Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
19-казус
Фуқаро Болиев ўз ўртоғи Вохидов билан қимор ўйнаб 500 000 сўм ютиб олди. Болиевнинг ушбу ўйинни ўйнашга ундаган ҳолат унинг ўйиндан пул маблағини ютиб олиб банк олдидаги қарзини тўлаш эди. Шундан сўнг, Болиев Вохидовдан ютқазган пулини тўлашни талаб қилди.
Вохидовда пул тўлаб беришга имконият йўқ эди. Шу боисдан у Болиевга келишув тузишни таклиф қилди. Келишувга кўра Вохидов 20 кунлик муддат ичида ютқазган пул маблағларини ярмини тўлашни, қолган ярмини эса, машҳур рассомнинг автографи қўйилган асарини ҳадя қилиш эвазига тўлаш назарда тутилди. Ушбу келишув Болиев томонидан маъқулланди ва келишув шартнома шаклида тузилиб, тарафлар уни имзолашди.
Орадан 20 кун муддат ўтгандан сўнг Болев Вохидовдан қарзини ярмини тўлашни ва машҳур рассомнинг автографи қўйилган асарини ҳадя қилиш талаб қилди. Бироқ, Вохидов эса уни бунга мажбурлаб бўлмаслигини айтиб, унга рад жавобини берди. Бунга асос сифатида Фуқаролик кодексининг 983-моддасини кўрсатди. Унинг фикрича, фуқаролар ва юридик шахсларнинг таваккалчиликка асосланган қимор ёки гаров ўйинлар (қимор ва бас бойлаш) уюштириш ёки уларда иштирок этиш билан боғлиқ талаблари судда ҳимоя қилинмайди.
Болиевнинг фикрича, тарафлар ўртасидаги келишув мажбуриятни янгилашга доир ФКнинг 347-моддасида назарда тутилган мустақил шартнома бўлиб ҳисобланади. Шу боисдан ФКнинг 983-моддасининг талаби ушбу ҳолатга нисбатан татбиқ этилиши мумкин эмас. Агар қонун қимор ёки гаров ўйинлар уюштириш ёки уларда иштирок этиш билан боғлиқ талабларни ҳимоя қилмаса ҳам мустақил равишда тарафлар ўртасида тузилган шартномага оид мажбуриятларни бажариш талаби суд орқали ҳимоя қилинмаслигини келтириб чиқармайди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
20-казус
Европа Чемпионлар Лигаси чорак финали дорасидаги Барселона-Манчестер Юнайтед учрашуви олдидан халқаро миқёсида фаолият юритувчи 1xbet тотализатор компанияси Барселонанинг кейинги босқичга чиқишига 2.5 коэффицент, Манчестер Юнайтеднинг кейинги босқичга чиқишига эса 6.8 коэффицент таклиф этди. Тошкент шаҳрида яшовчи Шохрух Манчестер Юнайтед ютуғига 10 минг доллар пул тикди. Иккала ўйин натижасига кўра, Манчестер Юнайтед клуби умумий ҳисобда мағлубиятга учради. 10 минг доллардан маҳрум бўлган Шохрух инсультга чалиниб, 7-шаҳар шифохонасига ётқизилди. 1 ой даволангандан сўнг, ўз дўсти адвокат Акромдан 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қимор, гаров ўйинлари, хусусан тотализаторлар фаолияти хам тақиқланганлигини эшитди. Шу билан бирга, интернет орқали шу компания ҳақидаги маълумотларни қизиқиб ўрганди, унинг оффшор мамлакатларнинг бирида рўйхатдан ўтганлигини билиб олди. Адвокат дўсти Акром билан маслаҳатлашгандан сўнг, ўзи бой берган 10 минг долларни қайтариб олишга ва 1xbet тотализатор компанияси билан низолашишга қарор қилди.
Вазиятни муҳокама қилинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |