Биринчидан, бухгалтерия ҳисобининг ушбу ҳар иккала қисми корхонанинг махсус бўлинмаси бўлган бухгалтерия томонидан юритилади. Шу боис, адабиётларда яхлит бухгалтерия ҳисобини “Бухгалтерия молиявий ҳисоби” ва “Бухгалтерия бошқарув ҳисоби” каби таркибий қисмларга ажратилганлиги ҳам кўриш мумкин.
Иккинчидан, бухгалтерия томонидан юритиладиган молиявий ҳисоб ва тузиладиган молиявий ҳисобот асосан молиявий характердаги ахборотларни ўзида мужассамлаштиради. Молиявий характердаги ахборотлар деганда, одатда, ягона пул бирлигида ўлчанадиган, қайд этиладиган ва фойдаланувчиларга тегишли шакл ва мазмунда тақдим этиладиган ахборотлар тушунилади. Бухгалтерия молиявий ҳисоби айнан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, мулки, мулкни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги молиявий характердаги ахборотларни йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни фойдаланувчилар ҳукмига тегишли шакл ва мазмунда тақдим этиш тизими ҳисобланади.
Бухгалтерия ҳисобида шакллантириладиган молиявий характердаги ахборотлар ҳам ички, ҳам ташқи фойдаланувчилар учун зарур ҳисобланади. Мисол учун, ички фойдаланувчиларга корхоналар фаолияти, фаолият натижалари, мулки ва мулкни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги ягона пул бирлигида ифодаланган ахборотлар ушбу кўрсаткичлар бўйича белгиланган режа (ёки бюджет)ларни бажарилишини узлуксиз назорат ҳамда таҳлил қилиб бориш учун керак. Ташқи фойдаланувчилар учун ягона пул бирлигида молиявий характердаги ахборотлар корхоналар фаолияти самарадорлигини, мулкий ва молиявий ҳолатини, улар мустақиллиги ва тўлов қобилиятини баҳолаш ҳамда бу кўрсаткичларни яхшилаш бўйича тегишли қарорларни қабул қилиш учун зарурдир.
Учинчидан, бухгалтерия томонидан юритиладиган бошқарув ҳисобида асосан бошқарув характеридаги ва унинг учун ўта зарур бўлган ахборотлар шакллантирилади. Бухгалтерия ҳисобининг ушбу қисмида Бухгалтерия ҳисобидан фарқли ўлароқ нафақат пул бирлигидаги, балки натурал ва меҳнат ўлчов бирликларида ҳам ифодаланган ахборотлар шакллантирилади. Чунончи, бухгалтерия томонидан юритиладиган бошқарув ҳисобида олинган даромадлар, харажатлар, якуний молиявий натижалар тўғрисидаги ахборотларнинг тафсилоти, ишлаб чиқилган ва сотилган маҳсулотларнинг сони, сифати, харидоргирлиги, таннархи, сотиш баҳоси, меҳнат унумдорлиги ва бошқалар ҳар бир сегмент, объект, субъект бўйича ўз аксини топади. Бинобарин, бундай ахборотлар фақат ички аҳамиятга молик бўлади ва корхона раҳбарияти учун ҳар бир фаолият самарадорлигини оширишнинг ички резервларни излаб топишда, уларга оид тезкор бошқарув қарорларини қабул қилишда ишлатилади.
Шундай қилиб, қоридагилардан келиб чиқиб, бухгалтерия томонидан юритиладиган Бухгалтерия ҳисоби ҳамда бошқарув ҳисобига қуйидагича таърифларни бериш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |