Кишилар бирлашувининг қадимги шакллари ташқи муҳитдан ҳимояланиш ва биргаликда егулик топиш зарурати билан боғлиқ эди. Ушбу даврда одамлар энг содда меҳнат қуроллари (ишлов берилмаган таёқ, найзалар, тошлар)дан фойдаланганлар.
Кўп минг йиллардан кейингина ибтидоий одамлар палеолитик маданият (энг қадимги тош асри)га оид анча такомиллашган қурол-лар: қўпол ясалган тош найзалар, болталар, кураклар, балиқ овлаш учун суяк ва тошдан қармоқлар ясашни, шунингдек, олов ёқиш ҳамда энг содда кулбалар қуришни ўрганиб олганлар. Айни пайтда биргалашиб яшашнинг барқарорроқ шакллари – ибтидоий уруғ жамоалари ҳам пайдо бўла бошлаган.
Меҳнат ва ов қуролларини тайёрлаш ва такомиллаштириш на-фақат инстинктларни, балки хотира, онг, аниқ талаффуз этиладиган нутқни, меҳнат кўникмаларини мустаҳкамлаш ва кейинги авлодларга мерос қилиб ўтказишни талаб қилган. Уруғ ибтидоий одам аждод ва авлодлари ўртасидаги алоқаларнинг энг табиий шакли эди.
Уруғчилик тузуми мавжудлигининг кейинги босқичларида иб-тидоий жамоалардан кичик-кичик уруғларнинг ажралиб чиқиш ҳолатлари рўй бера бошлаган. Улар ўртасидаги алоқалар қон-қариндошлик (фратрия) ва қабиладошлик асосидаги йирикроқ тузилмалар кўринишида сақланиб қолган. Қабилавий бирлашмалар ривожи ибтидоий жамоа тузуми емирилишининг бошланиш даврига тўғри келади. Шунга қарамай, қабилалар ва фратриялар яна кўп вақтлар давомида ўзларининг уруғчилик уюшмалари хусусиятини сақлаб келган. Одатда, қабила ўз ҳудуди, алоҳида ўз номи, тили ёки шеваси, умумий диний ва маиший расм-русумларига эга бўлган.
Ибтидоий жамоа тузумига қуйидаги хусусиятлар хос бўлган:
– ҳудудларда аҳолининг кам сонлилиги;
– ибтидоий жамоалар яшайдиган ҳудудлар ўртасида қатъий чегараларнинг мавжуд эмаслиги;
– ишлаб чиқариш кучларининг мавжуд эмаслиги ёки етарли даражада ривожланмаганлиги ва бунинг оқибатида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмининг камлиги;
– жамоа мулкининг мавжудлиги;
– товар айрибошлашнинг йўқлиги;
– кишиларнинг одатда камсонли ижтимоий гуруҳларга бўлинганлиги (оила, уруғ) ва б.
Ибтидоий жамиятда асосий ижтимоий тузилма бу уруғ бўлиб, у ўз навбатида қон-қардошликка ҳамда мулк ва меҳнатнинг умумийлигига асосланган. Уруғнинг асосий хусусияти шундаки, у ҳудудий иттифоқ бўлмасдан, балки кишиларни қариндошлиги асосида муйян ҳудудда бирлаштирган. Умуман олганда, уруғчилик жамоасида ўз-ўзини бошқаришнинг асосий белгилари бўлиб, қуйидагилар ҳисобланади: уруғ раҳбарларининг сайлаб қўйилиши ва мансаб имтиёзларининг мавжуд эмаслиги.
Ишлаб чиқариш кучларининг ривожи, мулкий ва ижтимоий тенгсизлик (шу жумладан, синфий фарқланишлар ҳам) шубҳасиз ибтидоий жамоа тузумининг инқирози ва уруғ-қабилачилик ҳокимиятининг давлатга айланишида биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган. Бироқ давлатнинг вужудга келиш сабаблари ва шарт-шароитлари фақат шу омиллар билангина чекланмайди. Уруғчилик жамоасининг алоҳида оилаларга бўлиниб кетиши, аҳолининг ҳудудий жойлашувга ўта бориши, урушларнинг тез-тез содир бўлиб туриши, қабилалар ҳарбий ташкилотларнинг кучайиши, дин таъсирини ҳам улар қаторига киритиш лозим1. (Исламов З.М. Давлат ва ҳуқуқ назарияси.-Тошкент: Адолат, 2007. – Б.57.)Шунингдек, жамиятнинг ривожланишига табиий омиллар, яъни иқлим шароитлари, аҳолининг денгиз ва бошқа сув ҳавзалари яқинида жойлашганлиги ёки ўрмон ва чўл ҳудудларида истиқомат қилиши кабилар ҳам таъсир ўтказган.
Do'stlaringiz bilan baham: |