Бу странгуляциями?
Странгуляция бор-йўқлигини аниқлаш ўта муҳим. Агар мавжуд бўлса, бунинг биттаю-битта чораси бор – иложи борича тезроқ операция қилиш. Странгуляцияга хос бўлган муҳим белгилардан бири доимий оғриқдир. Шунингдек, қорин парданинг яллиғланиш белгилари ҳам (ҳимоя реакцияси, қорин олд деворига босилган қўлни кескин олганда ўткир оғриқ пайдо бўлиши) аниқланиши мумкин. Аммо қуйидагиларни эслаб қолинг:
Нисбатан тинч бўлган қоринда ҳам ўлган ичаклар бўлиши мумкин.
Оддий обструкция билан странгуляцияни фарқлаш учун қорин парданинг таъсирланиш белгилари унчалик қўл келмайди. Масалан, ичак қовузлоқлари кўпроқ кенгаядиган оддий обструкцияда қорин парда таъсирланиш белгилари странгуляцияга нисбатан кучлироқ ифодаланган бўлиши мумкин. Таранглашган ичак қовузлоқлари таъсирчан бўлади. Ахир сиз гастроэнтерит билан оғриган беморларнинг катталашган қорнини қўпол пайпаслаб, уларда ҳам перитонит белгиларини топувчи терапевтларни биласизку, тўғрими?
Берк қовузлоқ обструкцияси доимо странгуляция билан эквивалент бўлади. Бунда ичак қовузлоғи икки марта буралган бўлиб, унинг қон айланиш тизими издан чиққан бўлади. Қориннинг оддий рентгенограммаси хато таассурот уйғотиши мумкин. Берк қовузлоқдан юқорида жойлашган ичаклар суюқлик билан тўлган бўлиши мумкин ва бу ношаффофлик билан намоён бўлса, қолган барча қовузлоқлар шунчаки кенгайган бўлиши мумкин (аммо бизга КТ аниқлик киритиб бериши мумкин – қуйироққа қаранг). Бундай турдаги обструкцияга учраган бемор кучли оғриқдан сирена каби бақириши мумкин.
Эсингизда бўлсин: ҳеч бир алоҳида олинган клиник ёхуд лаборатор белги сизга ичак странгуляция учраган ёки аллақачон ўлиб бўлганлигини айтиб бера олмайди. “Ўқимаган” жарроҳларнинг ўзлари аҳмоқ бўлиб, сут жавҳарининг миқдорига қараб ўтираверсинлар. Ичакда қон айланиши бузилганлигини билиш учун иситма, лейкоцитоз ёки ацидознинг пайдо бўлишини кутманг. Бу белгилар пайдо бўлган пайтда ичак ўлиб бўлган бўлади.
Странгуляция ташхисини қўйгач, беморга тез муддатларда операциядан олдинги тайёрлов муолажаларини ўтказиб, уни зудлик билан операция хонасига олиб борсангиз, сизни табрикласа бўлади. Беморда сиқилган чов чурраси бўла туриб, катта ўлчамли ўрта лапаротомия қилиб қўйиб, кейин эртага уялиб қолишнинг олдини олинг. Қорин олд девори чурралари кўп ҳолларда странгуляциянинг сабаби бўлиши мумкинлигини сира эсдан чиқарманг. Странгуляцияни шубҳа остига олиш бу сизнинг кўрик маҳсулингиздир, аммо эринмасдан беморни яна бир бор қайта кўрикдан ўтказинг, бу кўрик давомида чурранинг бешта чиқиш жойи – иккита чов, иккита сон ва киндик соҳаларини албатта кўздан кечиринг (22-боб).
Ҳеч нарса оддий ва странгуляцион ичак тутилишини фарқлашда сизга кўмак бера олмаслигини энди тушуниб етдингиз. Хўш, унда қандай қилиб хавфсиз равишда “ўйнаш” мумкин?
Do'stlaringiz bilan baham: |