Бадиий санъат ва моддий маданият. Кушон подшолиги ҳукмронлиги даврида ўзининг такрорланмас санъат намуналарига ва қурилиш услубига эга Бақтрия бадиий мактаби шаклланди. Бу бадиий мактабнинг шаклланишида Кушон даврида воҳада истиқомат қилган аҳолининг ўзига хос ўрни бор. Холчаён, Далварзинтепа, Айритом, Эски Термиз ва унинг атрофидаги ёдгорликлардан топилган ҳайкалтарошлик, деворий рангтасвир, тоштарошлик ва заргарлик намуналари бунга мисол бўла олади.2
Холчаён ҳайкаллари тадқиқотчилар томонидан "сулолавий санъат" деб, номланган Кушон давр ҳайкалтарошлик санъатининг илк намунасидир. Бу жойдаги саройнинг айвон қисми ва залларида жойлашган ҳайкалларнинг асосий қисмида, Г.А.Пугаченкова фикрича Кушон подшолигига асос солган Гуйшуан-Кушон, қабила бошлиғи Герай ва унинг хонадони вакилларининг қиёфалари тасвирланган.
Кушон даврига хос бадиий санъатдаги бу йўналиш ҳукмдорлар сиймолари, сарой аъёнлари ҳайкалларидан иборат Далварзинтепа санъати орқали давом эттирилган. Оқ тошга ўйиб ишланган Айримтом пиромони, жумладан, арфа, уд ва ноғора каби мусиқа асбобларини ижро этаётган ҳайкаллар, Қоратепа ва Фаёзтепа топилмалари каби буддавийлик йўналиши билан боғлиқ.
Мўъжаз санъат намуналари ҳам маҳобатли санъаттурлари каби диний ва дунёвий йўналишларда яратилган. Булар будданинг чордона қуриб ўтирган ҳолатдаги тасвирлари (Оққўрғон, Ҳайитободтепа), Бақтрия маъбуданинг тахтга ўтирган ҳолатлари (Туманқўргон, Далварзинтепа), чавандозлар ёки мусиқа асбобларини моҳирона ижро этаётган аёллар тасвир (Далварзинтепа ва ҳ.к.) ларидир. Айниқса, Эски Термиз, Далварзинтепа, Зартепа сингари шаҳарларда, Мирзақултепа, Шўртепа ва Оққўрғон каби қишлоқлардан топилган терракот ҳайкалчаларда ўлканинг бой ҳайвонот дунёси тасвирлари ўз аксини топган.
Бу даврда фил суягидан ҳам хилма-хил буюмлар ишланган. Булар тепа қисмида панжа ва мушт шакллари ўйиб ишланган бигизлар, шоҳмот доналари сингарилардир. Айритом ва Далварзинтепадан топилган милодий I-II асрларга мансуб шоҳмот доналари бу қадимий ўйиннинг пайдо бўлишини қарийб икки асрга қадимийлаштирди. Далварзинтепа олтин буюмлар хазинаси (билакузуглар; санскрит алифбосида ёзувлар битилган қуйма ёмбилар) заргарлик тараққиётидан нишонадир.
Кушон даври ҳунармандчиликнинг оммавий турларидан бири кулолчиликнинг ҳам юксак тараққий этган давридир. Кушонлар ҳукмронлигида Шимолий Бақгрия аҳолиси маданий ҳаётнинг барча жабҳасида юксакликка эришадилар. Бу ютуқлар илк ўрта асрларда Шимоли-Ғарбий Тоҳаристон маданиятининг шаклланишида асосий омил бўлиб хизмат қилган.
Назорат саволлари :
Кушон подшолиги даври санъат намуналарини санаб беринг?
Кушон даври будда ибодатхоналарини айтиб беринг?
Do'stlaringiz bilan baham: |