Фоннинг ютилиши. Атомизаторда бўлган молекулалар ва микроскопик заррачалар, атомларнинг ингичка ютилиш чизиқларининг устига тушувчи (қопловчи), кенг полосали ютилиш спектрларига эга. Атомлар ютилиш чизиқларининг ва фон ютилиш полосаларининг кенгликлари орасидаги кескин фарқни фон нурлари ютилишини компенсациялаш учун ишлатиш мумкин. Бунинг учун, атомизатор чизиқли спектр манбаи билан бир вақтда узлуксиз спектр манбаи (одатда, дейтерий лампаси) билан ҳам ёритилади. Монохроматик бўлмаган дейтерий лампасининг нурлари амалда эркин атомлар томонидан ютилмайди, аммо, фон томонидан ютилади. Асбобнинг электрон системаси иккала ёруғлик манбаидан келаётган сигналларни ажратади (бунинг учун, масалан, уларни ҳар хил частоталар билан модуляциялаш усулини ишлатиш мумкин) ва ўлчанган фон ютилишига автоматик равишда тузатиш киритади. Бу йўл билан, фоннинг ютилишини оптик зичликнинг 0,2 бирлигигача компенсациялаш мумкин. Бу усулда дейтерий лампаси ишлатилгани учун у, фонни дейтерий билан тузатиш номини олди.
ФИЗИК-КИМЁВИЙ ТАБИАТГА ЭГА БЎЛГАН ХАЛАҚИТЛАР
АЮС да физик - кимёвий халақитлар АЭС да қандай бўлса худди шундай табиатга эга. Бу ерда ҳам асосий халақит берувчи эффектлар атомлашнинг чалалиги ва ионга айланишдир (ионизация). Халақитлар билан кураш усуллари ҳам ўхшаш. Бу асосан, атомлаш учун зарур бўлган температура маромини созлаш ва спектроскопик буферлардан (матрица модификаторлари) фойдаланишдир. Бундан ташқари электротермик атомизаторли АЮС да физик кимёвий халақитлар билан курашнинг энг самарали усули атомизаторнинг температураларини режалаштириш (программалаштириш) ва спектроскопик буферларни қўллашдир. Бу ўз навбатида, усулнинг танлаб аниқлаш қобилиятининг ошишига сабаб бўлади. Бундай режанинг умумий кўриниши 3.6 - расмда келтирилган. У камида тўртта босқичдан иборат. Қуритиш жараёнида эритувчи аста секин буғланиб кетади. Бойитиш босқичида, учувчанлиги аниқланувчи элементга қараганда кўпроқ бўлган компонентлар (масалан органик бирикмаларни анализ қилганда –органик матрица) намунадан чиқарилади. ААС нинг бу боқичи кўпчилик томонлари билан АЭС даги пиширишга (ўтга тоблаб қиздириш) ўхшашдир. Бойитишни имкони борича юқори температурада ўтказиш керак. Атомлаштириш босқичида эса аналитик сигнал ўлчанади. Имкони борича юқори температурада ўтказиладиган қисқа муддатли охирги ўтга тоблаш, атомизатор юзасини қийин учувчи компонентлардан тозалаш учун зарур.
3.6 – расм. Электротермик атомизатор температурасини режалаштиришнинг умумий кўриниши; 1- қуритиш; 2 –бойитиш; 3-атомлаштириш; 4- ўтга тоблаш.
УСУЛНИНГ МЕТРОЛОГИК ХАРАКТЕРИСТИКАЛАРИ ВА АНАЛИТИК ИМКОНИЯТЛАРИ
Сезгирлиги. АЮС да кўпчилик элементлар учун сезиш чегараси аланга атомизатори билан 10-6 – 10-4 ва электротермик атомизатор билан эса 10-9 – 10-7 масс. % ни ташкил қилади. АЮС АЭС га қараганда анча сезгир. Бунинг сабаби, АЮС да аналитик сигнални асосий ҳолатда турган атомлар, АЭС да эса қўзғалган ҳолатда турган атомлар ҳосил қилишидадир, чунки атомларнинг асосий қисми қўзғалмаган, жуда оз қисми эса қўзғалган ҳолатларда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |