АЮС да аниқланадиган концентрация оралиғи етарли даражада аниқлик билан ўлчаш мумкин бўлган аналитик сигналнинг (оптик зичликнинг А) катталиги билан чекланади. Одатда, қийматларнинг ўзгариш оралиғи бир неча юздан бирдан то 0,5 – 1,2 гача оптик зичлик бирлигини ташкил қилади. Шундай қилиб, АЮС билан аниқланадиган миқдор оралиғи 1 – 2 тартиб катталикдан ошмайди. Оптик зичликнинг кичик қийматларини ўлчаш муаммоси уни ўлчаш усули билан, яъни намунага тушаёган ва унда ютилгандан сўнг чиқаётган ёруғлик интенсивликларининг фарқини аниқлаш билан боғлиқ. Оптик зичликнинг кичкина қийматларида бу фарқ жуда кичик, хато эса жуда катта бўлади. Оптик зичлик қиймати юқори бўлган қисмларда хатоликлар асосан ёруғлик ютилишининг асосий қонунидан четланиш билан боғлиқ. Бу четланишларни эса манбадан келаётган ёруғликнинг етарли даражада монохроматик эмаслиги, сочилган ёруғликнинг таъсири, шунингдек, ютувчи муҳитнинг бир хил зичликка эга эмаслиги (атомизаторнинг турли қисмларида атом буғи ҳар хил концентрацияга эга) келтириб чиқаради. Миқдорий аниқлаш оралиғининг кичиклиги АЮС нинг энг катта камчилиги ҳисобланади.
АЮС да танлаш (селективлик) ҳам АЭС га қараганда кўпинча юқори бўлади. АЮС нинг бу хусусияти спектрал чизиқларнинг устма-уст тушиши, бир-бирини қоплаши ҳеч қандай амалий рол ўйнамаслиги билан тушунтирилади. АЮС да танлаш, асосан, оптик халақитлар билан эмас балки, физик - кимёвий табиатга эга бўлган халақитлар билан чекланади.
АЮС нинг асосий камчилиги, кўп элементли анализни амалга оширишни қийинлигидадир, чунки хар бир элемент учун ўзининг ёруғлик манбаи зарур. Худди шу сабабга кўра, АЮС сифат анализи ўтказиш учун яроқсиздир (қўллаб бўлмайди).
Миқдорий анализ. Атом-абсорбцион спектроскопия фақат миқдорий анализлар учун ишлатилади. АЮС усули кўпчилик металларни алоҳида-алоҳида аниқлаш учун энг сезгир ва қулай усуллардан биридир. Бу усул билан 60 дан ортиқ металлар ва баъзи металлоидларнинг миқдорини аниқлаш мумкин. Одатда металмасларнинг резонанс чизиқлари спектрнинг 200 нм дан паст қисмида жойлашган. Спектрнинг бу қисми вакуум ультрабинафша нурлар соҳасига тегишли бўлганлиги учун, юқорида айтилганидек бу соҳада аланга атомизатори билан ишлаш қийин. Усулнинг элементларнинг сони билан чегараланганлигининг сабаби айнан шу ҳодиса билан боғлиқ. АЮС да миқдорий анализ қилиш учун ташқи стандартлар (даражалаш графиги), ва қўшимча қўшиш усуллари ишлатилади. Ички стандарт усули АЭС дан фарқли АЮС да қўлланилмайди, сабаби АЮС, ҳам аниқланаётган, ҳам ички эталонга тааллуқли икки элементнинг аналитик сигналларини бир вақтда ўлчашга имкон бермайди. Юқорида айтилганидай, АЮС бир элементли анализ усулидир. АЮС да қўшимча қўшиш усули айниқса кенг ишлатилади. Бу, АЮС да халақитлар асосан, физик - кимёвий табиатга эга эканлиги билан боғлиқ. Бундан ташқари АЮС асосан, эритмаларни анализ қилиш усулидир. Эритмалар учун қаттиқ жисмлардан фарқли қўшимча қўшиш усулини осон амалга ошириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |