2 Илмий техника тараққиётининг қурилишдаги моҳияти, аҳамияти ва асосий йўналишлари Қурилишда илмий техника тараққиёти-бу замонавий илмий техник ютуқлар ва ишлаб чиқариш воситалари, технологик жараёнлар меҳнатни ташкил этиш ва бошқариш усуллари асосида ишлаб чиқаришни узлуксиз такомиллаштириш жараёнидир. Ушбу жараён меҳнат унумдорлигини, маҳсулот сифатининг оширилишини ва максимал фойдага эришишни таъминлайди. Илмий техник тараққиёт ўзининг ривожланишида иккита ўзаро боғлиқ шаклларда: эволюцион ва революцион шаклларда намоён бўлади. Илмий техник тараққиётнинг эволюцион шакли вазифаси анъанавий технология, жихозлар, материал ва конструкцияларни узлуксиз ва доимий равишда мукаммаллаштиришдан иборат. Бундай жараён анча муддатгача давом этиши мумкин ва ўзининг биринчи босқичларида етарли миқдорда иқтисодий ва ижтимоий натижаларга эришилишини таъминлайди.
Илмий техник тараққиётнинг революцион шакли — бу принципиал янги, аввал қўлланилмаган меҳнат воситалари ва технологияни яратишдир. Баъзан, илмий техник тараққиётнинг ушбу шаклини илмий техник революция деб ҳам аталади. Афсуски илмий техник тараққиётнинг ушбу шакли эволюцион илмий техник тараққиётга нисбатан оҳирги йилларда кам сезиларли даражададир.
Илмий техник тараққиёт натижасида мехнат шароитларини яхшиланиши ва унинг меъёрида сақланиши, атроф-мухитни ҳимоя қилиш, қўл мехнати ҳиссани қисқартириш, алоҳида ҳолатларда қўл меҳнатидан умуман фойдаланмаслик, қурилишни давомийлигини қисқартиришларга эришилади. Илмий техник-тараққиёт асосида ишлаб чиқариш ҳаражатларини камайтириш ва унумдорлигини ошириш имконияти яратилади.
Илмий техник-тараққиётнинг қурилишдаги асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
қурилишда янги материаллар ва конструкцияларни яратиш ҳамда қўллаш;
қурилиш монтаж ишларини механизациялаш, комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш;
прогрессив технология ва етакчи усулларни қурилиш ишлаб чиқаришини ташкил қилишда қўллаш.
Саноатлаштириш - бу кўпгина ишлаб чиқариш жараёнларини қурилиш майдончаларида завод муҳитига кўчириш демакдир. Қурилиш ишлаб чиқаришини саноатлаштиришга типик мисол бўлиб, ўз вақтида ташкил қилинган ва ҳозир ҳам амал қилаётган уй-қурилиш комбинатлари, темур-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи заводлар қурилиш конструкцияларини ишлаб чиқарадиган комбинатлар ҳисобланади.
Қурилишнинг саноатлаштириш кўрсаткичлари бўлиб бажарадиган қурилиш монтаж ишлари ёки объект қийматининг умумий ҳажмидаги конструкция ва деталлар қийматининг нисбати бўйича аниқланадиган қурилиш объектларининг жамланганлик даражаси ҳисобланади.
Саноатлаштириш қурилишни фаол ишлаб чиқаришга кетадиган меҳнат сарфини камайтириш ва қурилиш муддатини қисқартириш имконини беради. У шунингдек қурилиш ишлаб чиқаришида техниканинг тутган аҳамиятини кўтаришга ва уни нисбатан монтаж жараёнига айлантиришга хизмат қилади. Саноатлаштириш уй-жой қурилиши соҳасида кенг ривожланган.
Янги материал ва конструкцияларни яратиш ва қўллаш - бу қурилишдаги илмий техник-тараққиётнинг муҳим йўналишидир. Ҳозирги қурилаётган кўпгина объект ва қурилмалар аввалгиларидан нафақат архитектуравий-режали жиҳатдан, балки ишлатиладиган материал ва конструкциялар билан хам фарқ қилади. Улар қаторига пластмасса буюмлари, полиэтилен ёғочлари, сувга чидамли фанералар, шишали пластика, керамик буюмлар, иссиқликни изоляция қилувчи аккустик ва бошқа материалларни киритиш мумкин. Алоҳида қурилиш-монтаж ишларида замонавий синтетика материаллари, сантехника ва электротехника ишларида тайёр материалларни йиғиш ва эксплуатация қилишда қулай бўлган материаллар кенг қўлланилади. Алюминийдан қилинган конструкциялар ва қурилиш буюмлари яхши кўриниш ва мустаҳкамликка эга бўлади.
Бироқ замонавий қурилиш материаллари ва жихозларини яратиш жараёни илмий ишлаб чиқариш изланишларини кучайтириш ва аҳамиятини оширишни талаб қилади. Бунга эришиш учун фан, техника ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ривожланиш ўзаро бир нуқтада кесишиши керак. Қурилишга ривожланган давлатлар тажрибасидан кенг фойдаланиш зарур.
Иш ва ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш, комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш - бу қурилишда техник тараққиётнинг муҳим йўналишидир. Уни амалиётга тадбиқ этиш ишлаб чиқариш жараёнида машина механизмлар аҳамиятини кучайтириш йўли билан амалга оширилади ва бунинг натижасида янги машина ва механизмларни жорий, этиш мавжуд машина паркларини модернизациялаш, шунингдек қурилиш ва таъмирлаш ишларини яхшилаш мумкин бўлади.
Илмий техник-тараққиётнинг ушбу йўналишини асосий баҳоловчи кўрсаткичлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
Иш механизацияси коэффициэнти – қурилиш механизмлар билан бажариладиган иш ҳажмининг умумий бажарилган иш ҳажмига нисбати;
меҳнатнинг механик қуролланганлик коэффициенти - қурилиш машиналари билан бажарилган иш ҳажмининг умумий бажарилган иш ҳажмига нисбати;
ишнинг энергетик қуролланганлик коэффициенти — қурилишда ишлатиладиган машина ва механизмлар двигателларининг умумий қувватининг йиллик қурилиш монтаж ишлари ҳажмига нисбати. Ушбу кўрсаткич кВт’да ўлчанади.
Қурилиш ишлаб чиқаришини ташкил қилишнинг ривожланган технология ва усулларини амалиётга тадбиқ этиш қурилишини саноатлаштириш жараёни билан чамбарчас боғлиқ. Бу давлатимизнинг шунингдек чет эл тажрибасидаги ютуқларга асосланган бўлади. Унинг асосий мақсади нафақат капитал қурилиш самарадорлиги кўрсаткичларини яхшилаш ва кўтариш, балки қурилиш ишлаб чиқаришини саноатга асосланган даражасини ошириш, меҳнат бир хиллигини бартараф этиш ҳамдир.
Илмий техник-тараққиётнинг қурилишдаги ушбу йўналишининг тахминий акс эттирилиши қуйидагича бўлиши мумкин:
қурилиш узлуксизлигини ривожлантириш;
объект ва қурилмаларнинг атрофдагилардан чегаралаш;
катта ўлчам ва габаритдаги металоконструкция, ферма ва қоплаш жихозларининг дастлабки йиғилиши;
пайванд-чилангарликнинг замонавий усулларидан фойдаланиш;
илғор технологияни жорий этиш, объект ва қурилмаларни қуришни “ғилдиракдан”дан монтаж қилиш усули ёрдамида ташкил этиш.
Илмий технологияни амалиётга тадбиқ этиш қурилиш ишлаб чиқаришини янги поғонада (ишни ташкил этишнинг индустриал усуллари талабларига мос равишда) кўтариш имкониятини яратиб беради. Бошқача қилиб айтганда технологик янгиликлар - маҳсулот ишлаб чиқаришга кетадиган меҳнат сарфини камайтириш ва қурилиш ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг асоси бўлиб ҳисобланади.
3. Қурилишда илмий техник-тараққиётни башоратлаш ва режалаштириш
Миллий иқтисодиёт, тармоқ иқтисодиёти ва ишлаб чиқариш бўғинларидаги иқтисодиёт бўлишига қарамасдан, эришилган натижаларни баҳоламасдан ва келгусидаги истиқболларни белгилаб олмасдан ўз-ўзидан бошқарилиши мумкин эмас. Уларни барчаси ИТТни башоратлашни ва хусусан режалаштиришни қурилишни бошқаришнинг муҳим масалаларини самарали хал қилишда ўз аксини топади.
Башоратлаш - давлат иқтисодиётининг ҳолати ёки унинг алоҳида тармоқлари, йўналишлари ва соҳалари хақида илмий тасдиқланган ҳолда олдиндан айтиб бериш, шунингдек иқтисодиётнинг у ёки бу ҳолатига эришишнинг муқобил йўллари, усуллари ва муддатлари тўғрисида мушоҳада юритиш демакдир.
Бошқарув жараёни сифатида башоратлаш иқтисодиёт ривожланишининг истиқболларини баҳолаш ва унинг ҳолатини таҳлил қилиш билан боғлиқ. Унинг кўп тарқалган шаклларидан башоратлашнинг режалаштириш билан бевосита ўзаро алоқадорлигини таъминловчи дастур, масалани қўйиш усул ва услублар бўлиб ҳисобланади.
Илмий техник тараққиётни режалаштириш - бу қурилишда фан ва техника ривожланиши билан боғлиқ бўлган жорий масалаларни ҳал қилишга қаратилган башоратлашнинг таркибий бир қисмидир. У илмий техник ривожланишнинг давлат дастурлари, шунингдек қурилиш материаллари саноатида бевосита фаолият юритадиган ташкилот ва корхоналар томонидан олиб бориладиган ташкилий-техник тадбирлар билан белгиланадиган масалалар асосида амал оширилади.
Режалаштириш жараёнида қурилиш ишлаб чиқаришининг техник даражаси ва иқтисодий самарадорлигини ошириш, қурилишни ташкил этишнинг энг яхши лойиҳа намуналари, техник такомиллаштириш, илмий тадқиқот ва лойиҳалаштириш институтлари, улардаги олимлар ва рационализаторлар томонидан ишлаб чиқилган техник инновациялар, илғор қурилиш ташкилотларининг тажрибалари ўз аксини топмоғи лозим.
Қурилиш сохасидаги ташкилот ва корхонаарнинг техник ривожланиш даражасининг асосий кўрсаткичлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
1.Самарали қурилиш конструкциялиридан ва янги қурилиш материалларидан фойдаланиш;
2.Қурилиш-монтаж жараёнларини механизациялаш, комплекс механизациялаш ва автоматлаштиришни ривожлантиришнинг кейинги босқичига ўтиш;
3.Қурилиш ишлаб чиқаришининг етакчи технологиясини амалиётга тадбиқ этиш;
4.Кўргазмали қурилишни ташкил этиш.
Бозор иқтисодиёти шароитида ташкилотлар ва корхоналарга барча соҳаларда ҳуқуқ ва эркинликлар берилиб, собиқ итифоқ даврида бўлганидек юқоридан кўрсатмалар берилмай, балки техник ривожланиш корхона ва ташкилотларнинг ўз ташаббускорлигидан келиб чиқади. Бу масала қурилиш ташкилотининг бош мухандиси рахбарлиги остида ҳал қилинади ва керак бўлганда бунга корхонанинг иқтисодий инструментлари жалб қилинади. Даставвал режа ва дастурнинг асосий йўналишларини белгиловчи тадбирлар рўйхати тузилади, ушбу рўйхатда тадбирларнинг қисқача таснифи ва уларнинг қайси объектларда амалга оширилиши кўрсатилади. Режага киритиладиган ҳар бир тадбир зарур техник иқтисодий ҳисоб китоблар натижасида тасдиқланади, малакали ишчилардан ташкил топган ташаббускор гурух ташкил этилади. Бу ишлаб чиқариш резервлвридан максимал даражада фойдаланишни таъминловчи режаларни систематик равишда такомиллаштириш ва уларга зарур тузатишлар киритиш имкониятини беради.
Янги техника ва ташкилий хўжалик тадбирлари режаларини бажариш жараёнида, қурилиш соҳасидаги янги кашфиётлар, рационализаторлик таклифлари, шунингдек замонавий фан ва техникадаги ютуқлар ҳисобга олиниши керак.
Илмий техник-тараққиётни режалаштиришда шуни ҳисобга олиш муҳимки турли ғоя, фикр ва янгиликлар пайдо бўлиши мумкин, уларни амалиётга қўллаш эса қурилиш саноатидаги корхона ва ташкилотларнинг ўз кучлари билан амалга оширилади, булар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
Институтлар — бирламчи тадқиқотларга ихтисослашган ва фаннинг маълум бир соҳасидаги ривожланиш учун жавобгар ташкилот;
Илмий тадқиқот институтлари — иккиламчи тадқиқий ишларга ихтисослашган ва маълум бир тармоқни ишлаб чиқариш ёки илмий техник даражасига жавобгар бўлган ташкилот;
Лойиҳалаш, конструкторлик, технологик ташкилотлар, технологик иқтисодий тадқиқот институтлари — конструкторлик технологик лойиҳалаш ёки ташкилий ишлаб чиқаришга ихтисослашган маҳсулот самарадорлиги, технологияси ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва лойиҳаларга жавобгар ҳисобланувчи тармоқли ташкилотлар. Бу ерга у ёки бу институтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар кирмайди.
Монтаж, ишга тушириш ва таъмирлаш билан боғлиқ бўлган жараёнларни бошқариш билан шуғулланувчи ташкилий техник институтлар, асосий ишланмаларни яратишга қаратилган махсус лабараториялар, уларни синаш ишлари билан шуғулланувчи ташкилотларга қуйидагилар киради: янгиликларни тарқатиш билан шуғулланувчи илмий-техник ва бошқа институтлар.
Ушбу ташкилотларни шунингдек бўйсундирилганлиги, фаолият миқёслари (тармоқли, тармоқлараро, тармоқлар ости, худудий), ихтисослик бошқалар бўйича туркумлаш мумкин.
Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида асосий муаммо фаннинг мувафақиятли фаолият юритиши учун шароит яратиш, уни бир меъёда сақлаш, илмий-техник тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва илмий техник-тараққиётнинг асосий йўналишларидаги ресурслар жамланмасини таъминлаш бўлиб ҳисобланади. Айнан шу мақсадда академик ва ихтисослашган илмий тадқиқот муассасаларининг эркинликларини ошириш, илмий тадқиқотларни танлов-шартномали тамойил бўйича ташкил этилишига, шунингдек уларни илмий техник дастурлар асосида молиялаштириш тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ хисобланади. Бунда фаолият юритиш объкти бўлиб танлов лойиҳаси ҳисобланади, субъекти бўлиб эса уни илгари сурган олимлар гурухи ёки илмий тадқиқот институтлари ҳисобланади. Айни чоғда ташкилот ёки корханалар ва илмий тадқиқот институтлари ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш лозим, бу биринчидан ихтиро қилинган «велосипед»ни қайта ихтиро қилишнинг олдини олади, иккинчидан эса фан ва техника ривожланишига қаратилган илмий техник-тараққиётнинг самарадорлигини ошириш имконини беради.