Биринчидан, совет империяси ихтиёрий асосда эмас, балки зўравонлик, тазйиқ ўтказиш йўли билан “иттифоқ”қа кирган халқларнинг хохиш-иродасига зид равишда ташкил этилган, ўз моҳиятига кўра қатъий марказлаштириш тамойиллари асосида қурилган ва ҳар қандай демократик нормаларни рад этувчи давлат эди. “Иттифоқ”нинг “иттифоқдош социалистик республикалар” номи билан аталувчи субъектлари амалда зарур ҳуқуқларга эга бўлмай, Марказ билан субъектлар ўртасидаги муносабатлар қонунлар билан эмас, балки КПССнинг қатъий кўрсатма ва буйруқлари билан тартибга солинар эди. Бундай “иттифоқ”нинг келажаги бўлмаслиги, инқирозга юзтубан кетиши муқаррар эди.
Иккинчидан, совет империяси аслида чор самодержавиесининг “меросхўри” сифатида мустамлакачилик сиёсатини давом эттирди, у бутун-бутун халқларнинг миллий манфаатларитни поймол қилди, бутун “иттифоқ” ҳудудида бу халқларга ёт бўлган советлар шаклидаги давлат ҳокимияти тизимини яратди. Совет давлатида раҳбарлик вазифаси иттифоқ маркази қўлида мустаҳкамланди. Марказ билан этник чекка ҳудудлар (шу жумладан, Ўзбекистон) ўртасидаги муносабатлар асосан империяча муносабатлар, яъни Марказга мутлақ бўйсунган ҳолда амалга оширилди. Миллий масаланинг ҳал қилинмаганлиги, умуман олганда “СССР” деган ном остидаги бутун тизимнинг тенгсизлиги кўп миллатли Совет давлатининг инқирозини қонуний равишда олдиндан белгилаб берди.
Учинчидан, СССР жаҳонга ҳукмрон бўлишга, ривожланган капиталистик мамлакатлардан устунликка даъво қилди, лекин у замон синовига бардош бера олмади. Бозор иқтисодиётига эга бўлган ва тараққиётнинг демократик йўлини танлаган мамлакатлар устун бўлиб чиқди. Жаҳон халқлари сиёсий ва иқтисодий ривожланишнинг совет андозаси истиқболсиз эканлигини тушуниб етдилар. Бу ҳам инқирозга учрашнинг муҳим сабабларидан бири бўлди, чунки СССР жаҳон иқтисодий тизимига қўшилиб кетаолмади, жаҳон ҳамжамиятида қаршилик кўрсатиш омили бўлиб майдонга чиқди. Бу эса ўз навбатида жуда катта ва тобора ортиб борувчи модий-молиявий ва ҳарбий чиқимларни талаб қиларди, мустабид тузум эса мазкур чиқимларга бардош бераолмади.
Тўртинчидан, “Иттифоқ” инқирозга учрашининг асосий сабабларидан яна бири шу бўлдики, Марказнинг ўз моҳияти билан империяча сиёсати “иттифоқ” таркибидаги халқларнинг онгида, шу жумладан ўзбекларнинг ҳам, Марказнинг зуғумидан озод бўлиш, мустамлакачиликка барҳам бериш, тўла давлат мустақиллигига эришиш ишончини йўқотмади, балки мустақиллик сари қийинчилик ва катта йўқотишлар билан бўлса-да, қадамба-қадам қўйиб бордилар. Бундай кайфият 90-йилларнинг бошларига келиб янада кучайди, янги мазмун билан тўлиб борди ва Марказга тобе бўлиб яшашни истамасликларини очиқ намойиш қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |