Тактика
Суюқликлар ва электролитлар
Ичак тутилишида организм ҳужайрадан ташқаридаги суюқлик ва электролитларни ичакнинг шишган деворлари орқали унинг бўшлиғига, жараён ривожланаверган сайин эса қорин бўшлиғига ҳам йўқотади; улар вена ичига қуйиш орқали тўлдирилиб бориши керак. Йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш жадаллиги ва гемодинамик кузатув ҳар бир беморнинг аҳволидан келиб чиқиб амалга оширилади. Рингер лактати танлов воситаси бўлиб ҳисобланади. Сийдик пуфагига катетер ўрнатиш ва диурезни назорат қилиш гемодинамик кузатувнинг минимал талабларидир. Странгуляция сабабли лапаротомия қилинажак беморлар ҳам мутаносиб ҳолда операциядан олдинги тайёргарлик ўтказишни талаб этади (6-боб). ИИТ билан оғриган беморларда баъзан қорин бўшлиғи ички босимининг ошиши қайд этилади (биз “кичик қорин синдромининг” тўлақонли белгилари бор бўлган, дистал ИИТ билан оғриган беморларни кузатганмиз). Бунда юракнинг тўлиш босимининг ошиши (клиник амалиётда марказий вена босими – МВБ деб юритилади) каби белги ёлғон-мусбат бўлиши мумкин. Ушбу беморлар юракнинг чиқариш ҳажмини меъёрда ушлаб туриш учун яна жадалроқ инфузион давони талаб этади (40-боб).
Назогастрал аспирация
Миннеаполислик Овен Вангестин (1898-1981) “Менинг ишим алиментар каналда чилангарлик қилишдан иборат. Мен унинг иккала охиридан ҳам фаолият олиб бораман, аммо, барибир, аксарият ҳолларда ушбу каналнинг ўртасида ишлашга тўғри келади”, -деб ёзган эди. Алалхусус, у 1930 йилдаёқ ИИТ ни даволашнинг муҳим ва зарурий элементи бўлмиш назогастрал найчани амалиётга тадбиқ этди. Орадан 70 йил ўтгач ҳам қабулхона орқали “Ингичка ичак тутилиши” диагнози билан ётқизилган, қоринлари шишган, уст боши яшилга бўялган, бурнида эса назогастрал найчаси бўлмаган беморларни кўриш жудаям ачинарли ҳолдир.
Найчанинг катта ўлчамлиги (18-рақамли) керак бўлади. Назогастрал найча ҳам ташхисий, ҳам даволаш хусусиятларига эга. У қусишни тўхтатсада, найчанинг асосий вазифаси кенгайган меъда ва обструкциядан проксимал қисмда жойлашган ингичка ичак қовузлоқларини декомпрессиялашдан иборат. Оддий ичак тутилишида декомпрессия туфайли оғриқлар тезда босилиб, кенгайган ичак қовузлоқлари пучаяди. Бундай олиб қаралганда, обструкцияга учраган соҳанинг юқорисидан то гастроэзофагал сфинктергача бўлган масофа ёпиқ қовузлоқ ҳисобланади, меъда орқали дренажлаш эса бу ёпиқ қовузлоқни оддий обструкцияга айлантиради. Странгуляцияда ва ёпиқ қовузлоқда, меъдани найчалашга қарамасдан, оғриқ сақланиб қолади.
Назогастрал найча қўйиш жуда ёқимсиз муолажа. Беморларнинг аксарияти уни шифохонадалик давридаги энг даҳшатли воқеа сифатида эслаб қолишади (ва албатта, такрор найча қўйишга тиш-тирноғи билан қаршилик қилишади). Аммо бу муолажани анча енгиллаштириш мумкин: найча қаттиқ бўладиган бўлса, унинг учини 1-2 дақиқа иссиқ сувга ботириб туриш, беморнинг бурун тешикларига оғриқсизлантирувчи аэрозол билан ишлов бериш ва найчага марҳам суриш керак. Назогастрал найчани фаол сўрғичга улашга ҳожат йўқ, ундан кўра оддий гравитацион дренажлаш яхши натижа беради.
Узун назоинтестинал найчаларнинг (Cantor, Linton, Moss ва бошқа турли хил номлар билан аталадиган) афзаллиги исботланмаган бўлиб, улар катта ҳажмли манипуляцияларни талаб этади ва зарур бўлиб турган операциянинг кечикишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |