Адабиёт ва тиббиёт
Мусиқа ва китоблар ёш Чеховнинг ижодга интилишини уйғотди. Бу борада Таганрог театри катта аҳамият касб этди. Антон илк бор 13 ёшида театрга борган, Жак Оффенбахнинг “Гўзал Елена” опереттасини кўрган ва театрнинг ашаддий мухлисига айланган эди. Кейинроқ Чехов ўз мактубларида шундай деб ёзади: “Театр менга қачонлардир кўп нарса берган… Энг аввало, менинг театрда ўтиришим катта лаззат бахш этарди”. Унинг “Фожиавий роллар ўйновчи”, “Комик”, “Бенефис”, “Товуқ беҳуда куйламади” номли дастлабки ҳикоялари қаҳрамонлари актёр ва актрисалар бўлгани тасодиф эмас. Антон гимназиядаги ўртоғи Андрей Дроссининг уйидаги спектаклларда иштирок ҳам этган.
Гимназиячи Чехов юмористик журналларда асарларини эълон қилди, расмларга тагсўзи топди, мутойиба ҳикоялар, саҳна чиқишлари ҳақида ўйлади. Унинг “Отасизлик” номли биринчи драмаси 18 ёшида гимназияда таҳсил олаётган чоғида ёзилган эди. Айнан таҳсил йиллари Чеховнинг ижодий ишлари учун бой манба берди, шахсияти, маънавий дунёқараши камолга етиши ва шаклланишини таъминлади. Унинг асарлариида бошқалардан ажралиб турадиган, характерли образлар пайдо бўлди. Шундай қаҳрамонлардан бири математика ўқитувчиси, кейинчалик ҳарбий қўмондонга айланган Эдмунд Дзержинский бўлгани ҳам эҳтимолдан холи эмас.
1879 йили Чехов Таганрогдаги гимназияни тугатди. Москвага кўчиб ўтди ва университетнинг тиббиёт факультетига ўқишга кирди. Бу даргоҳда Николай Склифосовский, Григорий Захарин каби таниқли таниқли профессорлар қўлида таҳсил олди. Худди шу йили Антоннинг укаси Иван Москва яқинидаги Воскренск шаҳри мактабига ўқитувчи бўлиб ишга жойлашди. Унга бутун оила жойлашиши мумкин бўлган катта квартира берилди.
Москвада тиқилиб яшайдиган Чеховлар ёзда Иваннинг ана шу гўшасига келишарди. Воскресенкда Антон доктор П.Архангельский билан танишди, у Воскресенск (Чикинск) даволаш муассаси мудири бўлиб ишларди. 1882 йили Чехов талаба сифатида беморларни қабул қилишда шифокорларга ёрдам берарди.
1884 йили у университетни тугатди ва Чикинск даволаш муассасаси уезд врачи бўлиб ишлай бошлади. Бу ҳақда П.Архангельск хотираларида шундай дейилган: “Антон Павлович шошилмай иш юритар, баъзида ҳаракатларида ишончсизлик бордек туюларди. Аслида у ҳаммасини диққат билан сидқидилдан амалга оширарди. Айниқса, беморга нисбатан самимий ҳурмат-эҳтироми кўриниб турарди”.
Кейинроқ Чехов Звенигородда ишлади, маълум вақт шифохонани бошқарди.
“Огоҳлантириш” хати
1879 йилнинг 24 декабрида биринчи курс талабаси бўлган Чехов “Стрекоза” журналида “Олим қўшнига мактуб” ҳикояси ва “Романлар, қиссалар ва шунга ўхшаш асарларда энг кўп учрайдиган жиҳатлар” ҳажвиясини эълон қилдирди. Бу унинг нашрдаги биринчи чиқиши эди.
Шундан сўнг Чехов ҳикоялар, фельетонлар, жажжи ҳажвий асарлар ва “Қора талоқсиз одам” ҳамда бошқа вариантларни Антоша Чехонте тахаллуси билан ёки имзосиз чоп эттирди. Мазкур асарлар Москванинг “кичик матбуот“ нашрларида, “Будильник”, “Зритель” журналлари ва Петербургнинг “Оскольки”, “Стрекоза” юмористик ҳафтаномаларида эълон қилинди. Ёш адиб “Петербургская газета”, “Новое время” ва “Русские ведомости” билан ҳамкорлик қилди.
1882 йили Чехов “Шўхлик” номли биринчи тўпламини тайёрлади, бироқ цензура тўсқинлиги туфайли у чиқмай қолди. 1884 йили адибнинг “Мельпоменлар ҳикоялари” китоби нашр этилди.
1885 — 1886 йиллар Чеховнинг “беллетрист-миниатюрачи” — қисқа ва асосан мутойиба ҳикоялар муаллифи сифатидаги камол топиш даври ҳисобланади. Ўзининг айтишича, ўша пайтларда у ҳар куни бир саҳифадан ҳикоя ёзган. Замондошлари Чеховни шу жанрда қолади, деб ҳисоблашарди. 1986 йилнинг баҳорида адиб таниқли рус адабиётчиси Дмитрий Григоровичдан мактуб олади, у Чеховни истеъдодини “майда-чуйда”га сарфлаётганини танқид қилган эди. “Биз ўз давримизда очқагандек оч қолинг, ўйлаганларингизни меҳнат асосида рўёбга чиқариш учун таассуротларни асранг. Битта шундай меҳнат турли вақтларда газеталарга улоқтирилган юзлаб гўзал ҳикоялардан юз карра юқори баҳоланади”, — деб ёзганди Григорович. Алексей Суворин, Виктор Билибин ва Алексей Плешеевлар ҳам бу фикрга қўшилишди.
Чехов Григоровичнинг ўгитига амал қила бошлади. 1887 йилдан эътиборан у юмористик журналлар билан ҳамкорликни сусайтирди, “Будильник”ка асар юбормай қўйди. Ёзувчининг ҳикоялари ҳажми чўзилди ва жиддийлашди. Чехов билан юз берган яна бир ўзгариш шу эдики, адиб саёҳат қилишни хоҳлаб қолди. Ўша йили жанубга, қадрдон маскани, сўнг “Гоголь замини”, Кавказнинг Қримига йўл олди. Жанубга саёҳат у ерда ўтказган ёшлик хотираларини жонлантирди ва “Чўллар” учун манба ҳадя қилди. У биринчи қалин асарини “Северный восток” журналида чоп эттирди. Бу эса танқидчиларнинг аввалгига нисбатан “Чўллар”га кўпроқ эътибор қаратишларига сабаб бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |