Совуқ ўлкада
Сибирь бўйлаб сафар 82 кун давом этди. Бу вақт давомида Чехов “Сибирдан” умумий номи остида тўққизта очерк ёзди. У Сахалинга 11 (23) июлда етиб борди. Бунгача эса ўлка одамларнинг ҳаёти, сургун сабаблари тарихи ҳақида билиб олди. У орол кишилари ҳақида минглаб карточкалар йиғиб, Сахалин аҳолисини рўйхатга олиш ишларини адо этди (бу қайдлар илк марта 2005 йили Сахалин нашрларидан бирида эълон қилинди. Мазкур рўйхат Чеховнинг Сахалинга уюштирган саёҳати мобайнида йиққан 10 мингдан ортиқ сўровнома картасидан иборат эди).
Орол маъмурияти сиёсий маҳбуслар билан гаплашишни қатъиян тақиқлади, бироқ Чехов тақиқни бузди.
У Сахалин сафаридан денгиз йўли орқали “Петербург” кемасида қайтди. Кема беш кун Владиостокда туриб қолганида Чехов Амур ўлкасини ўрганиш жамияти кутубхонасида ишлаган ва Сахалин ҳақидаги китобига қўшимча манба йиққан. Сафар давом этди: Гонконг, Сингапур, Цейлон ороли, Суэц канали, Константинополь, Одесса… 1890 йилнинг 7 (19) декабрида қариндошлар уни Тулада кутиб олдилар.
Шундан сўнг беш йил давомида Чехов “Сахалин ороли” китобини ёзди. Ўзининг эътироф этишича, ушбу ўлка бўйлаб саёҳати бадиий ижоди, кейинги асарларини яратишига катта таъсир қилган.
Сахалин сафаридан сўнг Москвага қайтган Чехов Кичик Дмитровкадаги асосий уй ёнига қурилган икки қаватли бинода яшади. Бу гўшада “Сахалин ороли” китоби, “Ниначи”, “Дуэль”, “6-палата” устида ишлади. Шунингдек, ёзувчилар В.Короленко, Д.Григорович, В.Гиляровский, Д.Мережовский, таниқли актёрлар А.Ленский ва А.Южин, рассом И.Левитан билан учрашди (ушбу уй ҳозиргача сақланиб қолган).
1892 йили Чехов Мелиховодан мулк сотиб олди. У ерда деҳқонларнинг болалари учун учта мактаб қурдирди. Кейин эса қўнғироқхона, ўт ўчириш саройи барпо этди, почта ва телеграф очилишига эришди. Шунингдек, мингта олча, тилоғоч, қайрағоч, заранг, қарағай, эман кўчатлари экишни ташкиллаштирди.
Мелиховода яшаган даврида қадрдон Таганрогда жамоат кутубхонасини очиш фикри туғилди. Шу мақсадда ўзининг икки мингта китоби, жумладан, музей аҳамитига молик дастхати қўйилган нашрлари ҳамда илм-фан ва санъат намояндаларининг портретларидан иборат галереяни хайрия сифатида ажратди.
Кейинроқ адиб Европа бўйлаб саёҳат қилди. 1898 йилнинг охирида эса Ялта бўйидан томорқа сотиб олди. Бу ерда боғ-роғ барпо этилди ва меъмор Л.Шаповалов лойиҳаси бўйича уй қурилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |