19-БОБ. Ҳуқуқ тизими. Ўзбекистон ҳуқуқ тизими
19.1. Ҳуқуқ тизими тушунчаси ва тузилиши.....
19.2. Ўзбекистонда ҳуқуқ тармоқлари ва ҳуқуқ институтлари....
19.3. Ҳуқуқ тизими ва қонунчилик тизими
19.4. Ҳуқуқий норматив ҳужжатларни тизимлаштириш тушунчаси ва турлари.....
19.5. Моддий ва процессул ҳуқуқ, хусусий ва оммавий ҳуқуқ.....
19.1. Ҳуқуқ тизими тушунчаси ва тузилиши.....
Ҳуқуқ тизими - бу ижтимоий муносабатларнинг характери билан боғлиқ бўлган ҳуқуқнинг ички тузилиши бўлиб, у ҳуқуқ нормалари, ҳуқуқ институтлари ва ҳуқуқ соҳаларининг қатъий илмий изчилликда жойлашган тартибидир.
Ҳуқуқ тизими ҳодисасининг қуйидаги хусусиятларини кўрсатиб ўтиш мумкин:
ҳуқуқ тизими – муайян жамиятда амалда бўлган ҳуқуқнинг объектив сифатидир, уни аввалдан белгиланган режа асосида барпо этиш мумкин эмас;
ҳуқуқ тизими тўлалигича ҳуқуқ билан мустаҳкамланадиган ва тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар тизимига мувофиқ келади. Шу жиҳатдан олганда, ҳуқуқ ижтимоий ҳодиса сифатида нафақат ўзида, балки ички тузилиши орқали ҳам жамият хусусиятларини ифода этади;
ҳуқуқ тизими тарихий ўзгарувчан, у жамият тараққиёти билан мутаносиб равишда эволюцион жараёнларни босиб ўтади;
ҳуқуқ тизими таркибига кирувчи ўзаро алоқада бўлган соҳалар бир-бирини такрорламайди ва аксинча ўзаро бир-бирини тўлдиради;
ҳуқуқ тизими ижтимоий муносабатлар мазмуни билан боғлиқ ҳолда, объектив равишда шаклланади;
ҳуқуқ тизими яхлит тизим сифатида ҳуқуқнинг ички тузилишини, яъни бу тизим қандай ички ―қурилма‖дан иборатлигини кўрсатади;
ҳуқуқ тизими уни ташкил этувчи юридик нормаларнинг муайян гуруҳларга бирлашишини кўрсатади;
ҳуқуқ тизимини ташкил этувчи юридик нормалар ва улар бирлашган гуруҳларнинг ўзаро фарқланишини кўрсатади;
ҳуқуқ тизими ижтимоий муносабатларнинг хусусияти ва уларнинг ўзига хослиги юридик нормаларнинг ҳам маълум даражада ихтисослашувини тақозо этади.
Ҳуқуқ тизимининг таркибига ҳуқуқ тармоқлари киради. Ҳуқуқ тармоқлари эса (масалан, Жиноят ҳуқуқи, Ер ҳуқуқи, Оила ҳуқуқи ва ҳ.к.) ҳуқуқ институтларидан ташкил топади. Масалан, Оила ҳуқуқи: Никоҳ шартномаси, Оилада мулкий муносабатлар, Фарзандликка олиш, Ҳомийлик ва васийлик ва бошқа институтлардан ташкил топади. Институтларнинг таркибида нормалар мавжуд бўлади. Бир бирига яқин ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган (масалан, Никоҳ шартномаси) нормалар йиғиндиси ҳуқуқ институтларини ташкил этади.
―Ҳуқуқий тизим‖ атамаси қуйидаги уч маънода қўлланилади:
ижтимоий-иқтисодий маънода (бунда у умуман ―ҳуқуқнинг ижтимоий-иқтисодий тури‖ тушунчасига тўғри келади);
бирор мамлакатнинг ҳуқуқий тизими маъносида;
турли мамлакатлар ҳуқуқий тизимларининг бирлиги маъносида.
Бинобарин, ҳуқуқий тизим деганда, бир мамлакат доирасида амал қилувчи объектив ҳуқуқ тушунилади. Бошқача айтганда, муайян мамлакатнинг ҳуқуқий тизими ушбу давлатнинг ҳудудида амал қиладиган ва жамиятдаги ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқдир. Бугунги кунда сиёсий харитада 200 дан ортиқ давлат мавжудлигини эътиборга оладиган бўлсак, демак шунча ҳуқуқий тизим шаклланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |