир юлдузли», «икки юлдузли», «уч юлдузли», «тўрт юлдузли», «беш юлдузли» тоифаларга ажратишни назарда тутади. Бу тоифаларни махсус комиссия баллар бўйича баҳолаш асосида белгилайди. Мисол. «1 юлдуз» тоифаси: бу тоифага мансуб меҳмонхона яхши ҳудудда, меҳмонхона учун яроқли бинода жойлашган бўлиши керак (максимал баҳо 15 балл); мижозлар билан алоқа қилувчи ходимлар инглиз тилини иш учун зарур ҳажмда билиши керак (максимал баҳо 5 балл) ва ҳ.к. «2 юлдуз» тоифасини олиш учун 150 балл, «3 юлдуз» учун – 210 балл, «4 юлдуз» учун – 250 балл, «5 юлдуз» учун – 290 балл тўплаш кер-ак. Ҳар бир давлатда меҳмонхоналарни таснифлаш мезони – шинамлик даражаси ҳар хил тушунилади, шунингдек давлатларнинг маданий-тарихий ва миллий анъаналари билан белгиланган бир қанча омиллар жаҳонда меҳмонхоналарнинг ягона таснифини жорий этишга монеълик қилади. Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ), Европа ҳамжамияти, Меҳмонхона ва ресторан саноати қўмитаси, Халқаро меҳмонхоналар уюшмасининг бу йўналишдаги фаолияти ҳозирча самара бермаяпти. БТТ фақат жойлаштириш воситаларининг стандарт таснифини таклиф этган. Бу таснифда меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш корхоналар тўрт катта гуруҳдан бирига киритилади.
Жаҳон амалиётида бир мамлакат доирасида бир нечта таснифлаш тизимлари амал қилади. Масалан, Буюк Британияда «тожлар» тизими билан бир қаторда, Британия туристик агентликлар уюшмаси – «British Travel Authority» (БТА) томонидан таклиф қилинган таснифлаш тизими қўлланилади. Буюк Британияда амал қилувчи «тожлар» тизимини «юлдузлар» тизими билан уйғунлаштириш учун «тожлар»нинг умумий миқдоридан битта «юлдуз»ни айириш керак (масалан, тўрт «тожли» даража уч «юлдузли» даражага тенг). Юқорида кўриб чиқилган Британия агентликлари уюшмаси томонидан таклиф қилинган меҳмонхоналарни таснифлаш тизими ҳам шундай мувофиқликни назарда тутади:
бюджет меҳмонхоналари – 1 юлдуз;
туристик тоифа меҳмонхоналари – 2 юлдуз;
ўртача тоифа меҳмонхоналар – 3 юлдуз;
биринчи тоифа меҳмонхоналари – 4 юлдуз;
олий тоифа меҳмонхоналари – 5 юлдуз.
Жаҳонда меҳмонхоналарни Франция миллий таснифлаш тизимида даражалаш кенг тарқалган. Бу тизим туристик меҳмонхоналарни 6 тоифага ажратади. Шулардан беш тоифа меҳмонхоналарга маълум миқдорда юлдузлар беришни назарда тутади (1 юлдузли, 2 юлдузли, 3 юлдузли, 4 юлдузли ёки 5 юлдузли меҳмонхоналар). Бир тоифа – юлдузсиз. Бундай тизим меҳмонхона хизматлари бозорини анча тўлиқ қамраб олиш имконини беради. Минимал талаб-мезонларга жавоб бермайдиган меҳмонхона тоифа олишга даъвогар бўла олмайди. Бундай талаб-мезонлар қуйидаги гуруҳларга бирлаштирилган:
А – хоналар миқдори;
Б – умумий бинолар ва хоналар;
C – меҳмонхонанинг жиҳозланиши;
Д – яшаш жойининг шинамлиги;
Е – хизмат кўрсатиш;
Ф – ногиронлар ҳамда ҳаракатланиши чекланган шахсларга яратилган қулайликлар.
Германия таснифлаш тизимига кўра, меҳмонхона корхоналари беш тоифага ажратилади. Бу тизимни Европа тизими билан уйғунлаштириш мақсадида бу ерда ҳар бир тоифа маълум юлдузлар миқдорига мос келиши назарда тутилади:
туристик тоифа – 1 юлдуз;
стандарт тоифа – 2 юлдуз;
комфортли тоифа – 3 юлдуз;
биринчи тоифа – 4 юлдуз;
люкс – 5 юлдуз.
Бошқа таснифлаш тизимлари ҳам ўзининг «юлдузлар» тизимига мувофиқлигини белгилашга ҳаракат қилади. Масалан, Грецияда А тоифа меҳмонхоналари тўрт юлдузли даражага, В тоифа меҳмонхоналари уч юлдузли даражага, С тоифа меҳмонхоналари икки юлдузли даражага, Д тоифа меҳмонхоналари бир юлдузли даражага мос келади. Италияда биринчи тоифа меҳмонхоналар шартли равишда тўрт юлдузли даражага, иккинчи тоифа меҳмонхоналар уч юлдузли даражага, учинчи тоифа меҳмонхоналар икки юлдузли даражага мос келади.
Германия таснифлаш тизимининг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда пансионлар, карвонсаройлар, «гарни» отеллар сингари меҳмонхона корхоналари учун ҳам тоифалар назарда тутилган. Бундай турдаги меҳмонхона корхоналарига тегишли тоифаларни белгилашда «ресторан», «овқатланиш сервиси» каби мажбурий талаблар назарда тутилмайди, қўшимча талабларнинг зарур миқдори эса анча кам:
биринчи тоифа учун – 90;
комфортли тоифа учун – 50;
стандарт тоифа учун – 15.
Бундан ташқари, мазкур корхоналарга кўпи билан биринчи тоифа (4 юлдуз) берилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |